Ўзбекистон ва Миср «яшил» энергетика ва тўғридан тўғри авиақатновларни амалга оширишга келишиб олди

Сақлаш
14:12 / 22.02.2023 1001 0

Шавкат Мирзиёев ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси олий даражадаги музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакилларига баёнот берди, деб ёзади Президент матбуот хизмати.

 

Фото: Президент матбуот хизмати

 

Баёнот давомида Шавкат Мирзиёев кўҳна ва бетакрор Миср заминида Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган самимий қабул ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдирди. Миср раҳбарияти ва халқининг улкан ютуқлари Ўзбекистонни хурсанд қилаётганини айтди.

 

Бўлиб ўтган музокаралар чоғида етакчилар икки мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар — Янги Ўзбекистон стратегияси ва Мисрнинг «Янги Республика» дастури бир-бирига ҳамоҳанг экани, янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар уйғунлиги тўғрисида якдил фикр билдирилган.

 

«Биз биргаликда нафақат икки мамлакат ўртасида, балки стратегик жиҳатдан жуда муҳим бўлган минтақаларимиз орасида ҳам мустаҳкам ҳамкорлик кўпригини бунёд этишни мақсад қилганмиз», — дейди мамлака етакчиси.

 

Учрашувда давлат раҳбарлари сиёсий маслаҳатлашувларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларидаги кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш масалаларини атрофлича кўриб чиқилган.

 

Фото: Президент матбуот хизмати

 

Савдо-иқтисодий ҳамкорликда мавжуд улкан имкониятлар ва салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани алоҳида қайд этилди, шу муносабат билан савдони кўпайтириш учун амалий механизмлар ва самарали чораларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Биргаликда «яшил» энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, икки давлатни боғловчи мақбул транспорт йўналишларини ишлаб чиқиш, эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга келишиб олинди.

 

Давлат раҳбари яна бир бор Миср компаниялари мамлакатимизда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириши учун барча шароитлар яратилишини билдирди. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида фаол ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттиришга аҳдлашиб олинди. Етакчилар Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва ушбу мамлакат халқига кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни сусайтирмаслик зарурлиги таъкидланди.

 

Шавкат Мирзиёев нутқининг якунида Ўзбекистон—Миср саммитининг натижалари икки томонлама муносабатларни дўст халқларимиз фаровонлиги йўлида сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиши ва уларга узоқ муддатли руҳ бағишлашига қатъий ишонч билдирди.

 

Фото: Президент матбуот хизмати

 

Ўзбекистон Президентининг Мисрга расмий ташрифи доирасидаги тадбирлар якунланди, давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келди.

 

Фото: Президент матбуот хизмати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//