Туркиянинг «Қўрқут ота» халқаро кинофестивалида ўзбек киноижодкорлари 4 та халқаро мукофотни қўлга киритди

Сақлаш
23:11 / 06.11.2022 1124 0

1-5 ноябрь кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида «Қўрқут ота» туркий халқлар кинофестивали бўлиб ўтди.

 

Фестиваль доирасида туркий тилда сўзлашувчи 17 давлатдан ташриф буюрган киноижодкорларнинг саммити ташкил этилди. Ушбу фестивалга 17 та давлатдан 400 дан ортиқ киноижодкорлар ташриф буюрди. Халқаро анжуманда Туркиядан ташқари Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбойжон, Туркманистон, Венгрия ва Шимолий Кипр каби давлатлардан кино усталари иштирок этишди. 57 та фильм икки йўналишда ғолиблик учун рақобатлашди. Улар орасида ўзбек киноижодкорларининг иккита картинаси ҳам танлаб олиниб, фильмларимиз юртимизга соврин билан қайтишди.

 

 

Кинорежиссёр Дилмурод Масаидовнинг «Аёл қисмати» бадиий фильми ҳамда Фурқат Усмоновнинг «Инсон» кўп қисмли ҳужжатли фильми Гран-прига лойиқ деб топилди.

 

 

«Энг яхши ҳужжатли фильм» номинацияси бўйича «Инсон» ҳужжатли фильми ГРАН-ПРИ билан мукофотланди. Соврин фильм режиссёри Фурқат Усмоновга топширилди.

 

Мазкур кинокартина Кинематография агентлиги ҳамда «Spectre» студияси томонидан суратга олинган.

 

Фильм сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Фурқат Усмонов, операторлар Жаҳонгир Ибрагимов, Азизбек Норматов, иккинчи режиссёр Муаттар Мирреджабова, креатив продюсер Шоҳрух Расулов, ижрочи продюсер Давронхўжа Абдуғаниев, бош продюсер Фирдавс Абдухолиқов.

 

Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Dilshoh media» киностудияси томонидан ишлаб чиқарилган, режиссёр Дилмурод Масаидовнинг адашиб Сурияга кетган ватандошларимизни юртимизга қайтариш юзасидан амалга оширилган махсус операция ҳақида ҳикоя қилувчи «Аёл қисмати» бадиий фильми эса кинофестивалнинг энг нуфузли бош соврини «Энг яхши бадиий фильм» номинациясида ғолибликни қўлга киритиб ГРАН-ПРИга сазовор бўлди.

 

Фильм сценарий муаллифлари Дилмурод Масаидов ҳамда Сардор Ҳамроев, постановкачи режиссёр Дилмурод Масаидов, постановкачи оператор Ҳусан Алиев, рассом Ҳусайн Эшниёзов, продюсер Маҳмуд Эркабоев, либослар бўйича рассом Севара Зуннунова, картина директори Азизбек Азатбаевлардир.

 

Яна бир эътиборли жиҳати, Россия кинематографлари туркий тилли халқларнинг миллий қаҳрамони Хўжа Насриддин ҳақидаги 16 қисмдан иборат анимацион фильм ҳақида тақдимот қилишди. Лойиҳа продюсери, муаллиф ва режиссёр Тимур Бекманбетов ҳам саммитда иштирок этиб, бу фильм Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишланаётганини, айни вақтда Ўзбекистонда анимация мактаби ижодкорлари билан биргаликда ишлаш мароқли бўлаётганини билдирди.

 

 

Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева фестивалнинг «Туркий халқлар кинематографиясига қўшган хизматлари учун» ҳамда киноактриса Юлдуз Ражабовага «Туркий халқлар бирдамлиги ҳамда ҳамдўстлигига қўшган хизматлари учун» «ТУРКСОЙ» халқаро мукофоти топширилди.

 

Бундан ташқари, «Қўрқут ота» туркий халқлар кинофестивали доирасида 4 ноябрь куни «Ўзбекистон киноси кунлари» ўтказилди. Тадбирда ўзбек киноижодкорлари билан ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ва ўзбек фильмлари намойиши ташкил этилди.

 

Фестивалнинг фильмлар намойиши дастуридан Дилмурод Масаидовнинг «Аёл қисмати», Акром Шоҳназаровнинг «101 рейс», Иброҳим Расуловнинг «Муҳаббат баҳори» ва Фурқат Усмоновнинг «Инсон» кўп қисмли ҳужжатли фильмлари жой олган бўлиб, Бурса кинотеатрларида мазкур фильмлар намойиш этилди.

 

Маълумот учун, «Қўрқут ота» учинчи халқаро кинофестивали эстафетаси Озарбайжонга топширилди. 2023 йил айни шу пайтда Озарбойжоннинг Шуша шаҳрида ушбу фестиваль яна туркий давлат киноижодкорларига ўз эшикларини очади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси