«Биз ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирганда, имконияти чекланган ёшларимизни ҳам унутмаслигимиз лозим» – Шавкат Мирзиёев

Сақлаш
17:22 / 01.06.2026 11 0

Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

 

Эндиликда Янги ўқув йилидан бошлаб, 326 та мусиқа ва санъат мактабидаги ўқитувчиларнинг ойлиги ҳам умумтаълим мактаблари билан бир хил бўлади.

 

Энди умумтаълим ва мусиқа мактаби ўқитувчилари иш ҳақига ўқувчиларининг чолғуларни қай даражада ижро этишига қараб, 20 фоизгача устама тўланади.

 

Янги ўқув йилида камида 1,5 миллион ўқувчини мусиқа ва санъатга жалб қилиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун 326 та мусиқа ва санъат, 29 та ихтисослашган мактаб билан умумтаълим мактаблари ўртасида ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилади.

 

Мусиқа ва санъат мактабларининг ижодий жамоалари умумтаълим мактабларида мунтазам концерт-томоша дастурлари ва маҳорат дарсларини ўтказиб бориши зарурлиги қайд этилди.

 

Ҳар йили театр, чолғу, хор ва рақс йўналишида умумтаълим мактаблари ўртасида туман, вилоят, республика даражасида танловлар ўтказилади. Уларнинг ижод маҳсулини республика бўйича тарғиб қилиш, саҳна декорациялари ва либослари, мусиқа асбоблари олиш учун 500 миллион сўмдан грант берилади.

 

Шунингдек, республика танлови ғолиблари маданият ва санъат олийгоҳларига ўқишга қабул қилинади.

 

«Менинг ниятим – ҳар бир хонадонга мусиқа чолғуси кириб борсин, ҳар бир ўғил-қизимиз мусиқа чалишни ўргансин. Чунки санъатни, мусиқани севган боланинг қалби тоза, тафаккури кенг бўлади», деди Президент.



Мутасаддиларга ҳар бир умумтаълим мактабида мусиқа ва санъат йўналишида камида 4 тадан тўгарак ташкил қилиш топширилди. Миллий чолғу сотиб олган тўгаракларнинг 30 фоиз харажати қоплаб берилади.

 

«Биз ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирганда, имконияти чекланган ёшларимизни ҳам унутмаслигимиз лозим», деди давлат раҳбари.



Бунинг учун янги ўқув йилидан ҳудудларда «Инклюзив ижодий устахоналар» ташкил қилинади. Инклюзив ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларга дарсликлар, ижод учун зарур анжомлар хариди учун ҳар йили 30 миллиард сўмдан ажратиб борилади.



Маданият ва санъат соҳалари учун кадр тайёрлаш ўзига хос ижодий хусусиятларга асосланиб ташкил этилиши керак. Шу боис, янги ўқув йилидан ихтисослашган мактабларга ўқувчилар мусиқа йўналишида 5-синфдан, рақс, театр, санъат бўйича 9-синфдан қабул қилинади.



Касбий таълим агентлиги тасарруфидаги «Мусиқа ва санъат», «Эстрада ва цирк» техникумлари Маданият вазирлиги тизимига ўтказилиб, уларга олий мактаб мақоми берилади.
 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//