Қарийб 2,5 млрд сўмлик тақдирлаш, норози иштирокчилар, ҳакамларни ранжитган ҳолатлар – “Ёшлар овози” танловидан хулосалар


Сақлаш
19:05 / 19.05.2022 1211 1

10–15 май кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманида “Ёшлар овози” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Танлов “Бўзатов иқтидорларни кашф этади!” шиори остида ўтказилди.

 

“Ёшлар овози” танлови илк бор 2021 йили ташкил этилган. Ўтган йили 2 та (5–15 ва 16–30) ёш тоифасида, бу йил эса 3 та (1015, 1622, 2330) ёш тоифасида ўтказилди

 

 

Танлов йўналишларида ҳам бирмунча ўзгаришлар бўлган. Масалан, 2021 йил йўналишлар 3 та (анъанавий ижро ва бахшичилик, опера, эстрада) эди, бу йил эса 4 тага (анъанавий ижро, бахшичилик, опера, эстрада) кўпайди.

 

Аввал туман-ҳудуд-республика босқичларида синовдан ўтган иштирокчилар бу йил  маҳалла-сектор-туман-ҳудуд-республика босқичларида беллашди.

Танлов ютуқлар, янги истеъдодлар кашфиётига бой бўлди. Ташкилий масалалар ҳам юқори даражада ва бу ҳақида кўп ва хўб гапирилди. Бироқ камчиликлар, эътирозлар ҳам етарлича. Oyina.uz танловнинг айни шу жиҳатларига ҳам эътибор қаратди.

 

 

 

Умидабегим Кўзимева,

Бухоро шаҳридаги “Раззоқ Ҳамроев” маҳалласи ёшлар етакчиси:

 

– Танловга ҳудудимиздан келган ёшлар чиқишини кузатиб бориш, қўллаб-қувватлаш учун ўз ҳисобимдан келдим. Эстрада йўналишидаги баҳолардан қаттиқ норози бўлдим. 2330 ёш тоифасидаги қатнашчимиз “Ботир Зокиров санъати давомчилари” республика кўрик-танловида 2-ўринни олган, “Ниҳол” мукофоти лауреати Жамол Муродов ҳамда республика танловларининг бир нечтасида ўринлар олган, 16–22 ёш тоифаси вакили Жасур Субҳоновлар қўшиқларни маҳорат билан ижро этди. Бироқ ҳакамларимиз уларни суперфиналга лойиқ кўрмади. Биз танлов низомига амал қилган ҳолда тайёрландик, улар ватан туйғуси акс этган, ўзининг муаллифлигидаги қўшиқни айтди. Ҳакамлар овозинг паст-баланд бўлди деб эътироз билдирди, чиқишни видеога олиб ўзимизнинг устозларимизга кўрсатганимизда бирор хато топишмади. Иккаласи ҳам суперфиналга чиқа олмади. Бу ҳолат улар руҳиятига ҳам салбий таъсир қилди ва келаси сафар иштирок этишни истамаяпти. Ҳудудлардаги истеъдодларни излаб топиш осон бўлгани йўқ, улар сўниб қолмаслиги керак.

 

Эътиборли жиҳати, бу йил танловда иштирокчилар сони кескин ошган. Ўтган йили танлов 3 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олган. Бу йил эса 238 минг йигит-қиз танловда қатнашди. Содда қилиб айтганда, иштирокчилар сони қарийб 80 баробар ошган.

 

Танловда 1-ўрин – 50 миллион сўмдан (тўрт йўналишда, жами 12 та), 2-ўрин – 30 миллион сўмдан (тўрт йўналишда, жами 12 та), 3-ўрин – 20 миллион сўмдан (тўрт йўналишда, жами 12 та), шунингдек, қолган барча иштирокчилар – 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди. Ғолиблар учун берилган тўлов пулининг умумий  миқдори 2 миллиард 360 миллион сўмни ташкил этди.

 

Мукофот миқдорининг юқорилиги танловга қизиқишни оширгани жуда яхши, бироқ фақат пул дардида яхши тайёрланмасдан келган иштирокчилар ҳам йўқ эмас. Бу ҳақида ҳакамлардан бири Феруз бахши тўхталиб ўтди.

 

 

 

Феруз бахши Норматов,

“Ниҳол” мукофоти совриндори, ҳакамлар ҳайъати аъзоси:

 

– Танловнинг республика босқичида барча чиқишларни диққат билан кузатиб бордик. Совринли ўринларни энг талантлилар қўлга киритди. Камчиликлар ҳам бўлди, албатта. Бахшичилик йўналиши бўйича олиб қарасак, кўпчилик номзодларнинг чиқишини бахшичилик деб бўлмайди. Ҳудудий босқичлардан кимдир чиқса бўлди деб юборилганлар ҳам бор, улар достонларнинг сўзларини хато қилиб айтишди. Мен бу хатоларни кўрсатиб, исботлаб бердим, лекин шулар ҳам келиб иштирок этгани учун 10 миллион олиб кетяпти. Келгуси йилларда бу ҳолат такрорланмаслиги, ҳудудий босқичларда эътиборлироқ бўлиш керак.

 

Иштирокчиларда қизиқиш бор, билим етарли эмас, кўпчилиги фақат пул учун келгани билиниб турибди. Бахшичиликда достон куйлаганда воқеани ҳам ёддан, ролга кириб айтиб бериш керак. Ҳудудлар орасида биргина қорақалпоғистонлик бахши йигит-қизлардан кўнглим тўлди, ҳамма саволларимга жавоб бериб, сўраган достонимизни ёддан айтиб бера оляпти. Шунинг ҳисобига улардан кўпроқ ғолиб чиқди.

 

Яна бир масала, бахши куйлаши, воқеани баён қилаётган вақти соз ҳам чалиши керак, бўлмаса у бахши эмас. Баъзи қатнашчилар бир-икки ойгина тайёрланган, достонларни чала-ярим ёдлаб келган, бундай бўлмаслиги керак. Келгуси йилларда ҳам ҳакамлар масъулиятни ошириши лозим, иштирокчилар ўзининг ёшига мос достонларни ёд олган бўлиши шарт. Танлов ташкилотчилари жуда чиройли муҳит яратишган, қизил йўлаклар, кўркам саҳна, телеканалларга жонли эфирлар. Бироқ бу ҳолатдан баъзи иштирокчилар ҳаяжонланиб, билганини ҳам айта олмай қоляпти.

 

Беллашув учта ёш тоифасида ўтказилиши ҳам айрим ҳакамларнинг эътирозига сабаб бўлди. Қай маънодаки, 13–15 ёш ўсмирларнинг овози ўзгарадиган давр, бу вақтда уларга камроқ қўшиқ айттириш, овозини асраш керак.

 

Танловни кузатиб жуда хурсанд бўлдим, баъзи ёшларни кўриб ҳайратландим, ҳатто йиғладим, ёшлигим, танловлардаги иштирокларим эсимга тушди. Ёшлар униб-ўссин, йўлини йўқотмасин, устозларга эргашсин, асосийси, билим олишдан тўхтамасин.

 

Танлов низомига кўра, ғолиб бўлган финалистлар келаси сафар яна қайта қатнашиши мумкин, бу бўйича бирор таъқиқ йўқ. 2022 йилги ғолиблар сафида ўтган йилги ғолиблар ҳам бор. Масалан, 2021 йил анъанавий ижро йўналишида 615 ёш тоифасида биринчи ўринни олган  Севинч Жовлиева бу йил 1622 ёш тоифасида ҳам биринчи ўринни қўлга киритди. Ёки ўтган йили 2-ўринни олган иштирокчи Гулчирой Бахшиллоева эса бу йил 3-ўрин билан кифояланди.

 

Танловда кўпчилик иштирокчилар ижроси жуда юқори баҳоланди, бироқ аксарияти ғолиблар сафидан жой ололмади. Ҳакамлар мақтовни ошириб юбордими ёки камчиликларни айтишни исташмадими – бизга қоронғи. Бироқ бу ҳолат айрим иштирокчиларнинг эътирозига сабаб бўлди.

 

 

 

Жавоҳир Тоғаев,

иштирокчи (Қашқадарё вилояти):

 

– Қаршидаги ихтисослашган санъат мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайман. Танловнинг 22–30 ёш тоифасида эстрада йўналишида иштирок этдим ва якунда менда эътирозлар пайдо бўлди. Ҳакамларимиз чиқишимга бирор эътироз билдирмади, овозим, ҳатто ташқи кўринишим устоз Ботир Зокировга ўхшашини алоҳида эътироф этишди. Лекин суперфиналга биринчи ижросида хато қилган қатнашчини чиқаришди. Сен ижрода хато қилдинг, лекин кел ҳаммасини унутамиз-да, бошидан бошлаймиз, деб унга иккинчи қўшиқни айттиришди ва суперфиналга лойиқ деб топишди. Бу адолатсизлик.

 

Финалда Ботир Зокировнинг “Маро бибус” қўшиғини айтдим, ижроси бирмунча мураккаб асар. Ўтган йили айни худди шу қўшиқ билан «Ботир Зокиров санъати давомчилари» республика кўрик-танловида 3-ўринни олганман. Ҳакамлар айрим камчиликларингиз бор, лекин кечирамиз дейишди, аниқ бирор хато айтилмади, ҳаммаси ижобий баҳолади. Битта мен эмас, бошқа номзодларда ҳам бундай ҳолатлар кузатилди. Камчилигимизни айтсин, хатоларни кўрсатсин – тушунамиз-ку, қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдирмасдан. Апеллацияга бермоқчи эдик, танлов низомига кўра республика босқичида ҳакамларнинг қарорига бирор кўринишда эътироз билдириб бўлмас экан.

 

Танловда ҳудудлар кўрсатган натижаларга тўхталсак, энг юқори ўринларни пойтахтликлар ва мезбон қорақалпоқ ёшлари эгаллади. Умумжамоа ҳисобида энг юқори натижа Тошкент шаҳри (4 та 1-ўрин, 1 та 2-ўрин, 3 та 3-ўрин), Қорақалпоғистон Республикаси (4 та 1-ўрин, 1 та 2-ўрин, 1 та 3-ўрин) ва Тошкент вилоятига ( 2 та 1-ўрин, 1 та 2-ўрин, 2 та 3-ўрин) насиб этди.

 

 

Энг паст кўрсаткич эса Андижон ва Фарғона вилоятида қайд этилган. Бу ҳудудлардан келган иштирокчиларнинг бирортаси ўрин ололмади. Санъат ривожланган, кўплаб маҳоратли ижодкорларни етиштирган ушбу вилоятлардан бирорта совриндор чиқмагани кўпчиликни ҳайратлантирди.

 

Инобат АҲАТОВА

oyina.uz

1 Изоҳ

Давронбек

06:01 / 01.01.1970

бу мавзудаги сузлар бежиз айтилаятгани йук мен хам гувохман айнан томошабин хисобида хоразимдан бордим курдим хакикатданхом хакамлар Озодбек Назарбековнинг обросини ишончини окламади Маданят вазиридан илтимосим бу фестевални мантаж килмасдан олдин куриб урганиб адолат ила хакамларнинг хатоларини уз кузи билан куришини илтимос килиб коламиз хамма сохода шу хакамлар опера шулар бохши шулар эстрода яна шулар маком шулар менимча булар хаммасига тушунади деб уйламайман масалан Феруз ака макомдан хакамлик даражаси кандай билмадим маком ижро килганини хаедимда курмаганман инсон узи ижро килсагина бировнинг ижросига бохо берса булади лекин бахши йулига келсак макул дейман

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси