XV асрга оид ипак чопон рамзлари нимани англатган?

Сақлаш
18:28 / 29.04.2026 5 0

XV асрга оид яшил ипак чопон ҳозирда Ислом цивилизация марказида сақланмоқда. У нафақат Темурийлар даври сарой кийимлари ҳақида тасаввур беради, балки ўша даврда Марказий Осиёсида ривожланган тўқимачилик санъати ҳақида ҳам муҳим илмий маълумотларни ўзида мужассам этади.

 

Қайд этилишича, бундай кенг ва узун енгли бичим Темурийлар даврига хос бўлган маросимий кийимлар учун характерли бўлиб, у кийим эгасининг ижтимоий мавқеини кўрсатадиган муҳим элементлардан бири ҳисобланган. Либос бир неча бўлак матодан тикилган, олд томони очиқ, қисқа ёқали ва кенг енгли қилиб ишланган. Ушбу конструктив ечим нафақат кийимнинг қулайлигини, балки унинг тантанавор кўринишини ҳам таъминлаган.

 

Чопон ипак матодан тўқилган бўлиб, ундаги нақшлар “булутли тасма” деб аталадиган мураккаб орнамент билан безатилган. Ушбу нақш ўзининг тўлқинсимон чизиқлари орқали мато юзасида ҳаракат ва ёруғлик таассуротини ҳосил қилади.

 

“Булутли тасма” мотиви Шарқ санъати тарихида кенг тарқалган декоратив унсурлардан биридир. У дастлаб Хитой санъатида шаклланган, кейинчалик Марказий Осиё ва Эрон ҳудудларига кириб келган. Темурийлар даврига келиб эса бу орнамент сарой санъати ва тўқимачилик маҳсулотларининг муҳим безак элементига айланган. XV асрга оид айрим миниатюраларда "булутли тасма" нақшлари туширилган либос кийган зодагонлар тасвирланган

 

Маълумотларда келтирилишича, чопонда аждарҳо, феникс қуши, лотус ҳамда пион гуллари каби тасвирлар ҳам бор. Бу образларнинг ҳар бири Шарқ рамзиятида муайян маънога эга. Аждарҳо - ҳокимият ва куч рамзи сифатида талқин қилинса, феникс қуши - янгиланиш ва абадийлик тимсоли ҳисобланади. Лотус ва пион гуллари - фаровонлик, поклик ва барака билан боғлиқ маъноларни ифодалайди. Шу сабабли бундай мураккаб ва рамзий нақшлар билан безатилган матолар кўпинча сарой муҳитида ёки юқори табақа вакиллари кийимида қўлланилган.

 

Ипак матонинг сифати ҳам чопоннинг қимматини белгиловчи муҳим омиллардан биридир. Темурийлар даврида Марказий Осиё ипак ишлаб чиқариш ва тўқимачилик марказларидан бири сифатида танилган. Айниқса Самарқанд ва Ҳирот шаҳарлари ўзининг ҳунармандчилик мактаблари билан машҳур бўлган. Бу ҳудудларда тайёрланган матолар юқори сифатли ипак толалари, мураккаб нақшлари ва ёрқин ранглари билан ажралиб турган. Чопон матосидаги толаларнинг жилоси ва нақшларнинг силлиқ ҳаракати матога гўёки ёруғлик билан тўқилгандек чуқурлик бағишлайди. 

 

Бугунги кунда ушбу бебаҳо кийим намунаси Ислом цивилизация марказининг Иккинчи Ренессанс бўлимининг Шоҳрух Мирзо секторида сақланмоқда. 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//