Энергетика ривожи аҳоли ўсишидан ортда қолмоқда – Шавкат Мирзиёев Хитойдаги саммитда энергетика муаммолари ҳақида гапирди

Сақлаш
22:04 / 19.05.2023 2032 0

Шавкат Мирзиёев Сиань шаҳрида «Марказий Осиё — Хитой» биринчи саммитида иштирок этмоқда. Президент Матбуот хизмати Ўзбекистон раҳбари минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сургани ҳақида хабар берди.

 

Президент саммитдаги нутқида савдо, инвестициялар, транспорт, гуманитар алоқалар, шу билан бирга, келгуси ўн йилликларга мўлжалланган кўп қиррали ҳамкорликни ишлаб чиқишнинг муҳимлиги ҳақида сўзлади.

 

 

“Менимча, мамлакатларимизда етакчи “ақл марказлари”нинг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Таҳлил институтлари, олим ва мутахассислар стратегик ёндашувлар, комплекс тавсия ва қарорлар, минтақавий ва глобал миқёсда туб бурилиш ясайдиган лойиҳаларни ишлаб чиқиши лозим. Келгуси йил Самарқандда миллий стратегияларимизни уйғунлаштириш масалалари бўйича биринчи Халқаро экспертлар конференциясини ўтказишга ва мунозара майдонини тақдим этишга тайёрмиз”, деди Президент.

 

 

Ўз нутқида Ш.Мирзиёев аҳоли турмуш тарзини яхшилашда Хитойнинг илғор тажрибасидан фаол фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.

 

 

“Биз кеча муҳтарам Хитой Халқ Республикасининг Раиси билан Глобал тараққиёт ташаббусларининг бош мақсадига эришиш учун биргаликдаги ишларимизни давом эттиришга келишиб олдик. Ишончим комил, аҳоли ҳаёт даражасини ошириш ва ҳудудларни, энг аввало, қишлоқ туманларини ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган қўшма дастурни қабул қилиш ва амалга ошириш халқларимиз томонидан қўллаб-қувватланади ҳамда бу 2030 йилгача бўлган Кун тартибидаги мақсадларга эришиш йўлида умумий ҳиссамиз бўлади”.

 

Қулай шарт-шароитлар ва зарурий ҳуқуқий базани шакллантириш учун Ўзаро савдога кўмаклашиш ва инвестицияларни рағбатлантириш тўғрисида кўп томонлама битимни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф этилди.

 

Саноат кооперациясини чуқурлаштириш, рақамли технологияларни жалб этиш ва инновацияларни, айниқса, қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш масалалари Хитойнинг провинциялари билан тўғридан-тўғри ҳудудлараро мулоқотлар доирасида самарали ҳал этилиши мумкин.

 

Транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича миллий дастурларнинг уйғунлигини таъминлаш ва шу асосда узоқ муддатга мўлжалланган ягона стратегияни ишлаб чиқишни биринчи галдаги вазифа, деб таъкидланди.

 

Иқлим ўзгариши ва “яшил энергетика” бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

 

“Афсуски, Марказий Осиёдаги энергетика инфратузилмаларини ривожлантириш суръатлари саноатлашиш ва урбанизация жараёнларидан, шунингдек, аҳоли ўсишидан ортда қолмоқда. Бу эса мамлакатларимизнинг узоқ муддатли барқарор тараққиёти учун чиндан ҳам жиддий таҳдиддир.

 

Хитойнинг қуёш, шамол ва гидро-энергетика, шунингдек, лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг молиявий воситалари соҳасида технологик жиҳатдан етакчи эканини ҳисобга олиб, муқобил энергетика бўйича яқин илмий-амалий шерикликни кенгайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз”, деди Президент.

 

Саммит тадбирлари якунлангандан сўнг, мамлакатларнинг дўстлиги, яхши қўшничилиги рамзи сифатида биргаликда дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//