АСЛИДА ҲАР ҚАНДАЙ ЛИБОС АВВАЛО МАДАНИЯТ ВА МАЪНАВИЯТ ТИМСОЛИ ҲИСОБЛАНАДИ

Сақлаш
04:19 / 20.05.2023 2088 0

Биздаги маълумотларга кўра, “Uzbekistan Fashion Week” халқаро модалар тадбирида 5 хорижий давлат – Марокаш, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия Федерациясидан меҳмонлар ташриф буюриши кўзда тутилган. Аммо, халқимиз томонидан ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган бир қатор “модалар коллекциялари” мазкур ҳафталик маъно-мазмуни билан етарли даражада шуғулланилмаганлигини кўрсатмоқда.  

Биз юксак маънавиятли, маданиятли халқмиз. Ана шу маънода ҳам дунёдаги турли миллат, эл-элатларнинг маданияти, анъаналарига ҳурмат билан қараймиз. Лекин ўзга маданиятлар қадриятларимизни беҳурмат қилмаслиги, фарзандларимиз маънавий-руҳий тарбиясига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак. Ана шу маънода бундай кўргазмаларни Ўзбекистонда ташкил қилишда миллатимизнинг маънавий-ахлоқий қадриятларини ҳисобга олиш лозим. Аслида ҳар қандай либос аввало маълум халқ маданияти ва маънавияти тимсоли ҳисобланади.

 “Uzbekistan Fashion Week” деб номланган мода ҳафталигида саҳнадаги айрим йигитларнинг шарқ эркаклари ор-номусига зид равишдаги “либос”ларда чиқиши, баъзи кўйлакларда аллақачон ўтмишга айланган, “мурда”си чириб битган собиқ шўро давлатининг қон рангидаги байроғини ташвиқ қилинаётгани кишини хушёр торттиради.    

 Шуни ёдда тутишимиз керакки, гоҳида маданий ёки кўнгилочар тадбирлардаги айрим қатнашчиларнинг чиқишлари моҳиятида ҳам инсон қалби ва онгини эгаллашга қаратилган муайян мақсадлар туриши мумкин.  

 Ана шуларни ҳисобга олиб мамлакатимизда оммавий тадбирлар, хусусан мана шундай халқаро хафталикларни ташкил этиш тартиб қоидалари ва мезонларини жиддий кўриб чиқиш, зарур ҳолларда қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази Матбуот хизмати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//