Туркиядаги зилзила оқибатида бир нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Сақлаш
13:02 / 07.02.2023 696 0

Туркиядаги зилзила оқибатида бир нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

 

Маълум қилинишича, 7 февраль (Тошкент вақти билан) соат 10:00 ҳолатига кўра, зилзила оқибатида Малатя провинциясида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Бундан ташқари, тўрт нафар ўзбекистонлик бедарак йўқолган. Уларни топиш бўйича тезкор қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда.

 

Вазирликнинг қайд этишича, Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлаган. Бу ҳудудда асосан 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилади.

 

Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан фуқароларни табиий офат ҳудудларидан хавфсиз жойларга кўчириш ва мамлакатимизга олиб келишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 

Жумладан, 3—6 февраль кунлари Каҳраманмараш шаҳрида 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида эркин кураш бўйича халқаро мусобақада иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси Туркия томони билан ҳамкорликда Анқарадаги таълим марказига вақтинчалик жойлаштирилди ва уларнинг Ўзбекистонга қайтариш масалалари ишлаб чиқилмоқда.

 

Қўшимча қилинишича, ҳозирда зилзила оқибатида зарар кўрган Ўзбекистон фуқароларига тегишли ёрдам кўрсатиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси қошида 24 соат фаолият юритадиган штаб ташкил этилган. Унга қуйидаги рақам орқали мурожаат қилиш мумкин: +90-538-035-85-34.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси