Ўзбекистонда судьяликка талабгорлар иншо синовларида 0 балл олгани бўйича изоҳ берилди

Сақлаш
17:02 / 31.08.2023 2227 0

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига кириш синовларида айрим талабгорларга 0 балл қўйилгани ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Судьялар олий кенгаши мазкур ҳолатга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига кириш синовларини топшираётганлар, кўпгина хабарларда урғу берилаётгани каби “судьяликка номзод”лар эмас, балки талабгор ҳисобланади.

Талабгорнинг “судьяликка номзод” бўлиши учун кириш синовларидан муваффақиятли ўтиб, Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси тингловчиси бўлиши ва судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсини муваффақиятли битириши шарт.

Яъни, шу босқичлардан ўтган мутахассисгина “судьяликка номзод” бўлиши мумкин. Номзод Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказиладиган бўш судьялик лавозимлари учун очиқ танловда иштирок этиши керак.

 

“Кириш синовларининг иншо босқичида 50 тадан ортиқ мавзулар ичидан 3 таси талабгорлар томонидан ёпиқ конвертлар орасидан таваккалчилик асосида танлаб олиниши ҳақида илгари ҳам маълумот берилганди. Шунингдек, танлаб олинган мавзулар бўйича ёзилган иншо дафтарларининг муқоваси олиниб, биринчи варағига махсус шифр қўйилган ҳолда (шу тариқа талабгорлар шахссизлантирилади, бундан мақсад холисликни таъминлаш, турли шубҳа ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олишдир) махсус баҳоловчи комиссияга топширилиши, иншо ёзилган дафтар варақларига (муқовасига эмас) талабгор ўз исми-шарифини ёзиши ёки бирор бир кўзга яққол ташланадиган белги қўйиши мумкин эмаслиги ҳам айтилиб, акс ҳолда, “0” балл қўйилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Бахтга қарши, кириш синовларининг айни шу босқичида 8 нафар талабгорга (уларнинг бир нафари иншо дафтарини топширмай, ўзи билан олиб кетган!), жорий тартибларга риоя қилмагани учун, “0” балл қўйилди”, дейилади муносабатда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//