Будда ва Кушон шаҳзодаси Парижга йўл олди – Ўзбекистондан 170 га яқин экспонат Лувр музейига жўнатилди

Сақлаш
15:58 / 18.10.2022 1597 0

Аввалроқ, Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Франциянинг Лувр музейида 23 ноябрь куни илк бор Ўзбекистоннинг бой меросига бағишланган “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. «Карвон йўллари чорраҳасида” номли кўргазма очилиши ҳақида маълум қилганди.

 

Хабар қилинишича, мамлакатимизнинг ноёб экспонатлари 16-17 октябрь кунлари Франциянинг Лувр музейига жўнатилди. 

 

Кўргазмада намойиш этилаётган экспонатлардан бири – Буддавийлар ибодатхонасидаги Кушон шаҳзодасининг боши. У 1937 йилда Сурхондарё вилояти ҳудудида бўлган Кушон подшолиги даврида ташкил этилган Далварзинтепа шаҳарчаси яқинида археологик қазишмаларда топилган. Далварзинтепадаги буддавийлар ибодатхонасидан топилган Бодхисаттва ҳайкали эса эрамизгача бўлган II-III асрга тегишли экспонат ҳисобланади.

 

ЎзР ФА Санъатшунослик институти «Ноёб объектлар» бўлими бошлиғи, Архитектура фанлари бўйича фалсафа доктори Акмал Ўлмасовнинг Oyina.uz'га маълум қилишича: кўргазмада ҳозирги Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудидан ўтган Буюк Ипак йўли ҳақида ҳикоя қилиниб, унда қарийб икки минг йиллик даврни қамраб олувчи 169 та экспонат, жумладан, Ўзбекистоннинг 16 та музейидан 138 дона осори-атиқа, шунингдек, дунёнинг етакчи музейларидан 31 та музей ашёси намойиш этилади. Институтнинг археологик коллекциясидан мазкур кўргазмага маҳобатли лой-ганч ҳайкаллар, терракота ҳайкалча, фил ва ҳайвон суякларидан ишланган буюмлар, бронзадан ишланган хавончадан иборат жами 14 дона археологик ашё иштирок этади. Маҳобатли ҳайкаллар турли ўлчамларда бўлиб, энг кичиклари 25-30 см, йириклари эса 2 метрдан ошади.  Кўргазмага танлаб олинган нодир ашёлар қаторида Холчаёндан топилган ва милод бошларига оид ягона терракота плакетка ҳам мавжуд.  Мазкур экспонатларни кўргазмага тайёрлаш, таъмирталаб ашёларни консервация қилиш мақсадида институтга Франциялик тажрибали реставраторлар ташриф буюрди. Институт таъмирлаш лабораториясида салкам бир ой давомида коллекциянинг кўргазмада қатнашадиган ноёб экспонатлари, яъни Холчаён ва Далварзинтепадан топилган лой-ганч ҳайкаллар реставрация ва консервацияси амалга оширилди. Мазкур ишларда Франциялик бир гуруҳ малакали мутахассисларга институтнинг реставраторлари ҳам ёрдам берди.

 

Манба: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

 

“Умуман олганда, кўргазма бугунги Ўзбекистон ҳудудидан ўтган Буюк ипак йўли тарихи ҳақида ҳикоя қилинади. Бу ерда маҳобатли ва дастгоҳли ҳайкалтарошлик асарлари, деворий суратлар, саройларга хос ўйма паннолар, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик буюмлари намойиш этилади. Энг асосийси, Лувр музейига Европадан ташқари бошқа минтақалардан ҳам ташриф буюрувчиларнинг кўплигини ҳисобга олсак, бу кўргазма Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамиятига танитишда катта роль ўйнайди дейиш мумкин. Ва, бу орқали уларни диёримизга қизиқишини ортишига ҳамда пировардида туризм соҳасини ривожланишига туртки беради деб умид қиламиз” дейди Акмал Ўлмасов.

 

 

Манба: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

 

Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳага сўнгги бир неча йил давомида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг жамоаси томонидан Лувр музейи куратори Янник Линтс, илмий куратор Рокко Ранте ҳамда лойиҳанинг илмий маслаҳатчиси Шокир Пидаев билан ҳамкорликда пухта тайёргарлик кўрилган.

 

Хабар тўлдирилмоқда

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Жамият

12:07 / 25.11.2024 0 4
Бош вазир ёрдамчиси ўзгарди

//