Юрагимиз герб шаклида – Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг 31 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланди

Сақлаш
01:24 / 04.07.2023 1164 0

Июнь-июль ойларидаги кетма-кет айёмлар эстафетасини Давлат гербининг 31 йиллиги якунлаб берди. Миллий ғуруримизнинг ёрлиғи шарафига Республикамизнинг турли бурчакларида қизғин тадбирлар ташкил этилди.

Юртимиз харитасини очамиз ва водий томонлардан келамиз.
 

“Ўзбекистон – барчамиз учун ягона Ватан, ягона қалбдир!” шиори остида ўтказилган Фарғона вилоятидаги маданий-маърифий тадбирлар марказий кўчалардаги “Ватанпарвар автокарвони”дан бошланиб Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройи хиёбонидаги байрам тантаналари билан якунланди. Концертда ижро этилган ватан ва тинчликни мадҳ этувчи қўшиқлар фарғоналик юртдошларимизга хушнудлик улашди.
 

 

Худди шу шиор остидаги маданий-маърифий тадбирлар Наманган вилоятида ҳам бўлиб ўтди. “Ватанпарвар автокарвони”дан сўнг мусиқий тантаналар “Уч фаввора” хиёбонида давом этди. Дастурдаги жанговар кўргазмали чиқишлар ва ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар томошабинларга ҳақиқий байрамона кайфиятни тақдим этди.


 

Водий довонини ошгандан сўнг тарихий ҳудудларимизга ҳам бир разм солайлик. “Ватанпарвар” ташкилотининг Самарқанд вилояти кенгаши ҳам анъанавий автокарвонга эътибор қаратди. Вилоят марказий кўчаларидаги тантанавор намойишлар бевосита ватанпарварликнинг таъсирчан тарғиботига айланди.
 

Бухоро вилоятида эса давлат рамзи тантаналари янада кенг миқёсда ўтказилди. Вилоятнинг маъмурий марказидаги байрамона автокарвон Абу Али ибн Сино номидаги фавворалар майдонида ташкил этилган тадбирга уланди. Тадбирга кенг жамоатчилик –  таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъат ва маданият намояндалари, Мудофаа ишлари бошқармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят ҳамда шаҳар бўлимлари, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар жамланди. Шунингдек, анъанавий шиор остида бухороликлар ва вилоят меҳмонларига Давлат герби туширилган шараф тасмалари тақилди ҳамда ҳештег остида челленж ҳам ўтказилди.



“Ўзбекистон – барчамиз учун ягона Ватан, ягона қалбдир!” шиори остидаги тадбирлар Вобкент туман бўлинмаси туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими билан ҳамкорликда 1-умумтаълим мактаби фаоллар залида ҳам бўлиб ўтди. Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари томонидан тайёрланган бадиий намойишлар, шеър ва мусиқий чиқишлар тадбир иштирокчиларини хурсанд қилди.
 



Когон шаҳар ҳудудидаги ҳарбий қисмда эса “Давлат герби – ифтихоримиз!” мавзусида ватанпарварлик маънавий-маърифий тадбири ташкил этилди.





Бизда навбатдаги манзил Сурхондарё вилояти. Аввалига Термиз шаҳар кўчалари бўйлаб автомобилларга гербимиз тасвири тушурилган тасмалар ёпиштирилиб, аҳоли орасида кенг тарғибот ишлари олиб борилди.

 


Анъанавий шиор остидаги маданий-маърифий тадбир Термиз шаҳридаги “Болажон” истироҳат боғида бўлиб ўтди. Тадбир доирасида ёшлар ўртасида “Рангларда акс этган Ватан туйғуси” мавзусида расмлар танлови ҳам ташкил қилинди ва фаол иштирокчиларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
 

 

Пойтахт томон йўл оламиз. Қарши бўлмасангиз, йўл-йўлакай Сирдарё вилоятига тўхтаб ўтамиз. Чунки бу ҳудуддаги “Давлатимиз рамзлари – фахримиз, ғуруримиз!” шиори остида ўтказилган автокарвон давлат телеканаллари эътиборини тортди. Автокарвонда 100 дан ортиқ автомобиллар иштирок этди ва сирдарёликларга ҳақиқий байрам шукуҳини тақдим этди.
 

Умуман, “Ватанпарвар” автокарвонлари республикамизнинг деярли барча вилоятларидаги марказий кўчаларни забт этди. 
 

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Оқтош” болалар оромгоҳида “Давлат гербида – Ватан тимсоли” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирни ҳам эътибордан четда қолдирмаймиз. Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Марказнинг Тошкент вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил этилган тадбир доирасида “Гербимиз – фахримиз ва ифтихоримиз" мавзусида иншолар танлови, “Ватан тимсоли – ранглар жилосида” мавзусида расмлар танлови ҳам ўтказилди. Танлов ғолибларига ўқув қуроллари ва китоблар жамланмаси тақдим этилди. Ўтказилган тадбир ёшлар байрами билан уйғунлашиб кетди.
 


Ниҳоят, тантаналар финали Халқлар дўстлиги майдонида бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, таниқли шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат номояндалари, спортчилар, ҳарбийлар, Миллий гвардия отлиқ қисмлари, фаол ёшлар, ОАВ вакиллари ва кенг аҳоли иштирок этди.



Тантанали байрам тадбирини Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо очиб берди. Сўнгра Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Рустам Мусурмон, “Ўзбекистон ифтихори”, жаҳон чемпиони Баҳодир Жалоловлар сўзга чиқди.



Ватанни, миллий рамзларимизни тараннум этувчи таниқли санъаткорлар ижросидаги қўшиқлар, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ҳарбийлари иштирокидаги кўргазмали чиқишлар тантанага янада файз киритди. Айниқса, тадбир ниҳоясида очиқ осмон узра намойиш этилган байрамона дрон-шоу  пойтахтликлар ва пойтахт меҳмонларига мўжизавий руҳият улашди.



Тантаналар таъсирида юртдошларимиздаги ватанпарварлик ҳиссиёти янада жўш урди. Шоир Рустам Мусурмон айтганидек, аслида бизнинг юрагимиз герб шаклида... Биз давлат рамзларимиз билан ғурурланамиз.

Сирожиддин РУСТАМОВ,
Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//