Сенат давлат байроғидан фойдаланиш билан боғлиқ қонунни маъқуллади

Сақлаш
22:23 / 23.06.2023 1995 0

Сенатнинг 42-ялпи мажлисида Сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун муҳокама қилинди. Мазкур қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси асосида ҳозирги замон воқеликларини, фуқароларнинг таклифлари ва талаб-истакларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

 

Таъкидланишича, бугунги кунда маданият, спорт ва илм-фан соҳаларида катта ғалабаларга эришилиб, давлат байроғи жаҳон узра баланд кўтарилаётганини инобатга олиб, ундан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтириш эҳтиёжи юзага келган. Шу эҳтиёждан келиб чиқиб, амалдаги қонун бир нечта янги нормалар билан тўлдирилмоқда.

 

Хусусан, қонун билан давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия ва маданий тадбирларда, расмий халқаро тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарини нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчиларнинг дафн маросимларида ҳамда бошқа ҳолларда ҳурматни таъминлаган ҳолда байроқдан фойдаланиш мумкинлигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти.

 

Шунингдек, байроқ тасвири туширилган белгилардан фойдаланишда ҳам аҳолига кенг имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, байроқдан жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт воситаларининг салонида, расмий халқаро тадбирларда, ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахсларнинг кийим-бошида ва фарқловчи нишонларида, халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийим-бошини тайёрлашда фойдаланиш мумкинлиги назарда тутиляпти.

 

Бундан ташқари, байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда ёхуд уларни таҳқирлаш ҳисобланадиган бошқача тарзда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

 

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//