Биз жуда катта тўфонга дуч келдик – Олий таълим, фан ва инновациялар вазири хорижий тилни билиш талаби ҳақида

Сақлаш
21:00 / 29.03.2023 742 0

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида Таълим-фан жамоатчилик кенгашининг илк йиғилиши ўтказилди. Унда олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ҳамда илм-фанга оид ислоҳотларга бефарқ бўлмаган ташаббускор фуқаролардан таркиб топган кенгаш аъзолари, кенгаш томонидан ташкил этилиши кутилаётган ишчи гуруҳлари ҳамда вазирлик Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.

 

Тадбир давомида вазир Иброҳим Абдураҳмонов сўзга чиқиб, кенгаш неча кишидан иборат эканлиги, асосий таркибга кимлар киргани ҳақида маълумот берди. Унга кўра, 1 200 нафарга яқин номзодлар ичидан 303 нафари танлаб олинган ҳамда уларнинг 17 нафари очиқ овоз бериш йўли орқали асосий таркибга сайланган.

 

«Биз тизимда яна 5-4 йил тажриба қилишдан йироқмиз. Шунинг учун 303 нафар мутахассислардан иборат бу «команда»дан умидимиз катта. Улар таклифлар тайёрласа ва Жамоатчилик кенгашимиз билан биргаликда муҳокама қилиб, лозим топилиб, вазирликка киритилса, биз таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритишимиз мумкин», деди Иброҳим Абдураҳмонов.

 

Шунингдек вазирнинг қайд этишича, мазкур кенгаш илмий йўналишда ҳам ўз танқид ва таклифларини билдириши лозим.

 

«Мазкур кенгаш фақатгина таълим йўналиши билан чекланиб қолмаслиги керак. Сабаби бизда илмий фаолият ҳам мавжуд. Биламиз, жуда кўп камчиликларимиз бор. Саволлар туғилмоқда илмий фаолиятни молиялаштириш қанчалик натижадор, деб. Танганинг икки тарафи бор. Натижадор қиламан деб маҳкам ушлаб ўтирсангиз, маблағ бермасангиз барибир бўлмайди. Лекин маблағ берсакда, эртага натижа бўлмаса, унга ҳам жавоб берасиз. Шуни олтин ўрталигини топиш жуда қийин. Натижа бир йилдаёқ бўлмаслигини ҳамма билади, тушунади. Лекин иқтисодий ва ривожланиш жиҳатидан тартиб-интизом бўлмаса, мақсад аниқ қўйилмаса бўлмайди. Лекин интизом талаб қиламан десангиз, бу ҳам хато. Ҳаммага бир хил интизом, бир хил тартиб тўғри келмайди. Шу сабаб олтин ўрталикни топишда Таълим-фан жамоатчилик кенгашининг ёрдами керак», деди у.

 

Иброҳим Абдураҳмонов сўнгги вақтларда муҳокамаларга сабаб бўлган магистратура ва докторантурага қабулда талаб қилинаётган хорижий тилни билиш сертификатига ҳам тўхталиб ўтди. Вазирнинг фикрича мазкур қарор тўп-тўғри, фақатгина механизм мавжуд эмас.

 

«Биз докторантларга хорижий тилни билиш талабини қўйдик. Хўш, бу қарор нотўғрими? Йўқ, бу қарор ҳақиқат. Бу талабни қўйишимиз керак эди. Лекин биз жуда ҳам катта тўфонга дуч келдик. Демак бу қарорни қандайдир механизмлар орқали амалга ошириш керак эди. Жамоамиз билан эндиликда бу каби ҳолатга эътиборли бўламиз», деди вазир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//