Ўзбекистон ЕХҲТдаги ҳамкорларни Термиз халқаро логистика марказидан фойдаланишга чақирди

Сақлаш
21:20 / 02.12.2022 1574 0

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланиши ва хавфсизлиги истиқболлари қўшни Афғонистонда тинчликни таъминлаш билан узвий боғлиқлигини таъкидлади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

 

 

«Халқаро ҳамжамиятнинг устувор вазифалари Афғонистондаги инсоний ҳалокатининг олдини олиш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш ва минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга интеграция қилиш, бу мамлакатда муҳим инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишдан иборат бўлиши керак», – дейди Норов.

 

Ўзбекистон ТИВ раҳбари йиғилиш иштирокчилари эътиборини Ўзбекистон томонидан Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга қаратган. Стратегик муҳим лойиҳа Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар темир йўл лойиҳасини амалга оширилиши Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, Афғонистонни иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш ва уни бу икки минтақани боғлайдиган кўприкка айлантириш учун катта имкониятлар очади.

 

Таъкидланишича, Ўзбекистон Президентининг БМТ шафелигида халқаро музокаралар гуруҳини тузиш ташаббусини амалга ошириш Афғонистон ҳукумати томонидан ўз мажбуриятларини босқичма-босқич бажариш алгоритмини ишлаб чиқиш ва келишиш учун муҳим платформа яратади.

 

Владимир Норов ЕХҲТ ҳамкорларини узоқ қийин вазиятдаги афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун Термиз шаҳридаги Халқаро транспорт ва логистика хабидан фойдаланишга, шунингдек, Афғонистон иқтисодиёти учун мутахассислар тайёрлаш учун Термиз шаҳрида Таълим кластерини ташкил этишни қўллаб-қувватлашга таклиф қилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//