Ўзбекистон фуқароларини ҳақорат қилган тиктокер уч йилга қамалди

Сақлаш
12:35 / 21.08.2025 6 0

 

Ижтимоий тармоқларда миллатлараро низо чиқариши мумкин бўлган ва ўзбекларга нисбатан ҳақоратомуз сўзларни айтиб, чиқишлар қилган Абдуллоҳ номи билан танилган тиктокер Югай Валерийга нисбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Олий суд хабар берди.

 

Тошкент вилоятида яшовчи 26 ёшли В.Д. 2024 йилнинг октабр ноябрь ойларида Кореяда яшаб, ўзининг тармоқдаги саҳифалари орқали миллатлараро низо келтириши мумкин бўлган ҳамда ўзбек халқига нисбатан ҳақоратомуз сўзларни айтиб, чиқишлар қилган. У 2025 йилнинг 25 март уни Абу Даби – Самарқанд йўналиши орқали Ўзбекистонга келтирилиб, процессуал тартибда ушланган.

 

Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳри суди ҳукми билан В.Д. Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) ва 158-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа ОАВ, телекоммуникация тармоқларидан ёки интернетдан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш) бўйича жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

 

Унга 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.

 

«Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли», – дейилади хабарда.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//