Ўзбекистон Президенти ва Қатар Амири икки томонлама ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишга келишиб олдилар

Сақлаш
20:04 / 06.06.2023 943 0

Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва давлат ташрифи билан мамлакатда бўлиб турган Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг музокаралари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

 

Учрашувда сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди.

 

Дипломатик муносабатлар тарихида биринчиси бўлган ушбу олий даражадаги ташриф икки томонлама ҳамкорликда янги босқични бошлаб бериши ҳамда уни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилиши қайд этилди.

 

қатар

 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қатарни нафақат Яқин Шарқ минтақасида, балки бутун араб-мусулмон оламида ўзининг истиқболли ҳамкори сифатида билишини айтиб, мулоқотлар боис муносабатларда катта силжиш кузатилаётганини таъкидлади.

 

Тошкентда Қатар элчихонаси очилгани икки томонлама ҳамкорликни фаол илгари суришда муҳим ўрин тутгани таъкидланди. Қатар томони Доҳада Ўзбекистон элчихонаси очилиши ушбу жараёнга кучли суръат бағишлашига ишонч билдирди.

 

Томонлар ўзаро савдо кўрсаткичларини ошириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга оширишга тайёр экани таъкидланди.

 

қатар

 

Қатарнинг етакчи компаниялари энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиши юзасидан келишувга эришилди.

 

Лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида шу йил сентябрь ойида Ўзбекистон-Қатар инвестиция форумини ўтказиш ҳамда қўшма лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини яратиш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.

 

Давлат раҳбарлари Марказий Осиёни Кўрфаз мамлакатлари билан боғлайдиган энг қисқа, ишончли ва хавфсиз йўлакларни шакллантириш муҳимлигини қайд этди.

 

Маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, шу жумладан, биргаликда маданият кунлари, концерт дастурлари, кўргазмалар, ҳунармандчилик ва пазандачилик намойишларини ўтказишга келишиб олинди.

 

Мамлакатлар пойтахтлари ўртасида йўлга қўйилиши режалаштирилаётган мунтазам авиақатновлар ишбилармонлик алоқалари ва ўзаро сайёҳлар оқимининг ортишига хизмат қилиши таъкидланди.

 

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Томонлар Афғонистонга нисбатан прагматик сиёсат юритилиши, мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш ва афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатилиши муҳимлигини таъкидлади.

 

Трансафғон темирйўлини барпо этиш бўйича стратегик лойиҳани амалга оширишни биргаликда илгари суриш истиқболлари кўриб чиқилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//