Илм-фан
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигида давлат олий таълим муассасаларининг фаолият самарадорлигини баҳолаш, таҳлил қилиш ва ошириш чора-тадбирлари ҳамда устувор вазифаларни белгилаш бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Вазир йиғилиш бошида ОТМ раҳбарларини вазирликнинг янги тузилмаси, тизим ташкилотлари, раҳбар ва мутасадди ходимлар билан таништирди.
Шундан сўнг ҳар бир олий ўқув юрти ўз ахлоқ кодексини ишлаб чиқиши, бу кодексда олий таълим муассасасининг ўзига хос жиҳатлари, талаблар, педагоглар ва битирувчиларнинг мақоми, шаъни, мажбурият ва масъулиятларини акс эттириш лозимлиги қайд этилди. Ҳар бир ОТМ талабаларнинг маънавий жиҳатдан баркамол бўлишлари учун адабиёт, санъат, мусиқа ва қўшиқчиликнинг турли йўналишларидан бирортасидан фойдаланиши, буни имиж даражасига чиқаришлари тавсия этилди.
Вазир, шунингдек ОТМдаги муаммоли ёшлар ва иқтидорли талабаларга алоҳида шароит яратилиши, уларни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш лозимлиги ҳақида фикр билдирди. Ҳар бир талаба тарбияси билан индивидуал шуғулланиш, уюшмаган қатлам ва иқтидорли талабалар билан мунтазам мулоқот механизмини ишлаб чиқиш ва йўлга қўйиш, рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди. Иқтидорли талабаларни хорижий университетларга қисқа муддатли стажировкаларга жўнатиш анъанасини тизимли йўлга қўйиш лозимлиги айтиб ўтилди.
Шу билан бир қаторда, ректорлар мавқейини кўтариш масаласига тўхталиб, ҳар бир ректор ўз академик фаоллигини ошириши, ўз йўналишида оригинал дастур тузиб, талабаларга маърузалар ўқиши, хорижда монографиялар чоп этиши лозим, деди И.Абдураҳмонов.
Нафақат ректор, балки профессорнинг ҳам ўзига хос маърузалар туркуми бўлиши ва уни университет брендига айлантириш бўйича тизимли ишлар қилиниши кераклиги айтилди. Ҳар бир профессорнинг иккитадан – таълим ва илмий ишлар бўйича ёрдамчиси (esearch assistant va teaching assistant) бўлиши, улар маърузалар сифатини оширишга кўмак бериш билан бирга, талабалар томонидан маърузаларни ўзлаштириш даражасини ҳам назоратга олади. Улар талабалар билан алоҳида ишлаб, мавзу бўйича саволларини маърузачига етказиб беришда кўприк бўлиб хизмат қилади.
Профессионал таълим муассасаларидаги таълим сифатини ошириш мақсадида таълим жараёнига докторантларни бириктириш, муассасаларнинг моддий-техник базасини такомиллаштиришга ҳам алоҳида урғу берилди.
Иқтидорли талабалар, ёш педагоглар ва докторантларни етакчи хорижий таълим муассасаларига таҳсил олиш ва тажриба орттиришга юборишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиши, бунда шу пайтгача ёш олимлар учун ташкил этилган «English for Science» платформасидан фойдаланиш ва уни кенг тарғиб қилиш кераклиги қайд этилди.
Шунингдек, ОТМ илмий кенгашлари фаолиятини янада жадаллаштириш масаласи ўртага ташланиб, олимларнинг нуфузли хорижий нашрларда мақолаларини чоп этишда «Proofreading» хизматидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ экани айтилди.
Ректорлар ўзлари раҳбарлик қилаётган ОТМнинг молиявий масалаларига ҳам шахсан жавобгар бўлишлари ҳақида огоҳлантирилди. Талабаларга турар жойларни ташкил этиш, уларни муқобил энергия манбаларидан фойдаланишини таъминлаш, кейинги ўқув йили учун ўқув ва ётоқхона биноларининг шайлигига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ