Жамият
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида 10–25 сентябрь кунлари бўлиб ўтаётган UNESCO Умумжаҳон мероси қўмитасининг 45-кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон иштирокидаги «Мўътадил минтақадаги Турон чўллари» трансчегаравий табиат объекти UNESCOнинг Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, трансноминация досеси лойиҳасини ишлаб чиқиш 2020 йил бошида Марказий Осиё чўл ташаббуси (Central Asian Desert Initiative — CADI) лойиҳаси доирасида Экология вазирлиги кўмагида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Греифсвалд университети (Германия), Майкл Сукков жамғармаси (Германия), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда бошланганди.
«Бу экотизим ўзининг ноёблигига қарамай, ҳалигача UNESCOнинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилмаганди. Бундай номинациянинг уч давлат томонидан тайёрланиши минтақавий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлди», — деди Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов.
Бу объектни UNESCO рўйхатига қўшиш масаласи Ўзбекистон президентининг 2023 йил 31 майдаги қарорида кўзда тутилганди.
Қозоғистон ва Туркманистон Республикалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу номзодноманинг Ўзбекистонга тегишли қисми Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тайёрланган.
«Мўътадил минтақадаги Турон чўллари» Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилган Ўзбекистон қатнашган иккинчи объект ҳисобланади. 2016 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокидаги «Ғарбий Тян-Шан» объекти ушбу рўйхатдан ўрин олган.
Янги объект UNESCO рўйхатидаги мўътадил чўллар тоифасига кирадиган биринчи объект ҳисобланади. Ҳудуднинг Ўзбекистонга доир қисми Оролбўйи минтақаси ва Устюрт платоси ҳудудларида жойлашган 2 миллион гектардан ортиқ ҳудудни эгаллаган бир-бирига чегарадош бешта таркибий қисм — Сайгачи, Сайгачи-Белеули, Сайгачи-Дуана, Сайгачи-Жидейли (барчаси Шимолий Устюрт кластерига киради) ҳамда Жанубий Устюртдан иборат.
Таъкидланишича, «Мўътадил минтақадаги Турон чўллари»нинг UNESCO рўйхатига киритилиши ҳудуднинг 1972 йилги Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси муҳофазасида бўлишини тақозо этади. Бундан ташқари, объектларни самарали бошқариш, улардаги флора ва фаунани сақлаш ва илгари суриш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиш, татбиқ қилиш борасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга кенг йўл очади.
Бундан аввал Буюк Ипак йўли Зарафшон—Қорақум йўлаги UNESCOнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилгани ҳақида хабар берилган эди.
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Маданият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ