Ўзбекистон бўйлаб 3 мингга яқин кичик ва микро ГЕСлар қурилади

Сақлаш
19:28 / 29.04.2026 9 0

Президент Шавкат Мирзиёев гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш бўйича тақдимот билан танишди. Давлат раҳбари соҳа салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ва энергия тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди.

 

Қайд қилинишича, соҳада сўнгги йилларда катта ўсиш кузатилди. 2017 йилда гидроэлектр станциялар (ГЕС) сони 36 та бўлган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг сони 100 тага етказилди. 2026–2032 йилларда эса қуйидаги йирик лойиҳалар амалга оширилиши кутилмоқда:

 

73 та истиқболли лойиҳанинг умумий қиймати 5,8 миллиард доллар бўлиб, 3,6 гигаватт қўшимча қувват яратилади.

2026 йил охиригача 13 та ГЕС ишга туширилади. Бу 537 миллион киловатт-соат электр энергияси демакдир.

 Мамлакат бўйлаб 2 983 та кичик ва микро ГЕСлар қуриш орқали узоқ ҳудудларни энергия билан таъминлаш кўзда тутилган.

 

Таъкидланишича, эндиликда соҳа тўлиқ рақамлаштирилади. Сув омборларидаги сув сатҳи, ҳажми ва босими сунъий интеллект ёрдамида онлайн назорат қилиб борилади. Ҳозирнинг ўзида хавфсизликни таъминлаш учун 3,5 мингта махсус назорат-ўлчов аппаратлари ўрнатилган.

 

Президент энергетика билан бир қаторда пойтахт иқлимини яхшилаш масаласига ҳам тўхталди. Чирчиқ дарёсининг 16 километрлик қисми ободонлаштирилиб, "Дарё бўйи" лойиҳаси амалга оширилади.

 

Шунингдек, шаҳарда салқин микроиқлим яратиш учун сунъий кўллар сонини 12 тага етказиш бўйича топшириқ берилди. Бектемир канали бўйида эса 187 гектарлик "яшил белбоғ" ва сайилгоҳлар ташкил этилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//