Шавкат Мирзиёев декабрда Қирғизистонга боради

Сақлаш
22:17 / 24.11.2022 931 0

24 ноябрь куни хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчилари, хусусан, Қирғизистон элчиси Муса Жаманбаев томонидан ишонч ёрлиқларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

 

Давлат раҳбари янги тайинланган элчиларни самимий қутлаб, Ўзбекистонда дипломатик миссиясини бошлагани билан табриклади. Янги элчилар вакиллари бўлган давлатлар билан ҳар томонлама ва узоқ муддатли ҳамкорликнинг истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтди.

 

Қирғизистон элчисига мурожаат қилар экан, Президент ўзбек ва қардош қирғиз халқи тарихи ва анъаналари муштарак бўлган яқин қўшнилар эканини қайд этди. Президентнинг келгуси ойда Қирғизистонга бўлажак ташрифи икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирилди.

 

«Бугун давлатлар ўртасида ишонч ва ўзаро ҳурматга асосланган конструктив мулоқот қарор топган. Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг ўтган йили 11−12 март кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи муносабатларимиз тарихида янги саҳифа очди. Барча долзарб масалалар ўз вақтида, ҳар икки томон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қардош халқларимизнинг фаровонлиги йўлида ҳал этилмоқда. Айниқса, эришилган келишувлар асосида чегара масалалари ҳал қилингани мисли кўрилмаган умумий ютуғимиз бўлди», — дейилади хабарда.

 

Шунингдек, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, таълим ва маданий-гуманитар жабҳалардаги алоқалар ҳам фаоллашиб бораётгани, йил бошидан буён мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичи 30 фоизга ошиб, 1 миллиард долларга етгани қайд этилди.

 

«Минтақавий инфратузилма лойиҳалари, жумладан, Қамбар-ота гидроэлектр станцияси ҳамда Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли қурилиши бошлангани ҳам дўст халқларимизнинг умумий манфаатларига хизмат қилади», – дейилади хабарда.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//