Ўзбекларни ва “ўзбеккинони” қутқар(аёт)ган 101-рейс – нега бу фильмни кўришимиз керак?


Сақлаш
23:06 / 02.06.2022 1521 0

 

 

! Спойлер бўлиши мумкин.

 

Кейинги йилларда ўзбек кинематографияси томонидан суратга олинаётган аксар фильмлардан нафақат мутахассисларнинг, балки томошабинларнинг ҳам кўнгли тўлмай, агентлик атрофида турли гап-сўзлар кўпайган, ўзбек киносининг ривожидан кўнгил узиб-узолмай қолганимиз рост.

 

Қурама, чайналган, маиший мавзуда суратга олинган, пиарига ишониб сеансига тушсанг, иккинчи марта кўришга юрак бетламайдиган, “касса қилолмагани учун” бир ҳафта ўтмай, экранлардан олиб ташланган нечта фильм премьерасини ўтказдик, ахир (албатта, улар орасида кўришли кинокартиналар борлигини ҳам рад этиб бўлмайди). Шу сабабми янги фильм деса, хаёлга борсакми-бормасакми, деган ўй келадиган бўлиб қолганди.

 

 

Аммо 2022 йилнинг баҳорида ўзбек киносида ҳам умидли шамоллар ела бошлади. Аввалига “Эврилиш”, кейин “Муҳаббат баҳори”, мана энди “101-рейс”. Тўрт йилдан ошиқ вақт мобайнида катта экранларни кутган фильм ва ниҳоят томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Премьерага катта тайёргарлик кўрилгани таклифномаларга креатив ёндашишдан бошлаб, қизил йўлакнинг тартибли ва чиройли ўтганидан сезилди. Ҳар доимгидан бошқача декорациялар, тақдимотнинг марҳум актёрга ҳурмат тарзида бошланиши ҳам ичимиздаги хавотирни бироз босди.

 

 

Севимли санъаткоримиз Ҳошим Арслонов учун сўнгги фильм бўлиб қолган ушбу картинани суратга олиш 2018 йили бошланиб, 2020 йили тугатилган эди. Аммо маълум ва номаълум сабабларга кўра киноижодкорлар катта намойишни узоқ вақт кутишларига тўғри келди.

 

Картина реал воқеалар асосида суратга олинган бўлиб, 2001 йилнинг 11 сентябрида Нью-Йоркдаги портлашлар сабаб Ўзбекистон самолётининг фавқулодда вазиятга тушиб қолиши ҳикоя қилинади. АҚШ ҳеч бир учоқни ҳаво ҳудудига қабул қилмайди ва барча мамлакатларнинг самолётлари Канада аэропортлари томон уча бошлайди. Аммо учувчи Зариф Саидазимов бошқараётган “Boing 757”нинг ёнилғиси кам бўлгани боис уларнинг ҳеч бирига етиб боролмас, ортга ҳам қайтолмасди.

 

Фақат бир йўл қолади – яқинроқдаги Канада ҳарбий қисмига қўниш! Бунинг учун ҳам бўронли пўртанадан ўтиш керак. Қалтис вазиятда Ўзбекистондаги марказий бўлим билан боғланиб, рухсат олиши шарт. Аммо алоқа узилган. Пировардида сўнгги қарор кема капитанинг ўзига қолади. Ё пўртанадан эсон-омон ўтиб, йўловчи самолётлар учун тақиқланган ҳарбий ҳудудга қўниш ёки океанга қулаш керак. Учувчи таваккал қилади...

 

Экшн жанридаги фильм томошабинни бир дақиқа бўлсин ўзидан узоқлатмайди. Воқеалар ривожи фақатгина осмонда кечмайди, балки рейсдаги 193 нафар йўловчи ва экипаж аъзоларининг руҳий кечинмалари, ердаги ҳаёти, Ўзбекистон ҳамда АҚШ ҳукумати ўртасидаги сиёсий муносабатларни кўрамиз фильмда.

 

 

На ортга қайтишнинг, на олдга учишнинг имконини топа олмаётган ўзбек самолёти ҳавода йўл излаш жараёнига параллель равишда Америкага янги ҳаёт истаб кетаётган йўловчиларнинг тақдири очиб берила бошлайди. Айниқса, Ватанда бир боланинг ўлимига айбсиз-айбдор бўлиб қолган шифокорнинг бортда юраги хаста қизни қутқариши саҳнаси мен учун ажойиб топилма бўлди. Айнан шу эпизод фильмдаги чигалликни, тарангликни бўшатиб юбориб, умид беради кишига. Шифокор ва бемор қизнинг ота-онаси кўзидаги дард одамни титратиб юборади. Қиз ҳаётга қайтиб нафас оларкан, унга қўшилиб бутун зал енгил нафас олди, назаримда.

 

Киноижодкорлар ана шундай қалтис вазиятда ҳам томошабинни кулдиришнинг уддасидан чиққан. Фарҳод Абдуллаев ва Муқаддас Холиқова ижросидаги эпизодлар шу қадар самимий, шу қадар халқчил ва табиийки, беихтиёр юзингизга кулги югуради. Чиндан ҳам, фильмда суратга тушган бирор актёр ёки актрисада сохталик сезилмаган. Яъни бизнинг кўзимиз ўрган(м)аётган шиширилган лаблар, улама киприклар ёки кўргазмали мушакларни кўрмайсиз. Шунинг учундир ҳар бир қаҳрамоннинг кўзларидаги кечинмалар ич-ичингизга кириб боради.

 

 

 

Кинода режиссёр нигоҳлар, ҳаракатлар билан жуда яхши ишлагани сезилади. Диалогларда ҳам ўша даврнинг руҳини сезиш мумкин: “Америкада самолёт портлабди, телвизорни ёқинг, рус каналларида кўрсатишяпти”, “Улар бизни билишмайди” (Канада аэропортига қўниш учун рухсат сўраш вақтида Зариф Саидазимов томонидан айтилади).

 

Сценарийга кўра, фильм воқеалари Ўзбекистон, Америка, Канада ва осмонда кечиши керак. Аммо билишимча, барча жараёнлар фақат Ўзбекистонда тасвирга олинган ва операторларнинг маҳорати сабаб бу нарсани сезмайсиз. Шунингдек, кинода эпизодлар мазмунини очиб беришда мусиқа катта роль ўйнаган. Композитор ҳар бир лаҳзани сизга сўзма-сўз таржима қилиб бергандек тасаввур уйғонади томоша жараёнида. Картинада яна айрим эпизодлар, деталлар борки, яширин фикрларни илғаш ва бундан “мазза қивориш” учун ҳам фильмнинг ўзини томоша қилиш керак.

 

 

Тақиқланган ҳудудга қўнган самолётни кўриб, ҳаммаси тугади деганингизда қуролланган ҳарбийларни кўриб, аслида ҳаммаси энди бошланганини ҳис қиласиз. Режиссёр Акром Шоҳназаров фильмда кульминацияни қаерга, ечимни қаерга яширганини тополмайсиз ва бу эсингиздан ҳам чиқиб кетади баъзан. Томошабин хаёлида фақат бир фикр айланади: «Энди нима бўлади?!»

 

Албатта, сюжетнинг сизни бу тарзда киприк қоқтирмай етаклаб кетиши кинонинг ютуғи бўлса, бошқа томондан ўйлантиради. Яъни баъзи нарсалар мавҳумлигича, сўроқ остида қолади. Шунақа вазиятда ҳаммасидан хабари бўлган ҳукумат самолёт ҳарбий базага қўниши тахмин қилингач, нега Канадага алоқага чиқиб, вазиятни тушунтириб қўймайди? Ёки Зариф Саидносировнинг ўрнига ўтирмоқчи бўлган учувчи бортда нима қилаётган эди? Унинг вазифаси жанжал қилиш эди, холосми? Албатта, аслида у хато қилганини англаши керак эди, аммо унинг бортда шунчаки йўловчи сифатида кетиши бироз мантиқсиздек туюлади.

 

 

Фильмда инглизча диалоглар таржима қилиниб, русча сўзлар шунчаки ўз ҳолида қолдирилгани, юмшоқ қилиб айтганда, кишининг ғашига тегади. Аслида бу ҳолатни Кинематография агентлиги олаётган ҳар бир фильмда кўриш мумкин. Масалан, яқинда премьераси қилинган “Эврилиш” фильмининг салкам 90 фоизи русча! “Муҳаббат баҳори”да ҳам русча диалоглар ўз ҳолида қолдирилган. Аслини олганда, давлат тили бўлмаган ҳар қандай хорижий тилдаги жумлалар таржима қилиниб берилиши кино қоидаларига ҳам тўғри келади.

 

 

“101-рейс” ортиқча зўракиликсиз, мажбурловларсиз суратга олингани, орамиздаги қаҳрамонлар ҳақида самимий ва борича ҳикоя қилинган фильм бўлгани учун ҳам томоша қилишга арзийди. Картинада суратга тушган Ҳошим Арслонов, Умид Искандаров, Олег Галахов, Лола Элтоева каби актёрларнинг янги ракурсда, янги образда кашф этилгани қувонарли. 600 дан ортиқ ижодкорларнинг меҳнати сингган картина, ҳақиқатан ҳам, томошабинларда ўзбек киносига нисбатан умид ва ишончни мустаҳкамлади. Премьераларда камдан-кам учровчи ҳол – намойиш давомида залда бир неча бор давомий олқишлар янграгани ҳам бунинг исботи, назаримда.

 

Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА

oyina.uz

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси