Президент маданият, санъат ва адабиёт намояндаларидан бир гуруҳига давлат мукофотларини топширди

Сақлаш
12:53 / 01.06.2026 13 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28 майдаги фармони билан маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланганди. 1 июнь куни Халқаро конгресс марказида ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.


Давлатимиз раҳбари тадбирда сўзга чиқиб, мамлакат қудрати нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки унинг маънавияти, маданияти, адабиёт ва санъати билан ҳам белгиланишини таъкидлади.
 

«Қайси миллатнинг адабиёти бой, мусиқаси юракка яқин, театри ҳаётий, киноси таъсирчан, санъати жозибадор бўлса, ўша халқнинг овози дунёда баланд эшитилади», деди Президент.
 

Тадбирда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида инсон қалбини тарбиялайдиган катта маънавий макон яратилаётгани қайд этилди. Бу борада зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндалари, креатив соҳа вакилларининг ўрни беқиёс экани таъкидланди.


Давлат раҳбари соҳанинг 167 нафар илғор вакили юксак давлат мукофотлари билан тақдирланганини мамнуният билан таъкидлади. Улар орасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, халқимизнинг маданий, бадиий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга улкан ҳисса қўшган ёзувчи ва шоирлар, хонанда ва созандалар, рақс усталари, опера ижрочилари ва бастакорлар, театр, кино ва цирк санъати намояндалари, бахшилар ва аскиячилар, ҳунарманд ва рассомлар, маданий мерос, музей ва кутубхона ходимлари, устоз ва мураббийлар борлиги барчамизга фахр бағишлаши эътироф этилди.


Шу билан бирга, бугун орамизда бўлмасада, сўзи, куй-қўшиғи, ижоди ва бутун ҳаёти билан халқимиз қалбида мангу яшаб келаётган адабиёт, маданият ва санъат дарғаларининг муқаддас хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилди. Уларнинг 24 нафари давлат мукофотлари билан вафотидан сўнг тақдирланди.


«Юртимиздаги ҳар бир инсоннинг, ҳатто улар ўтиб кетган бўлсада, хизматларини муносиб эътироф этиш ҳам бизнинг маънавий бурчимиздир. Бу аждодлар хотирасини юксак қадрлайдиган халқимизнинг кўнглидаги иш бўлди», деди Президент.


Маросимда Президент мукофот соҳибларига фахрий унвонлар, орден ва медалларни тантанали равишда топширди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//