Ўзбекистонга яна чанг бўрон қайтади, бу сафар кучли совуқ билан. Аҳоли бу вақтда уйда қоладими?

Сақлаш
20:30 / 14.11.2021 1948 0

17-18 ноябрь кунлари республиканинг барча ҳудудига Волга бўйи орқали Россиянинг Европа ҳудуди (Москва вилояти) устида шаклланган нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келади, деб хабар қилмоқда Ўзгидромет.

 

16-17 ноябрда республика бўйича шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзида 25-28 м/с гача кучайиши мумкин, баъзи жойларда чангли бўрон бўлади. 16 ноябрда Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида, 17 ноябрда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қорга айланади) бўлади, 17-18 ноябрда тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) баъзи жойларда кучли бўлади.

 

Республика бўйича ҳарорат кескин пасайиши кутилмоқда. 7-18 ноябрда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ҳарорат кечалари -5...-8 даража совуқ, кундуз кунлари +0..+3 даража илиқ бўлади. Шимолда кечалари -12...-15 даража совуқ, кундуз кунлари 0...-3 даража совуқ бўлиши кутилмоқда.

 

Хабарингиз бор, 4 ноябрь куни Тошкентда кучли тўзон кузатилган эди. “Ўзгидромет”нинг расман билдирилишича,  сўнгги 150 йилда Тошкентда бу каби чанг ва қум бўрони рўй бермаган. Бўрон оқибатида Тошкент шаҳрида ҳавонинг қаттиқ зарралар билан ифлосланиш даражаси бир куб метрга  18 минг микрограммни ташкил қилган. Бу эса белгиланган хавфсиз меъёрдан 30 баробарга кўпдир.

 

9 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар Академияси Биоорганик кимё институти олимлари чанг таркибини ўрганиб чиққани ва қум бўронидан сўнг Тошкентга чўккан чанг таркибида оғир металлар, тузлар, инсон саломатлиги учун хавфли пестицидлар мавжуд эмаслиги тўғрисида баёнот берган эди.

АҚШ Коинот агентлиги – NASA эса Тошкентда юз берган қум ва чанг бўронининг ўз сунъий йўлдошидан олинган фотосуратини 11 ноябрнинг Кун сурати деб эълон қилган. “Агар ўлчовларга ишонилса, демак, бу ҳақиқатан ҳам ҳавонинг қаттиқ зарралар билан ифлосланиш даражаси экстремал ва фавқулодда даражага етганини англатади”,- деб билдирган NASA.

 

Юртимизда чанг бўрони вақтида мактаблар, боғчалар, давлат ишхоналари доимий фаолиятини давом эттирган, қисқа муддатли карантин эълон қилинмаган. Ҳеч қайси ташкилот, жумладан Касаба уюшмаси томонидан аллергия, астма ва ўпка касали билан оғрувчи беморлар уйда қолишлари шартлиги, уларнинг бу даврда ишдан озод қилиниши ва бунинг учун иш ҳақидан ушлаб қолинмаслигини билдирилмаган.

 

Шу сабабли 4-6 ноябрь кунлари “Тез ёрдам” хизматига қўнғироқлар сони кескин ошиб кетган. 16-18 ноябрь кунлари кутилаётган совуқ иқлим ва чанг бўронида аҳолининг уйда қолиш-қолмаслиги бўйича ҳали бирор хабар чиқарилгани йўқ.

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//