Профессор Қаҳрамон Ражабов бир йилда 8 та китоб нашр эттирди

Сақлаш
16:56 / 23.02.2023 1379 0

“Турон” кутубхонасида ЎзР ФА Тарих институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов ёзган ва у ҳақида ёзилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.



 “Фан” нашриётида ўтган йили олимнинг 8 та китоби: “Туркистон минтақасида совет режимига қарши истиқлолчилик ҳаракати ва моҳияти (1918–1935)”, “Ўзбекистон ССРда совет режимининг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари (1917–1991)”, “Иброҳимбек қўрбоши ва сафдошлари жасорати”, “Иброҳимбек қўрбоши”, “Туркистон қўрбошилари”, “Туркистонда совет ҳокимиятининг иқтисодий сиёсати ва очарчилик даҳшатлари (1917–1924)”, “Ўзбекистон ССРда совет давлатининг емирилиши ҳамда қайта қуриш сиёсатининг таназзули (1985–1991)”, “Туркистон тарихида ўтган 55 буюк сиймо (давлат арбоблари)” асари чоп этилди.



 

Профессорнинг 60 йиллик юбилейига бағишлаб нашр қилинган “Қаҳрамон Ражабов”, “Тарих илмининг қаҳрамони”, “Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг илмий мактаби”, “Қаҳрамон қасидаси” (Дилшод Ражаб), “Алп олимнинг мўъжизалари” (Эргаш Очилов) китоблари, шунингдек, 2021 ва 2022 йиллари “O‘zbekiston tarixi” журналида чиққан мақолалари ҳам тақдимотдан ўрин олди.



Тадбирда Тарих институти илмий ходимлари ва докторантлари, Халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Миллий университети, Бухоро давлат университети, Наманган давлат университети, Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-технология институти, “Турон” хусусий университети профессор-ўқитувчилари, фахрий устозлар, қатағон қилинган жадидлар ва қўрбошиларнинг фарзандлари ҳамда набиралари, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари иштирок этишди.



– Бир олим олтмиш йилда бунёд бўлади, деган гапнинг исботини профессор Қаҳрамон Ражабов мисолида кўриш мумкин, – деди “Фан” нашриёти директори, шоир Элёр Мурод. – Ўн йиллаб чекилган заҳматлар ҳисобига бугун шундай муҳташам илмий хирмон кўтарилганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ўтган йили олимнинг 8 та китоби чиққан бўлса, бу йил яна 20 дан ортиқ асарларини чоп этишни режалаштирганмиз.



 

Тадбирда Қаҳрамон Ражабовнинг илмий ва илмий-оммабоп монографиялар мазмуни ҳақида масъул муҳаррир ҳамда тақризчилар йиғилганларга маълумот беришди. Ушбу китобларни катта тиражда нашр этиш бўйича таклиф билдирилди.



Дилноза ЖАМОЛОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//