Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тўқаевни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади. У 2029 йилгача Қозоғистонни бошқаради

Сақлаш
15:17 / 21.11.2022 970 0

Қозоғистонда 20 ноябрь куни ўтказилган навбатдан ташқари президентлик сайловининг натижалари эълон қилинди.

 

Унга кўра, сайловда ғалаба қозонган Қосим-Жомарт Тўқаев 82,45 фоиз овоз тўплагани маълум бўлди. У бошқа номзодларни жуда катта фарқ билан ортда қолдирган.

 

Маълумотларига кўра, мамлакатда рўйхатга олинган сайловчиларнинг 68,7 фоизи овоз бериш жараёнларида иштирок этган.

 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тўқаевни умумхалқ сайловидаги ғалабаси билан табриклади.

 

21 ноябрь куни телефон орқали ўтказилган мулоқотда Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

 

Савдо, саноат, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги каби устувор йўналишларда ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

 

Эслатиб ўтамиз, Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон Республикаси президенти лавозимини 2019 йилдан буён эгаллаб келади. У ушбу лавозимда мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг ўрнини эгаллаганди.

 

2022 йилнинг январь ойида мамлакатда содир бўлган воқеалар ортидан конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, давлат раҳбари бир марта 7 йилга сайланиши белгиланди. Шу сабабдан навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказилди. Эндиликда Тўқаев 2029 йилгача Қозоғистонни бошқаради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//