Шавкат Мирзиёев июнь ойида Қирғизистонга ташриф буюриши мумкин

Сақлаш
19:53 / 30.05.2023 947 0

Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида 2 июнь куни президент Садир Жапаров раислигида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” иккинчи саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қирғизистон давлат раҳбари матбуот хизматига таяниб, “Кун” нашри ёзмоқда.

 

Қирғизистон томонининг хабар беришича, саммитда Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон ва Туркманистон вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов иштирок этади.

 

Икки минтақа ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинади, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар ҳамда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилади.

 

Бундан ташқари, президент Садир Жапаров делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.

 

Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг аввалги, биринчи саммити 2022 йил 27 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган эди. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев глобал ва минтақавий вазият Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги интеграцияни янада фаолроқ қўллаб-қувватлашини талаб қилишини таъкидлади. Шунингдек, у ушбу формат доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича стратегик дастур ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//