ДХХ ва Бош прокуратура бугун ишдан бўшатилган амалдорлар устидан текширув олиб боради

Сақлаш
19:51 / 16.01.2023 1063 0

Шавкат Мирзиёев ҳузурида қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилмоқда. Президент матбуот котибининг ёзишича, Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага бугун лавозимидан озод этилган мутасаддиларнинг фаолиятини ўрганиш ва қонун бузилишлари аниқланган тақдирда, қатъий жавобгарликка тортиш топширилган.

 

Қайд этилишича, йиғилишда ҳокимлар, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари уйма-уй юриб, аҳолидан хабар олишлари кераклиги кўрсатиб ўтилган.

 

«Саховат ва кўмак» жамғармасидан ёлғиз қариялар, кўп фарзандли эҳтиёжманд оилаларга иссиқ кийим, озиқ-овқат тарқатиш, энг оғир ҳолларда уларни шароити бор жойларга жойлаштириш, маҳаллаларда иссиқ овқат тарқатиш пунктларини ташкил этиш топширилган.

 

Ҳар бир деҳқон бозорида шароитларни яхшилаш ва нарх-наво тартибга солиш, йирик корхоналар, ижтимоий объектлар раҳбарлари ходимларини уюшган ҳолда ишга олиб келишга автобус қатновларини ташкил этиш вазифаси қўйилган.

 

Ёнғинни олдини олиш бўйича амалий ва тушунтириш ишларини кучайтириш, хонадонма-хонадон иситиш воситаларидан тўғри фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини ташкил қилиш бўйича топшириқ берилган.

 

Автомобилга газ қуйиш шохобчаларида давом этаётган ўғирликларга барҳам бериш шартлиги таъкидланган.

 

Мисол учун, ўтган ҳафтада биргина Вобкент тумани ва Бухоро шаҳридаги 3 та шохобчада 26 миллион кубметр (26 миллиард сўмлик) газдан яширинча фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Ушбу газ ҳажми билан 44 минг хонадонни ёки битта катта туман аҳолисини 1 ой газ билан таъминлаш мумкин эди.

 

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Валиевга шу масалада тартиб ўрнатиш топширилган.

 

Умуман, Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага бугун лавозимидан озод этилган мутасаддиларнинг фаолиятини ўрганиш ва қонун бузилишлари аниқланган тақдирда, қатъий жавобгарликка тортиш топширилган. Йиғилиш якунида тегишли мутасаддилар ва ҳудудлар ҳокимлари ҳисобот берган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//