Ўзбекистонда 2022 йилда авариялар оқибатида қанча одам ҳалок бўлгани маълум қилинди

Сақлаш
16:02 / 07.02.2023 818 0

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ўз олдига 2023 йил давомида мамлакатда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари ва улардаги ўлим ҳолатларини камида 15 фоизга камайтириш вазифасини қўйди. Бу ҳақда департамент бошлиғи, ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев бошчилигида ўтказилган йиғилишда сўз борди, деб ёзади «Gazeta.uz» нашри.

 

ЙҲХХ маълум қилишича, 2022 йил давомида республика ҳудудида жами 9902 ЙТҲ содир этилган бўлиб, 2086 та ўлим билан боғлиқ ҳолатларда 2356 нафар фуқаролар вафот этган. Ҳодисаларнинг 7816 таси тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатларни ташкил этди. Уларда 9606 нафар фуқаролар жароҳатланган.

 

ЙТҲлар сони 2022 йилда ўтган 2021 йилга (10 001) нисбатан 99 тага ёки 1 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар (2021 йилда 2197 та) 111 тага ёки 5,1 фоизга, вафот этганлар (2021 йилда 2426 та) 70 нафарга ёки 2,9 фоизга камайган бўлса, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар (2021 йилда 7804) 12 тага ёки 0,2 фоизга, жароҳатланганлар эса (2021 йилда 9230) 376 нафарга ёки 3,9 фоизга ортган.

 

Ўтган йили ҳар 100 минг аҳолига 27,5 та, ҳар 10 минг автомашинага 23,7 та ЙТҲ тўғри келган. Ҳар 100 000 аҳолига нисбатан ўлим билан боғлиқ ЙТҲлар сони 5,8 тани, 10 000 та транспорт воситасига 5 тани, жароҳатлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар сони 100 000 аҳолига 20,7 тани, 10 000 та транспорт воситаларига 24,4 тани ташкил этди.

 

Йил бошида рўйхатга олинган транспорт воситалари сони 4 186 521 донага етди ёки 2022 йил бошига нисбатан 364 652 донага кўпайди.

 

Йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганларнинг катта қисми — 91,7 фоизи ёки 2161 нафари хавфсизлик камарини тақмаган бўлган, 8,3 фоизи ёки ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганларнинг 195 нафари хавфсизлик камарини таққан. Йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланганларнинг 66,9 фоизи, яъни 6426 нафари хавфсизлик камарини тақмаган бўлган, 33,1 фоизи ёки 3180 нафари хавфсизлик камарини таққан бўлган.

 

ЙТҲлар турлари бўйича энг кўп — 44,9 фоизи ёки 4449 таси пиёдалар билан боғлиқ, 31,2 фоизи ёки 3093 таси автомашиналар, 11,5 фоизи ёки 1136 таси велосипедлар иштирокида содир бўлган. ЙТҲларнинг 4,7 фоизи ёки 467 тасида автомобиллар ағдарилган, 4,3 фоизи ёки 428 таси тўсиқлар билан тўқнашган, 1,1 фоизи ёки 105 таси тўхтаб турган транспорт воситалари билан тўқнашган ва 2,3 фоизи ёки 224 таси бошқа вазиятлар билан боғлиқ.

 

Энг кўп ЙТҲлар — 76,1 фоизи ёки 7370 таси енгил автомобиллар иштирокида содир бўлган. ЙТҲларнинг 11,5 фоиз ёки 1136 таси велосипедлар билан, 9 фоизи ёки 1047 таси юк машиналари билан, 1,4 фоизи ёки 142 таси мототцикллар билан, 1,4 фоизи ёки 141 таси автобуслар билан, 0,4 фоизи ёки 43 таси от аравалари билан, 0,2 фоизи ёки 23 таси скутерлар билан содир этилган.

 

ЙТҲларнинг келиб чиқиш сабаби объектив ва субъектив ўрганилди. Объектив сабабларга кўра, ЙТҲлар 1017 та ҳолатда (10,3 фоиз) пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилмагани, 1302 та ҳолатда (13,1 фоиз) йўлни иккига ажратувчи тўсиқлар ўрнатилмагани, 1154 та ҳолатда (11,6 фоиз) пиёдалар ҳаракатини чекловчи тўсиқлар ўрнатилмагани, 408 ҳолатда (4,1 фоиз) йўл қопламаси носозлиги, 342 та ҳолатда (3,5 фоиз) велойўлаклар ташкил этилмагани, 214 та ҳолатда (2,2 фоиз) светофор ёки йўл белгиси ўрнатилмагани, 322 таси (3,3 фоизи) эса бошқа сабаблар туфайли содир бўлган.

 

Субъектив сабабларга кўра эса ЙТҲлар 1507 та ҳолатда (15,8 фоиз) белгиланган тезлик меъёрига амал қилмаслик, 1046 та ҳолатда (10,6) ҳайдовчининг тажрибасизлиги, 845 та ҳолатда (8,5 фоиз) светофор ва йўл белгиси талабига риоя қилмаслик, 493 та ҳолатда (5 фоизи) транспорт воситасини ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмасдан бошқариш, 299 та ҳолатда (3 фоиз) маст ҳолатда бошқариш, 540 та ҳолатда (5,5 фоиз) эса бошқа субъектив сабаблар туфайли содир бўлган.

 

ЙҲХХнинг қайд этишича, Фарғона, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида йўл-транспорт ҳодисалари сони ортган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси