Чираниш билан меҳр қозониб бўлмайди – Усмон Носир кўринмаган “Усмон Носир” спектакли ҳақидаги ўйлар


Сақлаш
23:07 / 08.07.2022 1678 2

 

Муқимий номидаги мусиқали драма театрида миллатнинг жувонмарг кетган оловюрак шоири Усмон Носир ҳақидаги спектаклнинг премьераси бўлиб ўтди. Истеъдодли ёзувчи Жавлон Жовлиев пьесаси асосида саҳналаштирилган саҳна асарида совет зулмидан қийналиб ҳалок бўлган шоир тўғрисидаги ҳақиқатлар айтилиши, унинг шахси халқимизга янада яқинлаштирилиши кутилган эди. Бироқ... Кичик-кичик этюдларни зўрма-зўракилик билан ёпиштириб чиқилишидан ясалган қурама спектакль салкам икки соат давомида актёрларнинг чиранган овозлари, ҳаракатлари, қуруқдан-қуруқ диалоглар билан тўлган.

 

Асоссиз чўзиб юборилган

 

Спектакль “Юрак” қўшиғининг ажойиб ижроси билан бошланади. Муаллифнинг яхши топилмаси – музлаткич (Сибир рамзи) ичидан чиқиб келган Усмон Носир атрофида айланаётган илҳом парилари, тарихий муҳит акс этган декорация сизга янги руҳ, янги асар ваъда қилади. Аммо шоир образини гавдалантирган актёр кучаниб шеър ўқий бошлагач, устингиздан кимдир бир челак совуқ сув қуйиб юборгандек бўлади. Актёр нафақат ижодкорни, балки унинг шеърларини ҳам ҳис қилмагани сезилади. У ролга киришиш учун спектаклнинг бошидан-охиригача шу қадар зўриқдики, оқибатда саҳнада биз шеърлари орқали таниган Усмон Носирга умуман тескари одам пайдо бўлди. Балки муаллиф шоирни шундай кўришни истагандир, билмадим...

 

Воқеалар хронологияси бир қарашда изчил, мантиқан давом этса-да, сизни ушлаб турадиган “ип” берилмайди қўлингизга. Совуқ камерада ижодкорнинг оҳ-воҳи билан бошланган воқеалар ресторанга кўчиб, тенгқур шоирлару енгилтак қизларга (ҳаракатлари, гап-сўзларига кўра) китобини “ювиб” бераётган танти Усмон Носирни кўрамиз. Узундан-узун, зўрма-зўраки тизилган диалоглардан иборат 20 дақиқалик (!) саҳна ҳаддан ортиқ чўзилган. Шу қисм беш дақиқага бемалол сиғдирилганда ёки умуман олиб ташлангандаям кўп нарса йўқотилмайди.

 

Диалогларда маҳорат етишмайди

 

Спектаклдаги яна бир ишончсиз ва ортиқча саҳна – Усмоннинг онаси билан суҳбати. Адабиётдан воз кечишни талаб қилган волидасига шоир яна ўша баландпарвоз, пафосга тўла гаплар билан жавоб қайтаради. Диалогларда ҳам ҳаётийлик сезилмайди. Масалан, оддий ўзбек аёли “Бу шўрпешонамга бир Машраб етмай турувди?!” деса халқчилроқ чиқарди.

 

Асарда Усмон Носир ва аскарлар конфликтига дуч келамиз. Айни шу зиддият спектаклда такрор-такрор кўрсатилган ва ҳар гал бир хил мазмундаги гапларнинг бошқачароқ берилиши томошабинни зериктиради. Айниқса, муаллиф хаёли маҳсули бўлган оқкўнгил Сашанинг шоирга ҳаддан ортиқ ҳурмати ва меҳри жуда сохта чиққан.

 

Йиллар бўйи қамоқхонада ишлаб келаётган шифокорнинг асирга ачиниши ҳам унчалик ишончли кўринмайди. Камига, актёрларнинг чираниши воқеликни янада сохталаштиради, томошабинга тескари таъсир этади. Шу каби ўринларда муаллифнинг ҳали саҳна билан ишлаш тажрибаси камлиги сезилади. Кўрсатиб бериш мумкин бўлган ҳолатлар узундан-узоқ гап-сўзлар билан айтиб берилган.

 

Топилма бўлмаган топилмалар

 

Спектаклда жимжимадор сўзлар кўпайиб кетгани боис шоирни бир лаҳза бўлсин ҳис қилолмайсиз, яхши кўриб қололмайсиз, афсуски. Саҳнада Усмон Носирдан кўра кўпроқ Ҳамид Олимжонга яқин образни, гоҳ муаллиф Жавлон Жовлиевни кўргандек бўласиз.

 

Совуқ ўлкада аскарлар оёғи остида топталаётган, ялинчоқ овозда бир қултум сут сўраб ёлвораётган шоирнинг аслида сиёҳ йўқлигидан деворга қони билан шеър битган КАТТА ИЖОДКОР бўлганини кўрсатмайди муаллиф. Албатта, пьесада қайси саҳнани, қайси воқеани бериш драматургнинг хоҳиши. Лекин Усмон Носир ҳаётининг ўзи бутун бўйи билан фожиа экани ҳолида муаллиф асарини ясама қаҳрамонлар, диалоглар билан тўлдиргани ажаблантирди, рости.

 

Охирроғида оқкўнгил Саша отиб ташлаган икки сотқин шоирнинг жон таслим қилмагани ва “Биз бир ўқ билан ўламизми, биз шу халқ ичида яшаймиз”, дея томошабинлар орасига сингиб кетиши зални ларзага келтирди. Чиндан, яхши ўйланган эпизод, лекин ўзбек томошабинига бегона эмас. Наби Абдураҳмонов саҳналаштирган “Содом ва Гоморра” спектаклидаги Люцифер, гўё шайтоннинг оломон билан аралашиб кетишини эслатади ногоҳ. Якунда шоир шарафига қўйилган ҳайкал пойига айни шу икки сотқиннинг гул кўтариб келишини бутун зал олқишлар билан кутиб олди. Афсуски, бу бутун спектакль бўйлаб сочилиб кетган камчиликлар ўрнини тўлдириш учун етарли эмас, назаримда.

 

Спектакль тугагач, бир неча таниш ижодкорлар, драматурглар билан суҳбатлашдик. Негадир ҳаммамизда ўнғайсизлик, афсус бор эди, кўнглимиздаги гапни айтолмай бир-биримиздан хижолат бўлардик. “Тасаввуримиздагича қолгани яхши эди”, деди ниҳоят кимдир. Унга жавобан драматург танишим “Сиз қандай рандалашларини билмайсиз-да”, деди бош чайқаб. “Нимадир қолиши керак-ку, ҳар қандай рандалагандаям”, дедим.

 

Билишимча, спектакль кейинроқ оммавий қўйила бошлайди. Муаллиф учун камчиликларни кўриш ва қайта ишлашга фурсат етарли бўлади. Умид қиламанки, биз кейинги сафар саҳнада УСМОН НОСИРни кўра оламиз.

 

Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА

Oyina.uz

2 Изоҳлар

Dilorom

06:01 / 01.01.1970

Maqolada achchiqqina haqiqat aytilibdi.

Hoshimjon Ahmedov

06:01 / 01.01.1970

Yaxshi professional tahlil boʻlibdi. Tashakkur!

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси