Ботир Зокиров ҳақида сиз билмаган ҳақиқатлар


Сақлаш
13:04 / 27.04.2022 1135 1

Хаёлларга бир умр осилиб яшашинг учун оломон шовқини етадиган жойдан анча олисда, кўнгил аршида қўним топган Ботир Зокиров ноласининг ўзи кифоя... Санъаткор кундалигидаги фикрлар туғёни  эса нега дўстлари Владимир Висоцкий ва Иосиф Кобзон сингари исён рамзи ё сарой қўшиқчиси бўлмасдан фақат “Қайдасан бахт, қайда сенинг ёруғ қиёфанг?” дея Инсоннинг шикаста орзуси ва фарёдидан ўртанганини айтади... Сурату Сийрат уйғунлигининг ноёб тимсоли бўлмиш бу бебаҳо ШАХС, шубҳасиз, ўзбек маданияти тарихидаги чинакам ҲОДИСАдир...

                                              

 

I

 

 Ботир Навоий ва унинг асарлари ҳақида билганларини, отасидан эшитганларини кўп гапирар, доим қўлида ШОИРнинг бирор асари бўларди. У Мажнун образига ёшлигидан чексиз муҳаббат қўйган эди. Ўн тўрт ёшида “Мажнун” деб аталган картина чизди... Мажнуннинг синиқ чеҳраси, ҳасратли кўзлари юракни эзиб юборади... Бу картинани Ботирнинг илк “Автопортрет”и  дейиш мумкин.

Анвар Мақсудов

 

1. Театр! Бу калом мен учун кўп нарсани англатади. Бутун болалигим, ўсмирлигим бу гўзал санъат билан узвий боғланган. Мен уни севган ҳолда туғилган бўлсам керак. Чунки ҳаётимнинг қайси даврида бу севги уйғонганини билмайман. Мурғаклигимизда синглим иккимиз онамиз ишлаган Муқимий театрининг  спектаклларидан нусха олиб, ўзимизча спектаклчалар қўярдик. Ойимизнинг хонасига кириб, унинг упа-эликларини қуритардик, ўзимизга либослар ўйлаб топардик. Ҳатто қўғирчоқ спектакллари қўйишга уринганмиз. Қўғирчоқлардан тортиб саҳна безакларигача ҳаммасини ўз қўлимиз билан ясардик.

 

2. Қўшиқларимда  ўз ифодасини тополмаган фикрларимни, туйғуларимни  бўёқларда акс эттиришга уринаман… Кўпчилик “Манзара”лар   бетоблигимда қоғозга тушган.

 

3. Айрилишни истамаганим  “болалик” тугади. Йигирма саккиздаман — на феъл хислат, на маълум бир нуқтаи назар ва на билим орттирдим. Оддий ҳавасманд, ичи пўк вайсақи. Ёқимтой вайсақи. Қачонки ўзимга кўзгуни тутсам буларнинг ҳаммаси аниқ кўзга ташланади. Мана, ўз ўзингдан сўрайдиган фурсат етиб келди Ман Ҳақ таолонинг ҳузурига нима билан бораман? Ҳеч вақом йўқ. Нафақат жисмоний, маънавий жиҳатдан ҳам заифман...

 

 

 

 

II

 

У майда-чуйда гапларга парво ҳам қилмас, улуғ-улуғ минбарлардан эшитадиган мақтовларга ҳам бепарво эди. Аммо бир жиҳати барча фазилату ўзига хосликлардан устун турарди: энг чигал муаммолар ҳақида гапираётганида ҳам қандайдир паришон экани сезилиб турарди... Бир эмас — бир неча одамга ўхшар, бир неча истеъдодларга насиб этиши мумкин бўлган қобилиятга эга шахс эдики, кўнгли тусаган томонга назарини қаратар — бу йўриғда бағоят эркин-озод инсон эди.

Шукур Холмирзаев

 

 1.Шарқ тарихини ўқиб, унинг моҳиятига кириб боряпман. Бир нарса аниқ: кўп масалаларда саводсиз ва жоҳил эканман. Арзимаган билимимни оширишим  шарт.

 

2.Мен тузалмайман. Бу хасталикни даволаб бўлмайди. Тўхташга ҳаққим йўқ. Менинг вақтим чегараланган...

 

3.Тасвирий санъатга қизиқишим туфайли айтишни истардим. “Шарқ классиклари меросидан” деб номланган китоблардаги расмлар Шарқ миниатюрасига сира ўхшамайди. Китоб мазмунига тўғри келмайди. Миниатюра нозик туйғулар санъати. Уни тасвирий санъатнинг олий чўққиси деб биламан.

 

4. ...“Тошкент оқшоми” кўрсатувини томоша қилдик. Мен “Сенинг овозинг” қўшиғини айтдим. Таассурот ёмон. Экрандаги юз маъюсликни эмас, ошқозондаги оғриқни ифодалаб турибди. Лекин бу таъсир менга қайси тўғри, қайси сохталигини аниқлашимга имкон беряпти.  Ҳаммаси куракда турмайдиган даражада сохта.

 

5. Қошларнинг уч бурчаклиги, юздаги фожиали ниқоб, забун ва таассуфли. Луиза ҳамммада ажойиб таассурот қолдирди. У мафтункорлик ва соддалик        тимсоли.

 

 6.Навоий, Улуғбек, Пушкин, Лермонтовларнинг замондошлари қанчалар омадли эди. Менга эса Хачатурян, Шостакович, Плисецкаялар билан бир замонда яшаш насиб этди. Бу — бахт! Ҳай-ҳай, тўхтанг, ўртоқ Зокиров. Сиз кимсиз ўзи? Ўзингизни ким деб чоғлаяпсиз? Бор йўғи тўлиқсиз ўрта маълумотли хизмат кўрсатган артист. Нақадар кулгили?

 

 

 

III

 

У сиймога хаёлан боқсам — боққим келаверади: ҳа, ундай улуғларнинг, ҳатто сифатлари ҳақида ҳам муҳокама юритиш ортиқчадек туюлади. Уларни кузатиш лозим, ҳамсуҳбат бўлиш лозим, севиш лозим ва Аллоҳ таоло шундай сараларни-да  яратиб қўйганига шукрона демак лозим.

Шукур Холмирзаев

 

 

1. Агар юракда иштиёқ бўлса, қилаётган ишингга ишонсанг, санъатнинг барча турларида (истеъдод ҳисодига, албатта) ўз кучингни синаб кўрсанг бўлади.

 

2. Бунинг учун билимли, ҳақиқатгўй, эътиқодли, энг муҳими имонли бўлиш керак.

 

3. Агар одам табиатан истеъдодли бўлса, у билан ҳар қандай ишда тил топишиш осон. Истеъдодларни осонгина қизиқтириш, жалб этиш ёки ҳафсаласини тез пир қилиш ҳам мумкин. Унга сал-пал ёрдам берсанг, қаловини топсанг унинг  ўзи ўз овози, иқтидорининг барча гўзаллигини сезиб қолади. Ё истеъдодининг бир қиррасини очадики, шунинг ўзи ҳам етарли.

 

4-5.Эй, худойим, нақадар ёввойилик, маданиятсизлик. Уч соат номерларни томоша қилиб, барибир, бир йил, беш йил, ўн йил олдинги ҳукумат тадбирларида кўрсатилган қўшиқларни танлаб олишди. Бир қадам силжиш йўқ. ЎЗИнг инсоф бер бу нотавонларга. Мабодо Унга ёқмай қолса-чи? Хуллас, даққиюнусдан қолган қақир-қуқурларни ортмоқлаган бу арава шу алфозда кетаверади...

 

6. Режиссёрлар қўйишга ҳеч вақо йўқ дейишади. Нега ҳанузгача Брехт пьесаси ўзбек саҳнасида қўйилмаган? Ё унда кўтарилаётган мавзулар ўзбекка ётми? Муаммо шуки, институтда фақат Ҳамза ва Муқимий театрлари учун актёрлар тайёрлашади. Бу театрлар анча миллий. Актёрлар тушунчаси эса миллий драматургия билан чекланиб қолишган.

 

7...Залга қарамасликка тиришиб, қўшиққа сингиб кетаман... Ер юзида мендан бахтиёрроқ кимса йўқ. Шундай дақиқалар ҳаққи ҳурмати яшасанг арзийди.

 

 

 

 

IV

 

У ўзига ёқмаган, юрагини жизиллатмаган қўшиқни айтмасди. Агар қўшиқ ёмон чиқса, “ҳошим” бўлиб қолибди-ку, Икром ака”, дерди кулиб... Ботирни Москвада жуда севишар, орзиқиб кутишар ва унга катта санъаткор деб қарашарди. Афсуски, уни ўзимизда тушундиганлар, кўнглига, дардига қулоқ соладиганлар йўқ ҳисоби эди. У ҳеч қачон санъатни тушунмаган маънан саёз амалдорлар олдида эгилмади. Ботир ҳавас қилар даражада ҳар жиҳатдан мард эди...

                              Икром Акбаров

  

1.Санъат саройида Ўзбекистон маданият арбобларининг хориж журналистлари билан учрашуви бўлди. Маданият вазири “Ўзбекистон маданияти қирқ йил ичида” мавзуида, энса қотирарли “афсонавий ютуқлар”нинг зерикарли ҳисоботини ўқиди. Маъруза ярмига етмай, деярли барча журналистлар зални намойишкорона тарк этишди. Ғоят кулгили ва аламли манзара.

 

2-3-4. И.Акбаров қўнғироқ қилди. Аччиқланяпти. Тихомиров ҳали ҳам “Советская культура” учун спектаклимиз ҳақида Тошкентдан мақола кутаётган экан... Хуллас, Икром мендан нимадир қилишга уринишимни илтимос қилди. Мен унга “мусиқашунослардан тақриз сўраб ялиниб юришга ҳеч хоҳишим йўқ”деб жавоб бердим. Фақат мен Икромдан фарқли равишда Ўзбекистондан кетиш ниятим йўқ. Кучим, сабр-тоқатим, асабларим дош бергунча йўлимда  кетаверман...

 

5. Мен лоқайдликнинг ўтиб бўлмас деворига ўзимни беҳуда уряпман...

 

6. ...Бир неча қўшиқни куйлаб, саҳнага Володя(Висоцкий)ни таклиф этдим. Ҳаммаси чиройли ўтди. Концертдан сўнг Володя билан Шалагиновникига бордик. Икки соатларча ўтирдик, кетаётганимизда Шалагинов Володяга кичик концертдан йиғилган пулларни топширишга уринди. Аммо у менинг меҳмоним эканини айтиб, кескин рад этди. Раҳмат, Володя!

 

                          

 

 

 

 

V

 

Б.Зокиров муваффақиятининг ўзига хос сири: у сохта қаҳрамонликни ўйламаган. Ҳеч қачон партия ва комсомолни, “халқлар доҳийси”ни мадҳ этувчи мадҳиялар куйламаган, сарой қўшиқчиси бўлмаган. Унинг санъати шахси каби сиёсий юклардан озод эди. Ботирнинг қўшиқларидаги мазмун, оҳанг, ижро ягона мақсад — энг эзгу туйғулар ва фикрларни уйғотишга қаратилганди. ...“Маро-бибус”да қатлга олиб кетилаётган қаҳрамон  севгилисидан сўнгги бўсани сўраяпти... зоҳиран фожиали. Аммо Ботирнинг ижросида умидсизлик йўқ,  уни тинглай туриб, инсон руҳининг мангулигига яна бир бор имон келтирасиз.

                                                                                 Фотима Шарипова

 

 1. Ниҳоят бугун мен ўзимнинг ҳақиқий ўрнимни билдим. Тушунтириб қўйишди. Театр директори ишимдаги энг муҳим нарса молиявий ишлаб чиқариш режаси эканига мени “ишонтирди”. Нимани куйлашингдан қатъий назар, режани бажар! Бошқа йўл йўқ. Ҳеч тушунолмайман — ахир, булар  бир-бирига мутлақ ўгай тушунча-ку!

 

2. ...Тилимнинг соқовлиги дўзах ўтидан ёмон,

У менга шивирлайди: яшамагин яхшиси...

 

3-4-5 Маданият вазиридан жамоани йиғиб, ҳукумат дала ҳовлисига бор, деган буйруқ олдим. Ҳаммамизни каталакдек хонага тиқишди. Идиш-товоқларнинг тарақлаши ва чалпиллашлар орасида Навоий, Пушкин шеърларига басталанган мусиқа оқарди. Қабул тугаши билан хонага вазирнинг ўзи ҳаммамизни лутф билан столга таклиф этди. Бу тавозедан ўзимни “бахтиёр”сезиб залга чиқдим. Меҳмонлар тарқалиб кетишяпти. Қайсидир арбобнинг айтишича, зодагонларнинг сарқитини ейиш имконияти туғилганидан  хурсанд бўлишимиз керак экан. Шу пайтгача ўзимни бу қадар ҳақоратланган ҳис қилмаган эдим.

 

6. Бу амалдорлар санъатни лавозими важидан мулоҳаза қилмаганда у қадар хавфли эмас. Даҳшатлиси, уларнинг калтабинлиги, даққи диди маълумбир даражага кўтарилади, мезонга айланади. Шу учун ҳам уларни ҳурмат қилмайман, ҳатто салом-алик қилишни хоҳламайман.

 

                   

 

 

 

 

VI

 

Боламнинг сал ўжарроқ ва тортинчоқ феъли бор эди. Охирги касал бўлганида дори олишга пули қолмабди. Тортиниб, ҳеч қайсимизга айтмаган. Сезиб қолиб пенсиямни элтиб бердим. Ўшанда жуда хижолт бўлди болагинам... Мен Ботиржонимнинг концертларига киролмасдим. Унинг ноласига юрагим дош беролмайди...

                                                                             Шоҳиста ая

 

1-2-3…Отамнинг аҳволи оғирлигини билсам-да, бу бизнинг сўнгги учрашувимиз, бу ўйчан боқиб турган кўзларни энди кўрмайман, унинг вазмин овозини эшитмайман, деган фикр хаёлимда йўқ эди. Кетаётганимда у кулимсираганча ташвишланмаслигимни сўради. Аммо... Ҳатто тонг ҳам отамнинг беғубор ва содда кўнглини ифодалаётгандай... Мусибатли кун. “Чидаш зарур, чидаш зарур...” деб ўзимга қайта-қайта таъкидлайман...

 

  4.Эй, Аллоҳ! Одам боласи қанча расму одатлару нодонликларни ўйлаб чиқаради. Отамнинг чиройли ва нуроний чеҳрасидаги нур ҳамма риёкорлигу иккиюзламачиликлар учун барчамиздан узр сўраётгандай...

 

5. Ҳар қандай санъат асари ўз миллий, тарихий замини билан чатишиб кетмас экан, у профессионал бўла олмайди. Шу жиҳатдан “Ялла”нинг изланишларини қўллаб-қувватласа арзийди.

 

6.   Азонда Навфалнинг мозорига бордим. Унинг чўкиб қолган кўримсиз қабри ҳашаматли ёдгорликлардан чеккада мунғайиб турибди. Ҳатто қабри ҳам укамнинг феъли ва ҳаётини акс эттириб тургандай. Бош томонига қўйилган митти кулранг тош сал тегсанг қимирлаб кетадигандек. Зеро, унинг ўзи ҳам заминда мана шундай омонатгина турарди.

 

7.Ҳақиқий санъаткорлик истеъдод ва меҳнатни виждон билан уйғунлаштирган кишигагина насиб қилади.

 

8. Бошни қотирасан. Фалсафага мурожаат этасан— “Инсониятга фойданг тегиши учун ўқи”, “Инсоният учун ижод қил”... Аммо бировнинг дардини ўз дарди деб биладиган оддий одам бўлиш ҳар кимга насиб этмайди. Афсус буни ўқитишмайди.

 

  

 

 

VII

 

Ботирда саҳнага чиқиши билан зални ўзига сеҳрлаб олиш қобилияти кучли эди. У қўшиқни образга кириб куйларди. Унинг ўртамиёна, саёз қўшиқлари йўқ ҳисоб. Ботир чинакам буюк санъаткор. Бунақаси қайтиб туғилмайди. У ўзбек халқининг катта қалбли фарзанди, юксак истеъдод ва маданият эгаси эди. Ботир кетиб гўё Тошкент ҳам, Ўзбекистон ҳам ҳувиллаб қолганга ўхшайди...

                              Тамарахоним

 

1. Йиллар бўйи ўзлигингни йўқотмай қолиш учун қандай кўнгилга, қандай беғубор, куйинчак  юракка эга бўлиш керак?

 

2. Менимча, самимий юморни, кулгини тушунган одамнинг дили пок бўлади.

 

3. Ҳар доим ҳар бир санъаткорнинг ёмон ишидан хулоса чиқараман, яхши ишидан қувонаман. Иложи борича ҳасаддан узоқ юраман. Ҳасадчи одам юзига қора куя суртиб олганга ўхшайди.

 

4. Ҳалол, имонли, менга ҳамфикр кишилар борлигини биламан, аммо улар менга нима ҳам ёрдам бера оларди? Уларнинг аҳволи ҳам дуруст эмас. Баъзилари мендан-да абгор. Буни Шекспир хўп келиштириб айтган-да: “Фазилат иллатдан узр сўрабди”.

 

5. ...Кўнглим безовта. Галяга ачиняпман, чунки у турмушнинг турфа муаммоларига ҳали ўрганолмаган.

 

6.Бемаъни хасталик мени ҳолдан тойдирди. Ўтган йиллар ичида тузалиб кетаман деб ўйладимми?Омад менга кулди, таниқли хонанда бўлдим, аммо энди қарзларни тўлаш фурсати келди.

 

 7.Сеҳрли мусиқани тинглаб ўзингни еттинчи осмонда ҳис этасан. Аламу оғриқлардан нишон йўқ, фақат оҳанглар, оҳанглар... Оҳанглар эркин қуш мисол сени юксакларга элтади. Кўнглингдаги барча ғуборлар ювилиб кетган. Кўзларингдан сизаётган ёшни сезасан...

 

8.  Бу дунёда бошқа ҳеч нарса йўқ! Бари рўё! Фақат, фақат мусиқа қолди. ...Йўтал оҳангга аралашиб кетди. Ҳечқиси йўқ.  Ахир, мусиқа янграяпти! Борлиқ қанчалар  гўзал...

 

Лойиҳа муаллифи: Иқбол ҚЎШШАЕВА

“Жаннатмакон” журнали архивидан

 

 

1 Изоҳ

Кодирова уУгилхон

06:01 / 01.01.1970

БОТИР Зокиров бу суз ожиз Мен уша хабарни эшитганимда .ёшгина казалось этим йиглаб икки кунча хечкимни эшитмаганман..Узбек эстрада огир жудолик.. Ботир Зокиров хакида кино олиш керак, ёшлар учун бу саньат асари булиб тарихда колади

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси