«Док-1 Макс таркибида заҳарли модда бўлган». ССВ 18 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган сироп бўйича ўрганиш натижалари эълон қилинди

Сақлаш
16:06 / 27.12.2022 1143 0

Самарқандда Док-1 Макс препаратидан 18 нафар бола вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу препарат бўйича ўрганиш натижаларини эълон қилди.

 

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига асосан махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойига чиққан ҳолда хизмат текшируви ўтказилди. Ўрганиш натижаларига кўра, жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланиб, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

 

Вазирлик берган маълумотга кўра, Ҳиндистоннинг Marion Biotech Pvt. Ltd компаниясига тегишли Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситаси Ўзбекистонда 2012 йилдан рўйхатга олиниб, шу йилдан савдога чиқарилган. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги берган маълумотга кўра, ҳар бир дори сериялари текширилиб, уларга мувофиқлик сертификати берилган. Ўзбекистонга ушбу препарат Quramax Medical МЧЖ томонидан импорт қилинган.

 

Текширув жараёнида Ўзбекистонда ўткир респиратор касалликларга чалинган 21 нафар боланинг 18 нафарида Док-1 Макс сиропини ичиш натижасида ўлим ҳолати аниқланди.

 

Вафот этган болалар стационар даволанишга келгунига қадар ушбу препаратни уй шароитида бошқа дорилар билан бирга, 2-7 кун давомида, кунига 3-4 маҳал 2,5-5 миллилитргача қабул қилган. Табиийки, бу болага меъёридан анча ортиқ миқдор ҳисобланади.

 

«Барча болаларга препарат шифокорлар рецептисиз берилган. Дори воситаси таркибидаги асосий модда паратсетамол бўлгани учун Док-1 Макс сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган.

 

Ваҳоланки, паратсетамол фақат тана ҳарорати 38-38,5 даражадан юқори бўлгандагина кунига 1 ёки 2 марта 1 ёшгача болага 100-125 миллиграмм, 1 ёшдан 3 ёшгача 200 миллиграмм, 3 ёшдан 5 ёшгача болаларга эса 250 миллиграмм дозада берилиши керак. Тана ҳарорати меъёрида бўлганда ушбу дори воситасини истеъмол қилиш қатъиян ман этилади», — дейилади хабарда.

 

Бундан ташқари, олиб борилган дастлабки лаборатор ўрганишлар Док-1 Макс сиропининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлигини ҳам кўрсатган. Ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, ҳушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради.

 

Хабарда таъкидланишича, вазирлик ишчи гуруҳи ўрганиш давомида аниқланган барча қонун бузилиш ҳолатлари эътиборга олиниб, хизмат вазифасига лоқайд ва беэътибор муносабатда бўлгани, болалар ўлими таҳлилини ўз вақтида юритмагани ва керакли чораларни кўрмагани учун 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.

 

Тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

 

«Айни пайтда Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситалари юртимиздаги барча дорихоналар савдосидан ўрнатилган тартибда қайтариб олинган. Ўрганиш материаллари асосида аниқланган камчиликлар, тиббиёт ходимларининг масъулияти масаласи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида ҳайъат йиғилишида кўриб чиқилади», — дейилади хабарда.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//