
Жамият
Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали маҳаллий ҳокимият томонидан бутунлай вайрон қилинди. «Толибон» бу ҳаракат ҳукумат билан келишилмаганини айтиб, таассуф билдирди ва янги ёдгорлик ўрнатишга ваъда берди. 2023 йилдаёқ Навоийнинг бир неча ёдгорлигига зарар етган ва «Толибон» уларни тиклашини айтганди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ва ёдгорлиги бузилгани юзасидан муносабат билдирди.
Маҳаллий Amu.tv нашрининг ёзишича, бу ҳаракат мамлакатда келиб чиқиши туркий бўлган бир қатор таълим вакиллари ва сиёсатчиларни ғазаблантирган.
«Уларнинг айтишича, толиблар нафақат бошқа халқларнинг маънавий қадриятлари ва инсониятнинг тарихий шаънига беписандлик қилмоқда, балки мамлакатнинг маданий ва тарихий ўзига хослигини тозалаб ташламоқда ва камситмоқда», дейилади хабарда.
«20 август куни эълон қилинган қўшма баёнотда 20 та ташкилот вайронагарчилик ъхалқнинг умумий хотирасига ва Афғонистон умумий ўзига хослигининг бир қисмига очиқча ҳужумʼ эканини таъкидлади. Улар ЮНEСКО, халқаро маданият институтлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини Афғонистон меросини ҳимоя қилиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди», – деб ёзади Afghanistan International.
«Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмасди»
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон ҳукуматидан олган маълумотларига кўра, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмас эди, шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги боис ёдгорлик маҳаллий ҳокимият томонидан бузиб ташланган.
«Афғонистон вакиллари ёдгорликларни тиклаш ва умумий меросимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш чораларини кўришини маълум қилди», – дейилади ТИВ хабарида.
Таъкидланишича, бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда жамоатчилик билан келишилмаган, афғон тарафи ҳолат юзасидан таассуф билдирган.
Бундан ташқари, Афғонистон ҳукумати Навоий шарафига алоҳида ёдгорлик барпо этишга ваъда берди. Ҳудудни ободонлаштириш, шоир ҳаёти ва ижодига оид маълумотларни ўз ичига олган ёзувларни тиклаш ҳамда янги ёдгорлик барпо этиш, у жойлашган майдонга Навоий номи қўйилиши режалаштирилмоқда.
Қўшимча қилинишича, «Афғонистон томони бутун минтақа учун бирдек қадрли бўлган буюк мутафаккир хотирасини асраб-авайлаш борасидаги қатъий содиқлигини билдирган ҳолда унинг номини муносиб эъзозлаш учун барча зарур чораларни кўради».
Аслида Мозори Шарифдаги Алишер Навоий ҳайкали туширилган барелефга 2023 йилда зарар етказилганди. Унинг ўрнида оқ девор қолган, шунингдек, шоирнинг граффити услубидаги портрети парчаланганди.
Ўшанда ҳам Ўзбекистон ТИВ ушбу масала юзасидан Афғонистон вакиллари билан боғланган. Улар эса ҳолатни вандализм деб атаган ва бу муваққат ҳукуматнинг расмий сиёсатини акс эттирмаслигини айтганди.
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ