Навоий ва Қашқадарёда ҳоким ёрдамчилари имтиёзли кредитларни ноқонуний ўзлаштиришга шерик бўлгани аниқланди

Сақлаш
01:17 / 08.08.2023 1084 0

Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

 

Қайд этилишича, департаментнинг Музработ туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда “Х.V.” хусусий фирмаси раҳбари О.Х. тижорат банки филиалидан ажратилган кредит маблағлари эвазига сотиб олинган 2 дона Синотрук Ҳоwо русумли цемент ташувчи транспорт воситасини гаровга қўймасдан бошқа шахсларга сотиб юбориб, жами 1,7 миллиард сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

 

Шу каби, департаментнинг Хатирчи туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширишда “А.Б.”, “Ф.”, “Э.М.”, “А.Б.”, “Н.Н.”, “А.Г.”, “Э.Г.” МЧЖларнинг масъул шахслари “Самарқанд” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Ш.И. билан ўзаро тил бириктириб, тижорат банки филиалидан 17 нафар фуқарога оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, фуқароларга маҳсулотларни етказиб бермасдан, жами 526,6 миллион сўмни МЧЖларга ўтказиш орқали нақдлаштириб олгани аниқланган.

 

Департаментнинг Чироқчи туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса фуқаро Ш.Х. “Зарбдор”, “Олмазор” ва “Қаҳрамон” МФЙ бўйича ҳоким ёрдамчилари билан ўзаро тил бириктириб, тижорат банки филиалидан 7 нафар фуқарога иссиқхона қуриш учун имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, фуқароларга иссиқхона қуриб бермасдан сохта далолатномалар тузиш орқали жами 243,9 миллион сўмни ўғли Л.А.нинг номига ташкил этган таъминотчи “Д.М.” МЧЖга ўтказиш орқали нақдлаштириб олгани маълум бўлган.

 

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//