Ўзбекистон президенти Душанбе ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида қатнашади

Сақлаш
20:03 / 13.09.2023 1205 0

Шавкат Мирзиёев 14−15 сентябрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги, бешинчи Маслаҳат учрашуви ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитида иштирок этади.

Давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, Душанбедаги бўлажак саммитда президент қатор муҳим ва долзарб таклиф ва ташаббуслар билан иштирок этиши кутилмоқда. Минтақада савдо-иқтисодий, транспорт-логистика алоқаларини, “яшил” иқтисодиёт ва энергетика, сув ва экология соҳаларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларига қарши биргаликда курашиш каби масалалар юзасидан ўз нуқтаи-назарини баён қилади.

Учрашуви доирасида 12 та қўшимча тадбир — иқтисодий форум, олимлар форуми, фаол аёллар учрашуви, маданий дастур ва беш мамлакат миллий таомлари кўргазмаси ўтказилиши ҳам режалаштирилган. 13 сентябрь куни саммит доирасида минтақанинг беш мамлакатининг транспорт вазирлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтади.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси 2017 йилда Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилганди. Аввалги саммит 2022 йилнинг июлида Қирғизистонда бўлиб ўтганди.

Оролни қутқариш халқаро жамғармасини таъсис этувчи давлатлар раҳбарлари Кенгашининг мажлиси пандемия сабабли танаффусдан кейин беш йил деганда биринчи марта ўтказиляпти. Саммит охирги марта Туркманистонда 2018 йилда бўлиб ўтганди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг келаси ҳафтада АҚШга ташриф буюриши хабар қилинганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//