Урушни ёқловчилар кўриши шарт бўлган 5 фильм


Сақлаш
17:05 / 28.05.2022 1744 0

Уруш кўрмаган авлодлар “бизникилар ва душманлар” зиддиятига қурилган фильмларни кўриб, шон-шуҳратга бурканган қаҳрамонликлар ҳақида романтик хаёлларга берилиши табиий ҳол. Ҳақиқий санъат асарлари эса уруш ва тинчлик, уруш ва инсон, ҳаёт ва ўлим каби мавзулардан баҳс этади. Қўлга қурол олишга эмас, қаршисидаги рақибининг бронежилети остида ҳам юрак уриб турганини ҳис қилишга ундайди. Бугун эътиборингизга ана шундай беш фильм рўйхатини тақдим этамиз.

 

Йўл-йўл пижамали болакай

 

 

Фильмда Иккинчи жаҳон урушининг психологик зарбасига учраган болакай Бруно ҳақида ҳикоя қилинади. Отаси нацистларнинг юқори мартабали амалдори эди. Тўкин шароитда беғам ҳаёт кечиришарди. Аммо тўсатдан оиласи Берлиндан узоққа – ғайриоддий “ферма” ёнида жойлашган ҳашаматли уйга кўчиб ўтади. Баъзида кўкка даҳшатли қора тутун ўрлайдиган бу ғалати жойда одамлар рақамланган йўл-йўл пижамаларда юришарди. Бундан ҳайратланган саккиз яшар Брунога отаси улар фермер экани, баъзан печда эски кийимларини ёқиб юборишини айтади. Шунинг учун болакай концлагерда ҳеч қандай хатарни кўрмайди ва Шмуэль деган маҳбус бола билан танишади. Уларнинг дўстлиги қанчалик самимий бўлмасин, афсуски, фожиа билан тугайди. Картинада нацизм ва геноцид немис оилалари тақдирида ҳам жароҳат қолдирганини кўриш мумкин.

 

Қуёнча Жожо

 

 

Фильмнинг бош қаҳрамони – ўн яшар болакай Йоханнес Бетслер. Жуда тортинчоқлиги боис бирорта дўсти йўқ, бирдан бир хаёлий ҳамроҳи Адолф Гитлер эди. Аммо ҳатто устозининг кучли даъвати ҳам уни лагернинг навбатдаги топшириғини бажаришга, қуённи ўлдиришга мажбур қилолмайди. Афсуски, Йоханнесни олдинда бундан ҳам даҳшатли синов кутарди – болакай уйда онаси яшириб қўйган яҳудий қизни топиб олади...

 

Пианиночи

 

 

Фильм воқеалари 1930-йиллардаги машҳур польшалик пианиночи Владислав Шпильманнинг таржимаи ҳолига асосланган. Нацистлар Варшавани эгаллаб олгач, унинг ҳаёти жаҳаннамга айланади. Мусиқачи ҳам бошқалар сафида ўлим лагерига юборилиши керак эди. Лекин навбатдаги поезд келганида мўъжизавий тарзда қочишга муваффақ бўлади. Аммо энди вайрона шаҳарда омон қолиш учун ақл бовар қилмас қийинчиликларни бошидан кечириши лозим.

 

Мандаринлар

 

 

Фильм сюжети грузин-абхаз уруши фонида ривожланади. Абхазия ҳудудидаги Эстония қишлоғини аҳоли тарк этган, мандарин ҳосилини йиғиштириб олиш учун уч кишигина қолган эди. Бир куни фавқулодда жанг юз беради, грузин Ника ва чечен ёлланма аскари Аҳмад тирик қолади. Эстон Иво уйида икки рақибнинг жароҳатларини даволай бошлайди. Энди улар то тузалгунча бир-бирини ўлдирмаслик ҳақидаги ваъдага содиқ қолиб умумий том остида яшашга мажбур бўлади.

 

Ўлим академияси

 

 

 

Фридрих камбағал оилада ўсади. Оддий заводда ишлашни истамасдан, отасининг имзосини сохталаштириб, ҳарбий-сиёсий академияда ўқишни бошлайди. Болаликдан боксга қизиққани қўл келса-да, табиатан меҳрибонлиги боис академиядаги ноинсоний “таълим”га кўника олмайди. Аммо вақт ўтиб, узлуксиз сабоқлар таъсири сезила бошлайди... Фильм ўсмирларни манипуляция қилиш, ювош йигитлардан ҳам ашаддий мутаассибларни тарбиялаш қанчалик осон эканини кўрсатиб берган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси