Маданият
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатларнинг бадиий ва телевизион фильмлари фестивалининг (НФДC) «Энг яхши аёл образи» номинацияси ғолиблигини қўлга киритди.
Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги, «Cэнтрал Ациан Траде Cомпанй» (CАТC) ҳамда «Дилшоҳ медиа» киностудиялари ҳамкорлигида суратга олинган «Аёл қисмати» бадиий фильми ҳаётда содир бўлган реал воқеаларга асосланган.
Кинокартина 2019–2020 йилларда амалга оширилган инсонпарварликнинг энг олий намунаси бўлмиш «Меҳр» операцияси доирасида Суриядан олиб чиқилган юзлаб аёллардан бири Сожиданинг аянчли тақдирини жуда таъсирли тарзда гавдалантирган. Картинадаги Сожиданинг қисмати кўпчилик адашган аёлларнинг тақдирини ўзида бирлаштиради. У турмушнинг машаққатлари сабаб ватанни тарк этади. Яқинларига эргашиб, Россия, Покистон, Эрон, Туркия, Сурия ва Ироқ каби юртларда бахт, фаровонлик, тинчлик, хотиржамлик излаб саргардон кезади. Унга ҳамиша «бахт қийинчиликлар эвазига келади» деб уқтиришарди. Ана шундай пуч хаёллар билан ярим дунёни айланиб чиққан Сожида иқбол ўрнига завол топади.
Фильмда Сожида образини маҳорат билан ижро этган Раъно Шодиеванинг таъкидлашича, бундай мукофотлар ижодкорга илҳом бағишлаб, янада кўпроқ меҳнат қилишга ундайди.
«Буни кичкина меҳнат дея олмайман, катта меҳнатни амалга оширдик. Лекин бунинг мана бундай ёқимли онлари ҳам бўлади, бундан жуда ҳам хурсандман. Конкурсга қўйилган барча фильмлар юксак даражадаги картиналар эди, унда роль ижро этган актёрлар ҳам жуда истеъдодли, маҳоратли, уларнинг орасидан мени танлашганидан бошим осмонга етди. Бу нафақат менинг, балки бутун гуруҳимизнинг ютуғидир. Ушбу фестивалдаги 8 та совриндан бири бизга насиб этди, бу бутун ўзбек киносининг ютуғи ҳамдир. Бундай эътирофлар ижодкор учун керак. У янада яхши ижод қилиш учун санъаткорга илҳом бағишлайди», — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.
Фильмда Раъно Шодиева билан бир қаторда Илҳом Бердиев, Дадахон Обидов, Сирожиддин Сатторов, Шоҳсанем Абдижамилова, Олим Жалолов, Дилмурод Қамбаров каби актёрлар роль ижро этган.
Маълумот учун, «Аёл қисмати» бадиий фильми Туркиянинг Бурса шаҳрида бўлиб ўтган «2-Қўрқут ота» кинофестивалида ҳам «гран при»ни қўлга киритган, Раъно Шодиева эса ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофотига сазовор бўлганди.
Шунингдек, 2022 йилнинг 24 декабрида бўлиб ўтган «Олтин Ҳумо» Миллий кино тақдимотида ҳам Раъно Шодиева «Энг яхши аёл актриса» номинациясида ғолиб бўлган.
«Аёл қисмати» бадиий фильми устида ишлаганлар:
сценарий муаллифлари Дилмурод Масаидов ҳамда Сардор Ҳамроев;
постановкачи режиссёр Дилмурод Масаидов;
постановкачи оператор Ҳусан Алиев;
продюсер Маҳмуд Эркабоев;
либослар бўйича рассом Севара Зуннунова;
картина директори Азизбек Азатбаев.
Сиёсат
Жаҳон
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ