Жамият
Бугун, 10 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан бир қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда «Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!» шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган анжуман Миллий гвардиянинг Маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо сўзга чиқди:
– Миллий озодлигини қўлга киритган, миллий тараққиётининг тарихий босқичига қадам қўйган ҳар бир халқ Ватанининг шонли ўтмиши, бугуни ва келажаги, орзу-интилишларини мужассам этган давлат рамзларини қабул қилади. Бу рамзлар давлат суверенитетининг ўзига хос шаҳодатномасидир. Мадҳия – миллатни ҳамиша ўз озодлик йўлида, аҳдида собит тутиб турувчи руҳий қувват манбаи ҳам. Шу боис дунё халқлари ўз мадҳиясини нафақат тантанали ва мунаввар кунларида, ҳатто энг заҳматли ва синовли онларида ҳам тик туриб мардона куйлайди. Мадҳия миллатни бирлаштирадиган, юксалтирадиган, енгилмас кучга, юксак ирода ва қатъият, жасорат тимсолига айлантирадиган қўшиқдир.
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев 30 йил аввал Давлат мадҳиясининг қабул қилиниш жараёнини эслаб, кўпчиликка қизиқарли бўлган фактларни тилга олди. Гимн мусиқасининг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб, миллий наволаримиз йўлида улуғвор ва тантанавор оҳангларга қурилганини таъкидлади.
Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, юксак ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш йўлидаги фидокорона меҳнатлари учун бир қатор юртдошларимизга «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони топширилди.
Шаҳноза Соатова, Адлия вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси
Гулбаҳор Эрқулова, Ўзбек миллий мақом санъати маркази Юнус Ражабий номидаги «Мақом» ансамбли олий тоифали артист мақомчиси
Салоҳиддин Азизбоев, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти профессори
Дилором Каримова, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти
Исамат Эргашев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими
Дилфуза Раҳимова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист
Замира Суюнова, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти доценти
Жавдат Пўлатов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети катта ўқитувчиси, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Дилором Бобожонова, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори, тарих фанлари доктори
Музаффар Ортиқов, филология фанлари номзоди, доцент
Мунаввархон Усмонова, «Саодат» журнали бош муҳаррири, шоира
Байрам арафасида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Oyina.uz портали платформасида «Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!» мавзусида Давлат мадҳиясини жамоавий жўр бўлиб куйлаш танлови ҳамда онлайн викторина ўтказилди. Шунингдек, Бадиий академия билан ҳамкорликда «Рангларда акс этган Ватан мадҳи» мавзусида расмлар танлови ҳам ташкил қилинди. Тантанали тадбир доирасида барча ғолибларга қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотлари тақдим этилди.
Эл суйган хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Мудофаа вазирлигининг ашула ва рақс ансамбллари чиқишлари томошабинларга байрамона кайфият улашди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган шу каби тантанали тадбирлар бутун мамлакат бўйлаб давом этмоқда.
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ