Тегирмоннинг овозини эшитаман, аммо ундан дарак йўқ – Оллоҳнинг зоти хусусида фикр юритиш мумкинми?


Сақлаш
22:07 / 22.07.2022 1211 0

Тасаввуф дастлаб умавийлар халифалиги даврида ислом бағрида эътироз руҳидаги ҳодиса ўлароқ юзага келган бўлса-да, оммавийлик касб этмаган. У амалиётдан илмий-назарий таълимотга айланганда ҳам фақат хос одамларга тегишли илм ҳисобланган. VIII асрдан бугунги кунга қадар ҳам тасаввуфнинг тарихий сайри силлиқ ва бир маромда кечмади. Гоҳида сиёсий кучлар, гоҳида шариат аҳли, гоҳида эса файласуфлару турли диний оқимлар ва илмий мактаблар томонидан таъқибга учраган бўлса, гоҳида ҳукумат доираларининг ғоявий қуролига айланган. Уни ҳамма ҳам бир хил қабул қилавермаган. Тасаввуф таркибида униб-ўсиб, ислом ва ирфон доирасида мустақил назарий-фалсафий таълимот даражасига кўтарилган ваҳдат ул-вужуд фалсафасининг тақдири эса янада мураккаброқ кечган. Унинг мухолифлари доимо тарафдорларидан кўпроқ бўлиб келган.

 

Ваҳдат ул-вужудни юнон фалсафаси ва насроний илоҳиётшунослигидаги пантеизм (юнонча  pan – ҳамма, teos – Худо) тушунчаси билан, тасаввуф ва ирфон тушунчаларини эса Ғарб фалсафасидаги мистицизм билан адаштириб-қориштириб юбориш ҳолати Ғарб шарқшунослиги ва исломшунослигида кўп учрайди. Афсуски, Шарқнинг баъзи тадқиқотчилари ҳам уларга эргашиб бу атамаларни хато ишлатмоқдалар.

 

Ваҳдат ул-вужуд фалсафаси унинг тарафдорлари, мухолифлари ва тадқиқотчилар томонидан доимо турлича талқин қилиб келинган. Уни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчаган, ўз эътиқоди ва тафаккури доирасида талқин этган. Бизнингча, ваҳдат ул-вужуднинг фалсафий ва диний-ирфоний мактабини бир-биридан фарқлаш лозим.

 

Фалсафий ваҳдати вужуд тарафдорлари Худо ва борлиқ ўртасидаги робитани ўргимчак ва унинг тўрига қиёслашган. Яъни ўргимчак ипларини ўзидан чиқариб тўқиганидек, Худо ҳам борлиқ ва ундаги мавжудотларни ўзидан чиқариб яратган. Аммо ирфоний ваҳдат ул-вужуд фалсафийсидан анча фарқ қилади. Хусусан, мутафаккир Ибн Арабий талқинида у ислом дини ақоидининг асосий рукни – тавҳиддан ўзга нарса эмас. Буни атоқли тасаввуфшунос олим Нажмиддин Комилов содда ва лўнда изоҳлаган: “Ваҳдат – ягоналик, бирлик Ҳақ таолога хос, олам ҳам шу ягона Руҳи Мутлақ билан бирдир. Демак, ваҳдат ул-вужуд деганда моддийликдан, шаклу шамойилдан холи, муназзаҳ, аммо ана шу Ўзи халқ этган оламлар билан доимий бирга бўлган, бу оламлар моҳиятини қамраб олган, уларга муҳит бўлган Зоти покнинг ягона вужуди англашилади”. Демак, ваҳдат ул-вужуд фалсафасида Худо – олам муносабати қуйидагича: ҳамма нарса Ундан; ҳамма нарса Унда; ҳамма нарса У билан.

 

Ваҳдат ул-вужуд фалсафасининг шаклланиши

 

Ваҳдат ул-вужудга яқин бўлган ғояларни илк маротаба Боязид Бистомий (801–875) илгари сурган. Буюк сўфий инсон ўз менидан қутулиши лозим деб ҳисоблайди. Бунинг учун у минг поғонадан ўтиб бўлгач, моддий оламнинг кўплиги – “касрат олами”, хилма-хиллик ва ранг-баранглик йўқолади. Солик илоҳий ҳақиқат нурига ғарқ бўлади. Ошиқ ва маъшуқ – инсон ва Худо ўртасидаги парда, яъни тўсиқ ўртадан кўтарилади.

 

Ислом фалсафаси асосчиси Абу Наср Форобий (872–950) илк бор “вужуд”, “вужуди вожиб”ва“вужудимумкин”(“яратилганвужуд”) кабикейинчалик ваҳдатул-вужуд таълимотидакенг қўлланганатамаларнифалсафий категориялардаражасигакўтаради. У вужуд (борлиқшунослик) фалсафиймактабиасосчисибўлган.

 

Форобий “Фусус ул-ҳикам” асарида (кейинроқ Ибн Арабий ҳам шу номда асар битади) фалсафа – рационализм ва тасаввуф –  иррационализмни бир-бирига яқинлаштиришга ҳаракат қилади. Шу мақсадда “рационал далилларни эътироф этиб, аниқ ғояларни баён этиш орқали сўфийларнинг мақсадга эришиш йўлларини фалсафанинг рационал билимларини чуқурлаштиришга кўмаклашувчи восита деб баҳолайди” (Саййид Муҳаммад Хотамий. Ислом тафаккури тарихидан. Тошкент, “Минҳож”, 2003. 71-бет).

 

Анъанавий дин тамойилларидан фарқли ўлароқ, ваҳдат ул-вужуд Оллоҳ ғоясини олам моҳияти ичра сингдириб юбориб (қ.: Философский энциклопедический словарь. Москва, “Советская энциклопедия”, 1983. Стр. 476), шариат ва тариқат ўртасида ақидавий ихтилофларни вужудга келтирди. XII–XIII асрлар оралиғида Имом Муҳаммад Ғаззолий таълимоти нафақат мусулмонлар, балки яҳудий ва насронийларнинг ҳам дунёқарашига кучли таъсир кўрсатди. XIV–XVI асрларда эса Эрон ва Ўрта Осиёда араб алломаси Ибн Арабий қарашлари кўпроқ шуҳрат қозонди.

 

Ваҳдат ул-вужуд илк бор IX асрда куртак отган бўлса-да, салкам тўрт юз йил ўтгандан сўнггина мукаммал ва мустақил назария сифатида шаклланди, Шайхи акбар – Муҳйиддин Ибн Арабий томонидан илмий-назарий асосланди.

 

Профессор Н.Комиловга кўра, ваҳдат ул-вужуд ғоялари Ибн Арабий китоблари ҳали Эрону Хуросонда тарқалмасдан олдин буюк мутасаввиф Фаридуддин Аттор (1145–1221) асарларида учрайди. Бинобарин, Аттор мазкур таълимотнинг асосчиларидан биридир (қ.: Комилов Н. Тасаввуф. Иккинчи китоб: Тавҳид асрори. Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1999. 53-бет). Дарҳақиқат, ваҳдат ул-вужуд ирфон фалсафаси тарихида Ибн Арабий номи билан боғлиқ бўлса-да, унинг ғоявий сарчашмаларини Аттор, ҳатто ундан олдинги мутафаккирлардан излаш лозим. Кейинроқ Жалолиддин Румий ҳам уни ўзига хос талқин этган.

 

Ибн Арабий ҳам Аттор каби ислом динининг энг мақбул йўли – тасаввуф, тасаввуф эса исломнинг ҳақиқий тафаккур тарзи деб билади. Ибн Арабийдан тахминан 20 ёш катта бўлган ва асарларида ваҳдат ул-вужудни тарғиб этган Аттор (аммо у бу ғояларни айнан ваҳдат ул-вужуд деб атамаган) тасаввуф аҳлини улуғлайди ва бу ҳақда: “Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кейин сўзларнинг энг гўзали валийлар сўзи эканини кўрдим, чунки уларнинг барча сўзлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг шарҳидир” (Фаридуддин Аттор Нишопурий. Тазкират ул-авлиё. Муқаддима. Форсийдан Мирзо Кенжабек таржимаси. “Сино” журнали, 2002, №8. 47-бет) деб ёзади. Дарвоқе, Аттор шариат ва тариқат ўртасидаги баҳсларга барҳам бериб, уларни уйғунлаштиришга хизмат қилган буюк орифдир.

 

Ваҳдат ул-вужуд фалсафасининг асосий баҳс мавзуси

 

Ваҳдат ул-вужуд истилоҳи “борлиқнинг бирлиги”, “вужуднинг ягоналиги” маъносини англатади. Аммо уни “борлиқнинг бирлашуви” ёки “барча нарса ва ашёларнинг битта вужуд атрофида жипслашиши ёки бирлашиши” маъносида эмас, балки “борлиқнинг (вужуд) ягоналиги” маъносида англаш лозим. Шундагина бу тушунча пантеизмни эмас, ваҳдат ул-вужуд фалсафасининг мазмун-моҳиятини ифодалайди.

 

Ибн Арабий таълимотида вужуд (борлиқ) билан олам икки алоҳида, мустақил фалсафий-ирфоний категория ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, олам вужуд бўлолмайди. Демак, у Мутлақ Вужуддан бир нарсадир: “Олам Ҳақнинг айни ўзи эмас. У бутунлай Ҳақ вужудида зоҳир бўлган бир нарсадир” (Муҳйиддин ибн ал-Арабий. Ал-Футуҳот ул-Маккия. 3-жилд. 227-бет).

 

Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига эргашувчи ашъарий мутакаллимлар вужуд билан боғлиқ тушунчаларни қуйидагича изоҳлайдилар:

 

1. Вожиб ул-вужуд – Оллоҳ таоло мавжудлигининг зарурлиги.

 

2. Мумкин ул-вужуд – мумкин саналган вужудларни Оллоҳ яратмаса ҳам бўларди, аммо яратди.

 

3. Мумтанеъ ул-вужуд – мавжуд бўлиши мумкин бўлмаган вужуд. Яъни Оллоҳнинг шериги мавжуд бўлиши мумкин эмас.

 

Ибн Арабий таълимотидаги вожиб ал-вужуд тушунчаси вужуд категорияси каби Шарқ аристотелизми намояндалари – Форобий, Ибн Сино ва Хайём фалсафасидаги вожиб ул-вужуд категорияси билан маънодош, аммо кўпроқ диний-ирфоний маъно ва мазмун касб этган. Вужуди вожиб ва вужуди мумкин тушунчаларидан перипатетик фалсафа намояндалари – Форобий, Ибн Сино, Хайём, Ибн Рушд ва бошқалар борлиқ муаммосини талқин этишда кенг фойдаланганлар. Бу тушунчаларга кўра, борлиқ вужуди вожиб (зарурий мавжуд ибтидо) ва вужуди мумкиндан (имконий мавжуд нарсалар) иборат. Улар ўртасидаги ўзаро алоқадорлик табиат ва мантиқ қонуниятларига зид келмайдиган тартибга бўйсунади. Вожиб ул-вужуд биринчи сабаб сифатида ўзидан бошқа нарсанинг ҳосиласи бўлолмайди. У барча нарсаларни яратади, лекин ўзи бошқа нарсалар томонидан яратилмайди. Унинг зотида нуқсон, камчилик ёки ноаниқлик йўқ, уни тўлдиришга бирон бир зарурат ҳам йўқ. Унинг ҳолати ҳеч қачон ўзгармайди. У мутлақ борлиқ ва мутлақ ақл тимсолидир (қ.: Носиров Р. Вужуди вожиб ва вужуди мумкин / Фалсафа. Қисқача изоҳли луғат. Тошкент, “Шарқ”, 2004. 92-бет).

 

Аксар ваҳдат ул-вужудчи олимлар нуқтаи назарида Оллоҳ таоло борлиқдаги мавжудотларни йўқдан бор қилган эмас, балки Ўзидан яратган. Аммо аҳли сунна вал-жамоа мутакаллимлари Оллоҳ таоло оламдаги барча мавжудотларни йўқдан бор қилди деб ҳисоблайдилар.

Маълумотларга қараганда, Ибн Арабий мужтаҳид олим сифатида янги мазҳабга асос солиш салоҳиятига эга бўлса-да, аҳли сунна вал-жамоанинг моликия мазҳабига эргашган. Аммо унинг дунёқараши фақат шу мазҳаб билан чекланмайди. Олимнинг диний, фалсафий, ирфоний ва ахлоқий дунёқараши фиқҳий-ақидавий мазҳаблар доирасидан анча кенгроқ бўлгани сингари ҳар қандай фалсафий мактаб доирасига ҳам сиғмайди. У материалист ҳам, рационалист ҳам бўлмагани каби шариат зоҳири билан обрў топган мутаассиб ҳам бўлмаган. Ибн Арабий замондоши Мавлоно Жалолиддин Румий каби фалсафа ва файласуфларни хуш кўрмаган. Худди у сингари илоҳий ишқни яралишнинг асосий сабаби деб билган. Бири форсийзабон, бири арабзабон; бири ҳанафий, бири моликий бўлган бу икки буюк мутафаккирнинг тавҳид ва ислом, иймон ва эҳсон, холиқ ва махлуқ, зот ва сифот, ваҳдат ва касрат, фано ва бақо, ишқ ва муҳаббат, инсон ва кайҳон, ҳаёт ва ўлим ҳақидаги қарашлари шу даражада яқин ва бир-бирига ўхшаб кетадики, гоҳида беихтиёр униси бунисидан таъсирланган экан, деган хулосага келасан киши. Аммо бу фараз эҳтимолдан анча узоқ. Манбаларда Андалусияда улғайиб, кўп йиллар давомида шимолий Африка ва Арабистон яриморолини кезиб чиққан Ибн Арабий ва навқиронлигида Кўнёга келиб қўним топган Румий ўртасида мулоқот бўлгани ҳақида маълумот учрамайди. Бу ҳақда уларнинг асарларида ҳам ишора йўқ. Унда, эҳтимол, Румийнинг ҳам, Ибн Арабийнинг ҳам маънавий сарчашмаси Аттор бўлгандир?

 

Ислом оламининг ҳам шиа, ҳам сунний олимлари ичида Муҳйиддин Ибн Арабий қарашларининг мухолиф ва тарафдорлари бўлган. Кўпгина шиа уламолари уни ашаддий душман санаган. Умуман олганда эса унга мухолиф бўлганларни турли тоифалардан топиш мумкин. Ҳанбалий фақиҳлардан Ибн Таймия номи билан машҳур бўлган Тақиддин Абулаббос, шофеъий муфассир ва муаррихлардан Иброҳим Умар бин Ҳасан Шофеъийни шу сирада санаш мумкин. Алоуддавла Симноний эса Ибн Арабийнинг ирфоний мақом-мартабасини эътироф этиб, валийлигини тан олган ҳолда ваҳдат ул-вужудга оид қарашларини маъқулламаган. Машҳур шиа олими ва сўфийси Саййид Ҳайдар Омулий ҳам Ибн Арабий издошларидан бўлганига қарамай, уни улуғ саҳобалар – Абу Бакр ва Умарни авлиёуллоҳ деб атагани, лекин Алини бу тоифага қўшмагани учун қаттиқ танқид қилган.

 

Манбаларда 500 га яқин рисола таълиф қилгани қайд этилган бўлса-да, асосан “Футуҳот ул-Маккия” ва “Фусус ал-ҳикам” номли икки асари билан танилган, Шайх ал-акбар (энг улуғ шайх) номи билан улуғланган Ибн Арабийга айнан ваҳдат ул-вужуд таълимоти туфайли мухолифлари томонидан Шайхи акфар (энг кофир шайх) лақаби ҳам берилган. Ўттиз йилдан кўпроқ умрини Ибн Арабий асарларини мутолаа қилиш ва уларни шарҳлашга сарфлаган буюк мутафаккир Мавлоно Абдураҳмон Жомий алломани мақтаб, “Фусус ал-ҳикам”га таъна қилувчилар маломатининг асосий сабаби ё тақлиддан, ё унинг асарларида келтирилган ҳақиқатларнинг маъноларини билмаслик оқибатидандир деб баҳолайди (қ.: Абдураҳмон ал-Жомий. Нафаҳот ул-унс. Тошкент, 529-бет). Жумладан, ваҳдат ул-вужудга берилган қуйидаги таърифда ҳам анчагина жўн ва юзаки тасаввур сезилади: “Ваҳдат ул-вужуд борлиқдаги жами яралмишлар Оллоҳнинг зотини билдиради. Бутун коинот Оллоҳдир деган таълимот ҳисобланади” (Аҳмад ибн Абдулазиз. Ақидат ас-суфия ваҳдат ал-вужуд ал-хафия. Риёз, “Мактабат ар-рушд”, 2003. 30-бет).

 

Ибн Арабий шахсини юксакка кўтариш, унинг таълимотини ҳимоя қилиш ва асарларини шарҳлашга бел боғлаган аҳли сунна вал-жамоа уламолари, мутакаллимлари ва мутасаввифларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Масалан, Абулҳасан Али бин Иброҳим бин Абдуллоҳ Қори Бағдодий (ваф. – ҳ. 821 й.) Ибн Арабийга бағишлаб маноқиб ёзади ва уни олийқадр Шайх, ҳақиқий маърифат асроридан огоҳ, замонанинг ягонаси, Исми Аъзам, иксири замон, кимиёи аср деб атайди (қ.: Қори Бағдодий, Абулҳасан Али бин Иброҳим бин Абдуллоҳ. Ад-дор ус-самин фий маноқиб уш-Шайх Муҳйиддин. Байрут, 1959. 2441-бетлар).

 

Ўн йил Истанбулда қози ва муфтий бўлган, 300 дан ортиқ асари билан ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик эътиқодига катта ҳисса қўшган Ибн Камол Пошшо ҳам Ибн Арабий шахсияти ва қарашларини ҳимоя қилиб, у ҳақда бундай фатво чиқарган: “Эй одамлар! Билингларки, албатта энг улуғ шайх, энг мукаррам пешво, орифлар қутби, тавҳид эгаларининг имоми Муҳаммад ибн Али ал-Арабий ат-Тоий ал-Ҳотамий ал-Андалусий комил мужтаҳид ва фозил муршиддир! Унинг ажойиб маноқиблари, содир этган кароматлари, кўпгина шогирдлари бордир. У фозиллар ва уламолар наздида мақбулдир. Кимки уни инкор қилса, бас, хато қилган бўлади. Кимки ўз инкорида давом қилаверса, батаҳқиқ, залолатга кетади...

 

Ибн Арабийнинг (р.ҳ.) ёзган асарлари кўпдир, жумладан, “Фусус ал-ҳикам” ва “Футуҳот ул-Маккия”. Улардаги айрим масалаларнинг лафзлари ҳам, маънолари ҳам маълум, илоҳий ишққа, набавий шариатга мувофиқ келади. Айримларининг маъноси эса ботин ва кашф аҳлининг эмас, балки зоҳир аҳлининг идрокидан яшириндир. Шундай экан, кимки уларнинг тўғри маъносига ета олмаса, бу мақомда унга сукут қилиши вожиб бўлади. Оллоҳ таолонинг гапи борлиги учун: “Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшалар масъулдирлар” (Фатво Ибн Камол пошшо ли-ш-Шайх Муҳаммад Ибн Арабий // Мажмуату тисъа расоил. Қўлёзма. Мактабату Жомеъату Риёз. Қисм ал-махтутот. №3230. В. 130 а).

 

Ибн Арабий ва унинг издошлари талқин этган ваҳдат ул-вужуд фалсафаси оламдаги моддий ва номоддий, жонли ва жонсиз барча мавжудотлар бирлашиб Мутлақ Вужудни ташкил этади, деган пантеизмнинг айни такрори эмас. У борлиқ ягона мавжудликдан   – Оллоҳдан иборат деган фикрга асосланган. Яъни бу таълимотнинг негизида ширк ёки материалистик дунёқараш эмас, балки тавҳиднинг олий намунаси ётади. Бошқача айтганда, ваҳдат ул-вужуд назариясига кўра, олам Мутлақ Зоти мукаррам – Ҳақ таолонинг ўз ҳусну жамоли, қудрат ва сифатларини намоён этиш истагидан пайдо бўлган. Борлиқ гўё кўзгу бўлиб, Ҳақ жамоли, илму ҳикмати унда акс этади, жилоланади. Шундан ушбу таълимотнинг муҳим қисми бўлган тажаллий ғояси ҳам келиб чиқади. Мутлақ Руҳ – оламнинг жони; оламдаги барча ўзгариш, қонуниятлар, зиддият ва келишувлар, модданинг ҳаракати, жисмларнинг ўзаро алоқа-муносабати, мувозанат ва низомлар, тартиб-қоидалар, ўсиш-улғайиш ва емирилиш – ҳамма-ҳаммасида Мутлақ Вужуд – Ҳақ таолонинг иштироки, амри бор. Борлиқнинг энг кичик заррасидан коинотгача жами ашёлар Мутлақ Руҳ назорати, бошқаруви остидадир. Шу асосда бутун олам ягона Руҳи Мутлаққа боғлиқ ҳолдагина мавжуд. Демак, ҳақиқий ва абадий вужуд Унинг Ўзи, моддий олам эса – абадий эмас, у фоний ёки Мутлақ Руҳнинг хаёли, холос (қ.: Комилов Н. Ибн Арабий Абдураҳмон Жомий талқинида / Холмўминов Ж. Жомий ва ваҳдат ул-вужуд таълимоти. Тошкент, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”, 2008. 3-бет).

 

Шайх ул-акбар тавҳид деганда ваҳдат ул-вужудни тушунади. У ислом тавҳидий тафаккурининг асоси бўлмиш “Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” (“Ла илаҳа иллаллоҳ”) эътиқоди билан тасаввуф аҳлининг “бутун борлиқда Оллоҳдан ўзга вужуд мавжуд эмас” (“Ла мавжуда иллаллоҳ”) деган қараши ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ деб ҳисоблайди. Умуман олганда, буюк шайхнинг Оллоҳ ва оламнинг бирлиги тўғрисидаги қарашларини “Яратилмишнинг борлиги Яратгувчи борлигининг моҳиятидир” деган формула билан ифодалаш ҳам мумкин. У борлиқ, вужуд деганда ташқи, зоҳирий, эмпирик (кўзга кўринадиган, ҳис этиладиган, илмий-тажрибавий далиллар билан исбот этиладиган) борлиқни эмас, балки ботиний субстанционал борлиқни назарда тутади.

 

Ибн Арабий Худонинг сифатлари ҳақида бундай ёзади: “Худо фақат ўзининг сифатлари ва тимсоллари орқали касрат – кўпликка эга бўлади. Агар Унга Унинг моҳияти нуқтаи назаридан қаралса, У – Ҳақиқат, агар Унга намоён бўлган сифатлар нуқтаи назаридан қаралса, У – Яралишдир. Аммо бу бирлик ва кўплик, аввал (ибтидо) ва охир (интиҳо), қадим ва янги, вожиб (зарурий мавжудлик) ва мумкин ўртасидаги қарама-қаршилик ўзида ягона ҳақиқатни мужассамлаштиради” (Мажид Фахрий. Сайри фалсафа дар жаҳони ислом. Таржума зери назари Насруллоҳ Пуржаводий. Теҳрон, “Нашри донишгоҳий”, 1372/1993. 271-бет).

 

Бутун борлиқда фақатгина ягона, азалий ва абадий Оллоҳ мавжуд деб ҳисоблайдиган ваҳдат ул-вужуд фалсафасига кўра, моддий олам, нарсалар дунёси ҳақиқий эмас; ҳақиқат фақат Оллоҳда мужассам; моддий олам эса Оллоҳнинг нури, шуъласидир. Ваҳдат ул-вужуд тарафдорлари, Худо бутун борлиқ ва ундаги мавжуд нарсаларни мунтазам равишда, узлуксиз ва тўхтовсиз ҳолда яратиб туради деб билганлар. Агар Худо борлиқни яратиб, сўнг уни бутунлай ўз ихтиёрига ташлаб қўйган; қолган воқеа-ҳодисалар, ўзгариш ва ривожланишлар Унинг иштирокисиз содир бўлади дейилса (бу хил нуқтаи назар XVII асрда инглиз мутафаккири лорд Чербери томонидан яратилган деизм таълимотига ўхшаб кетади; деизм Худонинг яратгандан кейин оламга таъсирчан иштирокини инкор этади), Ҳақ таолонинг холиқлик – яратгувчилик сифатида нуқсон сезилади.

 

Комил инсон – Одам Ато фарзандларининг афзали; ботиний ва зоҳирий фазилатлари билан замон ва макон чегарасидан юксакроқ, олийроқ зотдир. Маърифат аҳли томонидан якдиллик билан эътироф этилган комил инсон – Муҳаммаддир (с.а.в.). Комил инсон масаласи Ибн Арабийдан сўнг Эрон ва Ўрта Осиё мутафаккирларининг диққат марказида бўлди. Шайх Омилий, Абдукарим Гелоний ва Азизиддин Насафийнинг бу борадаги қарашлари, шубҳасиз, Ибн Арабий таълимотидан сарчашма олади.

 

Ибн Арабий таълимоти Хожа Муҳаммад Порсо Бухорий ва Мавлоно Абдураҳмон Жомий асарлари орқали тобора сиёсий-ижтимоийлашиб бораётган нақшбандиянинг илмий-назарий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Хожа Муҳаммад Порсонинг “Шарҳи Фусус ул-ҳикам”, “Фасл ул-хитоб”; Хожа Аҳрорнинг “Волидия”, Жомийнинг “Шарҳи Фусус ул-ҳикам”, “Шарҳи рубоиёт”, “Ашиъат ул-ламаъот”, “Лавоеҳ”, “Лавомеъ” каби асарлари ё Ибн Арабий асарларига шарҳ, ё унинг дунёқараши доирасида яратилган. Навоий, Ҳилолий, Мирзо Бедил каби шоирлар ҳам ваҳдат ул-вужуд ғояларидан озиқланган.

 

Турк олими Сулаймон Улудоғ таъкидлаганидек, Ибн Арабий Андалусиядан тортиб то Индонезиягача бутун ислом оламига таъсир кўрсатган (қ.: Сулаймон Улудоғ. Ибн Арабий. Таржумаи Довуд Вафоий. Теҳрон, “Нашри марказ”, 1384. 151-бет). Унинг, айниқса, ваҳдат ул-вужуд ҳақидаги таълимоти Эрон ва Ўрта Осиёда кенг ёйилди. Ушбу минтақанинг нафақат диний-фалсафий тафаккури, балки шеъриятининг юксалиши, янги фалсафий ғоялар билан бойишига ҳам таъсир кўрсатди.

 

Ваҳдат ул-вужуд – борлиқшунослик ва билиш назарияси

 

Борлиқ мутлақ вужуднинг ҳақиқати экани, бутун борлиқда битта вужуд мавжудлиги ва у Оллоҳ таоло экани, бошқа вужудлар эса унинг мавжудлиги туфайли бор бўлгани ҳақидаги ғоялар ваҳдат ул-вужуд фалсафасининг борлиқшунослиги – онтологиясини ташкил этади.

 

Ибн Арабийнинг илмий-фалсафий ғоялари, асосан, қуйидаги масалаларга бағишланган: барча нарсаларнинг асл моҳияти – Оллоҳдир. Барча нарсаларнинг асосий замири, негизи, субстанцияси ягонадир, шунинг учун оламнинг ҳар қандай қисми, зарраси ҳам шу яхлит олам кабидир. Фақат шу илоҳий субстанциянинг оламий бирлигигина ҳақиқий воқеликни намоён этади, ташқи эмпирик борлиқ эса мавҳумдир. У инсонлар тафаккурида, уларнинг дунёвий ҳаётидагина ҳақиқийдек намоён бўлади, аслида, у бир саробдир. Инсоният мавжудликда кўпчилик бўлса ҳам, ўз субстанциясида ягона, яхлитдир. Оламда барча нарса, инсоннинг руҳи ҳам илоҳий илк манба тажаллийсидир. Файласуфлар наздида “сабаби аввал” деб аталадиган илоҳий тажаллий илоҳий қудрат орқали бутун борлиқ узра ёйилган. Мутафаккирнинг ягона борлиқ концепциясига кўра, барча нарсалар, авваламбор, ғоя кўринишида Оллоҳ таоло илмида мавжуд бўлади, Ундан келиб чиқади ва яна Унга қайтиб боради. Олам, борлиқ фақат ўша Ягонанинг ташқи, зоҳирий томони, Оллоҳ эса ички, ботиний томонидир (қ.: Кныш     А. Мусульманский мистицизм. Москва, Санкт-Петербург, “Диля”, 2004. Стр. 1).

 

Ваҳдат ул-вужуд, асосан, онтологик таълимот бўлишига қарамасдан, унда билиш (маърифат) назарияси – гносеология масалалари ҳам кўриб чиқилади. Хусусан, зот маърифати масаласи марказий масалалардан саналади.

 

Зот маърифати масаласи, асосан, калом ва фалсафа илмларининг баҳс мавзуси бўлиб, ирфон фалсафасига Ибн Арабийнинг ваҳдат ул-вужуд таълимоти орқали кириб келган. Бу – Оллоҳ зотини маърифат этишни (билиш, идрок этиш) англатади. Хўш, Оллоҳнинг зоти хусусида фикр юритиш мумкинми ё мумкинмасми? Унинг зотини идрок этиб бўладими ё бўлмайдими?

 

Ибн Арабий файласуфларнинг Оллоҳ таоло зоти ҳақидаги қарашлари асосли эмаслигини таъкидлаб, “кимки бундай далиллар орқали бирон нарсани англамоқчи бўлса, хусрон – зиён ва бахтсизликдан ўзга ҳеч нарсага эришолмайди” (“Ал-Футуҳот ул-Маккия”, 4-жилд, 307-бет) дейди. Шу билан бирга, олим назар аҳли, яъни файласуфларнинг бу борадаги уринишларини қаттиқ танқид остига олади: “Назар аҳли Худо зоти тўғрисидаги баҳс эшигини очибдилар, аммо сўзлари сафсатадан бошқа нарса эмас. Уларнинг ҳар бири ўз билими ва ақидасига яраша бу ҳақда нимадир айтибди, бошқаси эса айнан шуни инкор этибди. Худони маърифат этиш борасида уларнинг ягона нуқтаи назарлари йўқдир... “Улар бу дунё ҳаётидаёқ саъй-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман деб ҳисоблайдиганлардир, дегин” (Каҳф сураси, 104-оят). Уларнинг бир гуруҳи Тангри борлиқнинг сабабидир, дейди. Бошқа бир гуруҳи сабаб эканини рад этади. Бошқа бир тоифаси айтадики, Тангри жавҳар (субстанция), араз (атрибут) ёки жисм (материя) бўлолмайди, балки Унинг Ўзи Ўз моҳияти ҳисобланади... Шу тариқа сўзни роса чўзиб, машҳур зарбулмасалнинг тасдиғига айланмишлар: “Тегирмоннинг овозини эшитаман, аммо ундан дарак йўқ” (ўша манба).

 

Ибн Арабий оламни билишда ақлнинг ўрнини алоҳида таъкидлайди. Унингча, инсонга маълум бўлмаган нарсаларни маълум қилдирган Парвардигор унга одам ва олам сир-асрорини англаш учун ақл-идрок ва тафаккур ато этди – бу иккиси одамни борлиқнинг кашшофига айлантирди. Аммо инсонга ундан ҳам кучлироқ бўлган яна бошқа бир неъмат – қалб ва мукошафа йўли билан оламни идрок этиш қобилиятини ҳам туҳфа этди. Бу ноёб қобилият унга ботин олами билан боғланиш имконини берди. Иймон завқи, кучли ҳиссий-ботиний туйғулар билан лиммо-лим бўлган ушбу қобилият имкониятларининг чек-чегараси йўқ эди. Аммо у фақатгина шайтоний истакларини енгиб, Раббини таниган, нафсини тарбиялаб (тазкият ун-нафси), қалбини поклаб (тасфият ул-қалби), мусаффо кўзгуга айлантира олган, бутун борлиғини фақатгина муҳаббат ва маърифат эгаллаб олган зотларгагина насиб этган. Ҳадиси қудсийда айтилгандек, “Кимки ўз нафсини таниган бўлса, муҳаққақ, у ўз Раббини танигай”. Парвардигор бундай ноёб қобилиятни ўзи билан дўст тутинган бандалари – авлиёуллоҳга инъом этди.

 

Ибн Арабийнинг фикрича, ақл инсонга Унинг зоти ва сифатларини идрок этиш учун эмас, балки борлиги, бирлиги ва маъбудлигини таниш учун иноят қилинган. Ақл ўзини ана шундай маърифатга эга бўлиш учун тайёрлаб бориши лозим. Зеро, ақл ҳатто илм, далил ва исбот ёрдамида ҳам Оллоҳ зотини идрок этолмайди; фақат унинг борлиги, бирлиги ва маъбудлигини маърифат этиши мумкин (қ.: “Футуҳот ул-Маккия”, 1-жилд, 94-95-бетлар). Ибн Арабий ақлнинг бу қобилияти ҳақида бундай ёзади: “Парвардигор ақлга Ўзини маърифат этишни юклади ва Ўзидан бошқа бирон нарсага чалғиб кетмаслиги учун унга “Улар ўйламайдиларми?” деб буюрди. Аммо ақл Ҳақ таолонинг тафаккур қилиш ҳақидаги амрини нотўғри тушунди, тафаккур орқали Худони маърифат этишга йўл топиш лозим деб ўйлади. Шунинг учун ҳам далил излашга тушди ва топган далилларини ўзига асос қилиб олди. Аммо анбиё, авлиё ва тариқат аҳли Ҳақ таоло зоти ҳақида фикрлаш мумкин эмаслиги, бу нарса наҳй этилгани, Оллоҳ зотини маърифат этишнинг ягона йўли илоҳий таъриф (борлиги, бирлиги ва маъбудлиги – Ж.Х.) экани ва фақат Унинг Ўзига юз тутиш лозимлигини англаб етдилар. Натижада Парвардигор уларга Ўзини маърифат этиш қобилиятини берди ва улар фикр орқали топиши мумкин бўлган нарса илоҳий нисбат орқали қийин эмаслигини тушуниб олди” (ўша манба, 162-бет).

 

Кўриниб турганидек, Ибн Арабийнинг ваҳдат ул-вужуд фалсафаси борлиқ моҳияти ва ҳақиқатини билиш масаласида агностицизмга (ҳақиқатнинг моҳиятини билиб бўлмайди) яқинроқ кўринади, аммо гностицизмга (ҳақиқатнинг моҳиятини билса бўлади) ҳам мойиллик билдиради. Ибн Арабийнинг оламни англаш хусусидаги назариясини яхлит тасаввур этган ҳолда, уни агностицизм ва гностицизм оралиғида деб баҳолаш тўғри бўлади. Бу ҳол яна бир карра Ибн Арабий қарашларига зиддият ва кескин хулосалар хос эканини кўрсатади.

 

Жаъфар ХОЛМЎМИНОВ

  

“Tafakkur” журнали, 2020 йил 1-сон.

“Ирфон фалсафасининг юраги” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси