Ўзбекистонда ҳар йили «Миллий ижодкорлар қурултойи» ўтказилади.

Сақлаш
13:26 / 01.06.2026 7 0

Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашуви бошланди.

 

Тадбирда миллий адабиётимиз, маданият ва санъатимиз фахри бўлган шоир ва ёзувчилар, актёр, драматург ва режиссёрлар, қўшиқчи, созанда ва композиторлар, рассом, ҳайкалтарош ва ҳунармандлар, санъатшунос олимлар иштирок этмоқда.

 

Соҳада истеъдодларни юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида янги тизим жорий қилиниши қайд этилди. Жумладан, театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу, тасвирий ва амалий санъат каби 21 та йўналиш бўйича ижодий бирлашмалар ташкил этилади.



Ижодий бирлашмаларга бир томондан устоз ижодкорлар, иккинчи томондан эса вазирлар ва компания раҳбарлари ҳамраис бўлади.



Бу жараёнда ўз мактабини яратган санъаткорларимиз ёшларга касб сирлари ва саҳна маданиятини ўргатади.



Вазирлар ва компания раҳбарлари эса энг қуйи поғонага тушиб, туманлардаги мусиқа мактаблари ва бадиий жамоалар билан учрашиб, уларнинг муаммоларига ечим топади. Ёшларнинг ижодига янги нафас олиб кириш учун ҳар бир ижодий бирлашма кесимида маҳалла – туман – вилоят – республика танловларини ташкил қилади. Ғолиб ва совриндорларни қўллаб-қувватлаш учун уларни гастроль сафарлари, фестиваллар ва халқаро танловларда иштирок этишига кўмаклашади.

 

Ҳар йили «Миллий ижодкорлар қурултойи» ўтказилади. Бу 21 та ижодий бирлашманинг ўзига хос йиллик ҳисоботи бўлади.



Қурултойда бирлашмаларнинг йил давомида энг яхши натижа кўрсатган ижодкорларининг бадиий кечаси ташкил қилинади ва улар муносиб тақдирланади.



Мисол учун, мусиқа соҳасида камида 10 та қўшиқ ёки мусиқа яратган, халқ артисти, хизмат кўрсатган артист унвонини олган ёки халқаро танловлар ғолиблари бўлган, асарлари мамлакат ва халқаро саҳналарда ижро этилаётган қўшиқчи, созанда ва композиторлар; адабиёт соҳасида юқори даражада эътироф этилган бадиий китоб муаллифи бўлган, яратган асари 50 минг нусхадан зиёд чоп этилган, ижод маҳсули театр ва кинода саҳналаштирилган, шеърлари «хит» қўшиққа айланган шоир, ёзувчи ва драматурглар тақдирланади.



Уларга йил давомида ҳар ойда 5 миллион сўмдан қалам ҳақи берилади, Ўзбекистон бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланади. Ихтисослашган тиббиёт марказларида даволаниш харажати тўлиқ буджетдан қопланади. Уларнинг маҳорат мактаби ва ижод уйлари ташкил этилади.



Президентимиз совриндорлар кейинги йили ҳам ижодини тўхтатмай янги натижалар қилса, юқоридаги имтиёзларни олишда давом этиши ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//