Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда АҚШ Президенти Жозеф Байден билан учрашди

Сақлаш
15:00 / 20.09.2023 932 0

19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси тадбирлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден билан учрашуви бўлиб ўтди.

Икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. АҚШ Президенти мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳамда Янги Ўзбекистонда амалда оширилаётган ва муқаррар тус солган ислоҳотлар сиёсатини қатъий қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

АҚШнинг етакчи компания ва банклари билан амалий ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суришга тўхталиб ўтилди.

Ишбилармонлар билан ўтказилган икки томонлама учрашувлар ҳамда давлатимиз раҳбарининг АҚШга ташрифидан олдин ўтган бизнес форуми якунлари мамнуният билан қайд этилди.

Инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик соҳаларида ҳамда инсон фаровонлигини таъминлашнинг бошқа йўналишларида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

 

 

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташриф дастурига мувофиқ 19 сентябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1» форматидаги биринчи саммитида ҳам иштирок этди.

Тадбирда, шунингдек, Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов қатнашди.

Учрашув кун тартибига мувофиқ, савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтириш истиқболлари, “яшил” тараққиёт, энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш, минтақавий хавфсизлик, терроризм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Саммитда саккиз йил муқаддам Самарқанд шаҳрида ташкил этилган “C5+1» формати Марказий Осиё давлатлари ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги очиқ ва конструктив мулоқот, барча соҳаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим майдонга айлангани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё минтақасида дўстлик, ўзаро англашув ва шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани, бу кенг ҳамкорлик учун янги ва ноёб имкониятлар яратаётганини юксак баҳолади.

Савдо-инвестициявий фаолиятни кучайтириш, лойиҳавий ҳамкорликни йўлга қўйиш, минтақада транспорт йўлакларини ривожлантириш, “яшил” кун тартибини илгари суриш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш, таълим дастурларини кенгайтириш, Афғонистондаги вазиятнинг тинч йўл билан ҳал этилишига кўмаклашиш каби бутун минтақа ривожи учун стратегик аҳамиятга эга устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилди.

Учрашув якунида минтақа мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги ўзаро англашувни янада чуқурлаштириш ва амалий шерикликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//