“Театр санъатидаги энг бемаъни ҳодисалардан бири” – санъатшунос инсценировка ҳақида


Сақлаш
17:05 / 26.05.2022 1042 0

Ўзбек ва жаҳон саҳна тажрибасидан маълумки, театрлар репертуарини шакллантиришда фақат драматик асарлар билан кифояланилмайди. Биринчидан, адабиётнинг бошқа тур ва жанрларига қараганда драматик асарнинг туғилиши анча мураккаб, қолаверса, унинг тақдири муаллифнинг фақат ўзига боғлиқ эмас. Иккинчидан, ҳатто мумтоз драмалар етарли бўлган тақдирда ҳам, саҳна ижодкорлари, аввало, режиссёрлар ўз иқтидорини намоён этиш мақсадида лирик ёки эпик асарларга-да мурожаат қилади. Ва ниҳоят, учинчидан, ҳар бир миллат адабиётининг шундай буюк намуналари борки, уларни ғоявий-бадиий хусусиятларига дахл қилмаган ҳолда саҳна ва экранга кўчириш жуда зарур.

 

Драматургияга мансуб бўлмаган асарни саҳнага мослаштириш, содда айтганда, пьеса ҳолига келтириш театр назариясида “инсценировка” деб аталади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ушбу атамага бундай таъриф берилади: “Инсценировка” (лотинча, “in” – га + “scena” – саҳна) – бирор асарни саҳнабоп қилиб ўзгартириш, саҳнада қўйиш ва саҳналаштирилган асарнинг ўзи” (Ўзбек тилининг изоҳли луғати. V жилдлик, II жилд. Тошкент, “ЎзМЭ давлат илмий нашриёти”, 2006. 216-бет). Театр санъатига доир манбаларда эса мазкур тушунча янада батафсил шарҳланади: “Инсценировка – насрий ва шеърий усулда ёзилган асарнинг театр учун қайта ишланган варианти. Мантиқан воқеалар пьесанинг тузилиш шаклига эга бўлади. Одатда, машҳур, китобхонлар орасида катта муваффақият қозонган асарлар инсценировка қилинади. Инсценировкани ёзувчининг ўзи тайёрлаши мумкин (Эмиль Золянинг “Тереза Ракен” асари инсценировкаси). Лекин кўплаб инсценировкалар бошқа ижодкорлар томонидан ёзилади. Агар инсценировка аслиятдан сезиларли даражада фарқланса, у мустақил пьесага айланади ва мавжуд асарнинг “мотивлари асосида” деб кўрсатилади. Шунингдек, адабий манбадан йироқлашган, замонавий услубда қайта тайёрланган инсценировкалар ҳам мавжуд” (Театральная энциклопедия. Москва, “Искусство”, 1963. Стр. 884).

 

Модомики, театр санъати тараққиётини инсценировкасиз тасаввур этиб бўлмас экан, рус драматурги ва театр танқидчиси А.Свободиннинг “Насрий асарнинг саҳнавий талқини – театр санъатидаги энг бемаъни ҳодисалардан бири. Очиғини айтаман, биз яна насрий “таржима”га дуч келсак, театрда асабий муҳит пайдо бўлади” (Свободин А. Диалоги о современном театре. Москва, “Искусство”, 1979. Стр. 14) деган кинояомуз фикрини қандай изоҳлаш мумкин? Улуғ рус адиби Максим Горькийнинг инсценировкага мутлақо қарши бўлганини-чи? (Горький М. Собрание сочинений. В 30-ти томах, том 30, Москва, “Художественная литература”, 1955. Стр. 327).

 

Демак, театрда инсценировкага эҳтиёж қанчалик кучли бўлмасин, бу ҳодиса устидан узил-кесил хулоса чиқариш, унга батамом ижобий ёки салбий баҳо бериш осон эмас.

 

Инсценировка хусусида баҳсли, ҳатто бир-бирини инкор этувчи фикрлар пайдо бўлишига асосий сабаб унинг театр ва адабиётга баравар дахлдор экани, шу боис иккала санъат тури назариётчиларини ҳам бирдек қизиқтириши, қолаверса, уларнинг ёндашувида ўзига хос хусусиятлар мавжудлигидир десак, хато бўлмас. Инсценировкага қарши чиқувчилар китобхон учун ёзилган асарни бутун жозибаси билан театр тилига кўчириш мумкин эмас, деган фикрга таянади. Инсценировкани ёқловчилар эса саҳна адабий асарнинг янги қирраларини кашф этишига, қолаверса, драматик асарларга бўлган эҳтиёжни тўлиқроқ қондиришига ишонади.

 

Маълумки, буюк рус адиби Фёдор Достоевский бирорта ҳам драматик асар ёзмаган. Шундай бўлса-да, унинг деярли барча қиссаю романлари дунё театрларида қайта-қайта саҳнага қўйилмоқда. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. “Шубҳасиз, Достоевский – туғма драматург, – деб ёзади рус театршуноси А.Гладков. – Унинг романларида трагедия аломатлари сезилиб туради. Ҳақиқат шуки, инсценировка муаллифларининг барча қусурларига қарамай, “Достоевский театри” деган ибора “Гоголь театри”, “Пушкин театри”, “Островский театри” каби атамалар билан бир сафда туради” (Гладков А. Театр. Воспоминания и размышления. Москва, “Искусство”, 1980. Стр. 305).  Улуғ театр ислоҳотчиси В.Немирович-Данченко ҳам Достоевскийнинг драматурглик маҳоратини юксак баҳолайди: “Достоевский романнавис ўлароқ ёзади, лекин драматург каби ҳис этади. Унинг образлари, диалогларида саҳнавий ҳаракат мавжуд, кўплаб романлари театрни, саҳнани эслатади” (Взаимодействие и синтез искусств. Ленинград, “Наука”, 1978. Стр. 80).

 

Биргина Достоевский ижоди шуни кўрсатадики, етук адабий асар кўнгилдагидек талқин ва инсценировка қилинса, юқори савияли спектаклга асос бўлиши мумкин. Қолаверса, адабиёт дурдоналарини ўқувчи оммасига танитишда театр муҳим роль ўйнайди. Бугун дунё театрларида М.Сервантес, И.Гёте, Ж.Байрон, А.Пушкин, Л.Толстой, Стендаль, П.Мериме, О.Бальзак, В.Ҳюго, Р.Тҳокур, Э.Ҳеменгуэй, Ч.Айтматов каби реалистлардан тортиб, онг­остига нозик таъсир этувчи, саҳналаштириш гўё иложсиздек туюлувчи Ж.Жойс, Ф.Кафка, У.Фолкнер, Г.Маркес, А.Камю, Х.Кортасар, К.Ҳамсун, Х.Борхес каби модернистлар асарларигача томоша – спектаклга айланаётир. Демак, театрда қўйиб бўлмайдиган адабий-бадиий ҳодисанинг ўзи йўқ, бу мўъжизакор санъат ҳар қандай асарни ўз мулкига айлантира олади, фақат шунга қодир режиссёр, актёр, саҳна рассомлари бўлса бас.

 

Анъанавий томоша ва ўйинлар негизида вужудга келган, халқимизнинг асрий қадриятлари, турмуш тарзи, урф-одатлари билан узвий алоқада ривожланган ўзбек театри даставвал адабий асос – оғзаки драматургияга таянгани соҳа мутахассисларига аён. Оғзаки драматургия эса фольклорнинг турфа шаклларидан, миллий мумтоз адабиёт ва мусиқадан озиқланиб бўй ростлагани маълум. Табиийки, театр фольклордан андоза олар экан, томоша асосини шеърий ёхуд насрий баён, ҳикоянавислик, ваъзхонлик ташкил этганки, бу эса беихтиёр адабиётнинг театрга кўчишини эсга солади. Албатта, бу ҳодисани инсценировка дея баҳолаш тўғри бўлмас. Аммо миллий театримиз наинки драматургия, балки адабиётнинг бошқа турларига ҳам таяниб, секин-аста профессионаллик касб этганини инкор этиш мумкинми?! Масалан, театрда якка ижрочининг ҳаракати ва нутқига, бошқача айтганда, саҳнавий маҳоратига асосланган бир актёр театрига назар ташласак, унда асотир, афсона, ривоят, қисса каби эпик жанрлар етакчи эканини кўрамиз. “Тўтинома”, “Калила ва Димна”, “Минг бир кеча”, “Китоби Жамшид” каби Ўрта ва Яқин Шарқда машҳур бўлган эпик-афсонавий асарлар, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Фарҳод ва Ширин”, “Баҳром ва Гуландом” сингари ишқий-романтик қиссалар бахшилар томонидан айтилиб, оғиздан-оғизга кўчган.

 

Мамлакатимизда профессионал театр санъати пайдо бўлгач, ўзбек ва жаҳон адабиётининг кўплаб асарлари инсценировка қилиниб, саҳнага қўйилди. Шу ўринда Алишер Навоий ижодига қайта-қайта мурожаат этилгани, унинг асарлари асосида турли мавзу ва жанрда спектакллар яратилганини алоҳида қайд этиш лозим. Шунингдек, турли йилларда ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида Ойбекнинг “Қутлуғ қон” (1954, 1963 йиллар – Т.Хўжаев, 1987 йил – Р.Ҳамидов), Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” (1983 йил – Б.Йўлдошев), Робиндранатҳ Тҳокур романи асосида “Ганг дарёсининг қизи” (1956 йил – А.Гинзбург),  Борис Васильев қиссаси асосида “Рўйхатларда йўқ” (1978 йил – Б.Йўлдошев), Чингиз Айтматовнинг “Сарвиқомат дилбарим” (1963 йил – Т.Хўжаев), “Асрга татигулик кун” (1986 йил – Р.Ҳамидов) асарлари асосида ажойиб спектакллар яратилди.

 

Мустақиллик йилларида эса ҳозирги Ўзбекистон давлат драма театрида Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достони асосида “Искандар” (1993 йил – Б.Йўлдошев), Садриддин Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими” қиссаси асосида  “Бухорои шариф” (1998 йил – Б.Йўлдошев), Кобо Абэнинг “Қумдаги аёл” (1995 йил – А.Хўжақулиев), Г.Г.Маркеснинг “Полковникка ҳеч ким ёзмайди” (2000 йил – А.Кудряцев); Ўзбек Миллий академик драма театрида Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” (1994 йил – Т.Азизов), Саид Аҳмаднинг “Уфқ” (1995 йил – О.Салимов); Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида Ғафур Ғуломнинг “Ҳасан Кайфий” (1995 йил – Ж.Худойқулов),  “Шум бола” қиссаси асосида “Халфана” (2008 йил – О.Салимов), Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” ва “Ойдинда юрган одамлар” қиссалари асосида “От йиғлаган томонда” (1994 йил – О.Салимов); Ўзбекистон давлат ёшлар театрида Темур Зулфиқоровнинг “Умар Хайём юлдузлари” (1997 йил – Н.Абдураҳмонов); Лев Толстойнинг “Холстомер” (1998 йил – Н.Абдураҳмонов) асарлари асосида спектакллар мувафаққиятли ўйналди. Бу инсценировкалар ўзбек театри репертуарини бойитди, режиссёр ва актёрлар маҳоратини чархлади, театр эстетикаси ва жанр имкониятлари кенгайтирди.

 

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, инсценировка воситасида адабиёт ва театрнинг синтезлашуви ҳар икки санъат тури равнақига ҳам бирдек хизмат қилади. Чунончи, адабий асарни саҳналаштириш, бир томондан, ўқувчининг асар ҳақидаги билим ва тасаввурларини бойитиб, китобхонлик маданияти шаклланишига кўмаклашса, бошқа томондан, театрларни мудом хавотирга солувчи драматик асар танқислигидан халос этади.

 

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ,

ЎзР ФА Санъатшунослик институти

таянч докторанти

 

Tafakkurжурнали, 2018 йил 2-сон.

“Инсценировка зарурми ёки...” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси