20 минг одамни бирлаштирсин, ҳеч қандай масала йўқ – Адлия вазири Ўзбекистонда янги партия тузиш ташаббуслари ҳақида 

Сақлаш
17:03 / 30.03.2023 820 0

Сўнгги вақтларда бир неча фаоллар янги партиялар тузиш бўйича ташаббуслар билан чиқмоқда. Бироқ керакли миқдордаги овозни тўплашда муаммолар юзага келмоқда. Солиштириб кўрилганида, бошқа давлатларда овозлар сони нисбатан камроқ белгиланган. Хўш, Адлия вазирлиги кузатилаётган муаммоларни инобатга олган ҳолда, мазкур талабни қайта кўриб чиқишни режалаштирмаяптими? 20 минг овоз йиғиш талаби юридик тўсиқ эмасми? Вазир бу масалага қандай муносабатда?



Oyina.uz мухбири Шаҳноза Тўрамуродованинг мазкур саволига Адлия вазири Акбар Тошқулов эътироз билдирди. Унинг қайд этишича, мазкур талаб тўғри ва вазирликка янги партия тузиш юзасидан ҳеч қандай сўров келиб тушмаган.



«Бизнинг нуқтаи назаримизга кўра, 20 минг кўп эмас. Бу аҳолининг неча фоизини ташкил қилади? Ҳозир аҳоли 36 миллион киши бўлса, бу 1 фоизга ҳам етмайди. Бу жуда кам, бу «нормални» демоқчиман. Бошқа давлатларнинг ҳам тажрибасини ўрганганмиз. Уларда ҳам бизникидан кескин фарқ қилмайди. Тасаввур қилинг, ҳар 5000 ёки 10 000 одам партия очаверса, қанча партия бўлиб кетади? Янги партиялар сайлов вароғига ҳам етмайди. Шунинг учун бундай «баръер»лар бор.



Чунки партия кўпчилик аҳолининг манфаатини ифода қиладиган, кўпчиликнинг сиёсий-ҳуқуқий қарашларини кўрсатадиган ташкилотдир. Шу сабаб бутун дунёда мана шунақа сон бўйича чекловлар бор», деди вазир.



Вазирнинг сўзларига кўра, партияни рўйхатдан ўтказиш учун саккизта вилоятдан овоз йиғиш кифоя, бошқа муаммо мавжуд эмас. Бироқ шу кунгача вазирликка янги партия тузиш борасида бирон ҳужжат келиб тушмаган.



«Қонунчиликдаги тартиб ва талабларга жавоб берсин, қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши мумкин. Ўзи жамиятимизда ҳам, одамларнинг ўртасида ҳам бунақа [хоҳиш] йўқ-да. 20 минг одамни бирлаштирсин, ҳеч қандай масала йўқ. Уларнинг имзосини тўплаш керак. Имзолар қонуний бўлиши керак. Тўпласа олиб келсин, қонуний кўриб чиқилади», дейди Акбар Тошқулов.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси