Тошкент мутлақ етакчи. Ўзбекистон ҳудудларининг комплекс ривожланиш рейтинги эълон қилинди

Сақлаш
12:09 / 21.08.2025 5 0

 

Рейтингга кўра, таълимда Тошкент шаҳри, Бухоро ва Сирдарё вилоятлари кучли учликда. Жиззах вилояти эса охирги ўринда.

 

Прогрессив ислоҳотлар маркази (ПИМ) Ўзбекистон вилоятларининг комплекс ривожланиш рейтингини эълон қилди. 2024 йил якунлари бўйича тузилган рейтинг натижаларига кўра, Тошкент шаҳри, Навоий ва Бухоро вилоятлари юқори учликка кирди. Тошкент шаҳри 7 та йўналишдан 5 тасида биринчи ўринни эгаллаб, умумий рейтингда етакчиликни қўлга киритди. Рейтингнинг охирги қисмида эса Сурхондарё, Наманган ва Жиззах вилоятлари қайд этилди. Хусусан, Жиззах вилояти таълим йўналишида энг паст кўрсаткичларни кўрсатди.

 

Марказ томонидан ишлаб чиқилган методология 57 та индикатор асосида баҳолашни назарда тутади. У соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт, инфратузилма, имкониятлар, жиноятчилик ва табиий муҳит каби етти йўналишни қамраб олади. Ҳар бир индикатор бўйича энг яхши кўрсаткич 100 балл, энг паст кўрсаткич эса 0 балл сифатида баҳоланган. Рейтингни тузишда халқаро ташкилотлар ва ОАВ маълумотларидан фойдаланилган бўлсада, устуворлик Статистика агентлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар маълумотларига берилган.

 

Қуйида рейтинг натижалари билан танишиш мумкин:

 

Соғлиқни сақлаш: Тошкент шаҳри 61,84 балл билан етакчи бўлди. Жиззах вилояти ҳам 60,48 балл билан ижобий натижа кўрсатди. Бироқ Сирдарё ва Тошкент вилоятларида педиатрлар сонининг етишмаслиги ва хавфли касалликларнинг юқорилиги муаммо бўлиб қолмоқда.

 

Таълим: Тошкент шаҳри 89,47 балл билан биринчи ўринни эгаллади. Бухоро ва Сирдарё ҳам юқори кўрсаткичларга эришди. Жиззах (51,86 балл) ва Қашқадарё (56,54 балл) эса сўнгги ўринларда. Айниқса, Қашқадарёда мактабгача таълим қамрови пастлиги келажакда инсон капитали ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

 

Иқтисодиёт: Пойтахт 98,21 балл билан етакчи. Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида иқтисодий фаоллик суст бўлиб, янги иш ўринлари яратиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

 

Инфратузилма: Тошкент шаҳри (93,21 балл) ва Тошкент вилояти (73,49 балл) юқори ўринларда. Сурхондарё (41,10 балл) ва Жиззах (40,86 балл) инфратузилма бўйича энг охирги ўринларда қайд этилди. Бу ҳудудларда интернет қамрови ва транспорт масалалари жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.

 

Имкониятлар: Тошкент шаҳри (91,63 балл) ва Навоий (81,74 балл) етакчилик қилди. Жиззах (67,22 балл) ва Сурхондарё (65,74 балл) паст кўрсаткичлар қайд этди.

 

Жиноят ва тузатишлар: Сирдарё вилояти 80,61 балл билан юқори натижани қайд этиб, жиноятчиликни камайтириш борасида самарали иш олиб бораётганини кўрсатди. Хоразм ва Тошкент шаҳрида эса бу борадаги кўрсаткичлар паст.

 

Табиий муҳит: Сурхондарё 87,48 балл билан етакчи бўлди. Наманган ва Жиззах вилоятларида эса экологик муҳит паст кўрсаткичларни қайд этди.

 

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий тараққиёт суръатлари ҳудудлар кесимида кескин фарқланади. Тошкент шаҳри кўплаб йўналишларда етакчилик қилган бўлсада, айрим вилоятлар ҳам сезиларли ютуқларга эришмоқда. Шу билан бирга, Жиззах, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида айрим соҳаларда сусткашлик кузатилмоқда. Мутахассислар фикрича, мазкур рейтинг оддий рақамлар тўплами эмас, балки ҳудудларнинг ички имкониятларини очиб берувчи муҳим кўрсаткичдир.

 

Умумий рейтинг қуйидагича:

1-ўрин Тошкент шаҳри

2-ўрин Навоий вилояти

3-ўрин Бухоро вилояти

4-ўрин Хоразм вилояти

5-ўрин Сирдарё вилояти

6-ўрин Самарқанд вилояти

7-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси

8-ўрин Тошкент вилояти

9-ўрин Андижон вилояти

10-ўрин Фарғона вилояти

11-ўрин Қашқадарё вилояти

12-ўрин Наманган вилояти

13-ўрин Сурхондарё вилояти

14-ўрин Жиззах вилояти

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//