Адлия вазирлиги: “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” демократик партияси учун йиғилган имзолар уни рўйхатдан ўтказиш учун етарли бўлмади

Сақлаш
23:01 / 16.08.2023 841 0

Адлия вазирлиги фуқароларнинг имзоси етарли бўлмагани учун “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

 

Қайд этилишича, Адлия вазирлигига 2023 йил 14 ва 17 июль кунлари “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги такрорий аризалар ва фуқароларнинг имзолари келиб тушган.

Ариза ва тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижасига кўра, партияни қуйидаги асослар бўйича рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

“Сиёсий партиялар тўғрисида«ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, сиёсий партияни тузиш учун камида саккизта ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида 20 000 фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.

Бироқ, вазирликка 2023 йил 14 июлда тақдим этилган аризага илова қилинган рўйхатда 9 828 та фуқаролар имзолари мавжуд бўлиб, ҳужжатларни ўрганиш жараёнида партияга бирлашиш истагини билдирган фуқаролар рўйхатига қуйидагилар киритилганлиги маълум бўлди:

– сиёсий партия таъсис конференцияси ўтказилгунгача вафот этган
10 нафар шахс;

– 13 нафар вояга етмаган шахс;

– маҳаллаларни асфальтлаш, коммуникация тизимларини янгилашга маблағ олиш мақсадида “Очиқ бюджет” лойиҳасига овоз бериш учун деб хато имзо қўйган ва кейинчалик ушбу имзоларини қайтариб олган 1 157 нафар шахс;

– шахсга доир маълумотлар мавжуд эмаслиги сабабли шахси аниқланмаган 1 190 нафар шахс;

– имзолари қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган электрон шаклда олинган 5 816 нафар шахс;

Маълумот учун. Ушбу электрон шаклда олинган имзолардан мингдан ортиқ имзоси вазирликка муқаддам тақдим этилган имзолар рўйхатида мавжудлиги маълум бўлди;

– партия тузиш учун хоҳиш билдирмаган ва ҳеч қандай имзо қўймаган
359 нафар шахс;

– суд тартибида муомалага лаёқатсиз деб топилган 22 нафар шахс;

– Ўзбекистонда яшамаётган 137 нафар шахс;

– 2023 йил 15 майда вазирликка партияни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган имзолар рўйхатида мавжуд бўлган 46 нафар шахс (такрорий).

Шунингдек, 2023 йил 17 июлдаги 1 388 та фуқаролар имзолари “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” демократик партияси ташкилий қўмитасининг 3 ойлик фаолият кўрсатиш муддати тугаганидан кейин тақдим этилган.

“Жорий йилнинг 16 апрелида ташкил этилган партиянинг ташкилий қўмитаси томонидан унинг фаолият кўрсатиш муддати давомида вазирликка тақдим этилган имзоси қонунчиликка мувофиқ ва ўз хоҳиши билан партияга бирлашиш истагини билдирган фуқароларнинг жами имзолари сони 2 517 тани ташкил этди.

“Сиёсий партиялар тўғрисида«ги Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, сиёсий партияни рўйхатга олишни рад этиш устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин”, дейилади вазирлик тарқатган хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//