Фурқат Сиддиқов Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси сифатида иш бошлади

Сақлаш
15:44 / 04.04.2023 954 0

Фурқат Сиддиқов Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатлардаги элчиси сифатида фаолиятини бошлади. Бу ҳақда унинг ўзи Twitter саҳифасида маълум қилди.

 

«Бугун элчи, протокол бошлиғи Руфус Гиффорд билан учрашдим ва ишонч ёрлиқлари нусхасини тақдим этдим. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ йиллик мустаҳкам икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштириш йўллари юзасидан самарали суҳбат ўтказдик», — дейди Сиддиқов.

 

Эслатиб ўтамиз, 3 март куни Олий Мажлис Сенати Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимига Фурқат Сиддиқов номзодини маъқуллаганди.

 

Фурқат Сиддиқов 1971 йил 7 февралда Тошкентда туғилган. 1993 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. UzDaewoo Electronics QKда бош мутахассис (1993−1995), Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институтида ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим (1995−2002, 2007−2011) лавозимларида ишлаган.

 

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида атташе (2002−2007), ушбу элчихонанинг биринчи котиби (2011−2015), Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси (2015−2020) лавозимларида ишлаган.

 

Фурқат Сиддиқов 2020 йил майда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлган, 2022 йил ноябридан ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

 

2017 йилдан буён Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик миссиясини Жавлон Ваҳобов бошқариб келаётганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//