Туркиядаги зилзилада ҳалок бўлган ва жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари бўйича маълумот келиб тушмади – ТИВ

Сақлаш
17:16 / 06.02.2023 1079 0

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Туркияда рўй берган зилзила тўғрисида баёнот берди. Унга кўра, зилзила оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари бўйича маълумот келиб тушмаган.

 

«Туркиянинг бир қанча ҳудудларида кўплаб қурбонлар ва катта вайронагарчиликларга сабаб бўлган кучли зилзила ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик.

 

Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз.

 

2023 йил 6 февраль Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, мамлакатимизнинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналарига зилзила оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари бўйича маълумот келиб тушмади», — дейилади ТИВ баёнотида.

 

Вазирлик Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Анқарадаги Элчихонаси (тел.: +90-312-441-38-71, +90-312-441-17-46) ва/ёки Истанбулдаги Бош консулхонасига (тел.: +90-212-323-20-37, +90-212-323-20-39) мурожаат қилишлари мумкинлигини қўшимча қилган.

 

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳам ҳамдардлик билдирди.

 

«Туркияда содир бўлган зилзиладан чуқур қайғудамиз. Зилзила оқибатида ҳаётдан кўз юмганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз ва жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз. Барча имкониятларимиз билан қардош ва дўст Туркиянинг ёнидамиз».

 

Кучли зилзила, шунингдек, Сурияда ҳам сезилган, кўплаб бинолар қулаб тушган. Сўнгги маълумотларга кўра, Сурияда зилзила оқибатида 237 киши ҳалок бўлиб, 639 киши жароҳатланган. Туркияда айни вақтга келиб 284 киши ўлими ва 2383 киши яралангани ҳақида маълум қилинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//