Сиёсат
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида Владимир Путин ташаббуси билан ўтказилган МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Саммитда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳам қатнашди.
Қайд этилишича, саммитда жорий йилдаги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилиниб, бўлажак 2023 йил учун устувор вазифалар муҳокама қилинди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон МДҲ доирасидаги ҳамкорликни уч йўналишда: сиёсат ва хавфсизлик борасида, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ривожлантирмоқда. МДҲ маконида тўлақонли эркин савдо ҳудудини шаклантириш ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш устувор вазифалардир.
Саноат кооперациясини чуқурлаштириш, озиқ-овқат, энергетик ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган миллий дастур ва стратегияларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Ҳамдўстлик фаолиятидаги иштирокини фаоллаштирди, 40 дан ортиқ кўп томонлама битимларни имзолади ҳамда МДҲнинг 23 та тармоқ органларига қўшилди.
2022 йилда Ўзбекистоннинг ҳамдўстлик мамлакатлари билан товар айирбошлаши учдан бир ҳиссага ортган, мингдан зиёд қўшма корхоналар ташкил этилган.
Жамият
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ