Қўрқаман, ўтган бахшилар биздан оғринмаяптимикан – Шодмон бахши Хўжамбердиев


Сақлаш
17:03 / 31.03.2022 1146 0

Афсоналардаги учар гиламлар учоқ кўринишида, ғор оғзида айтиладиган сеҳрли сўзлар код шаклида ҳаётимизга кўчди. Мавжур барча соҳа ва йўналишлар ўзига хос инқилобларни бошидан кечирди. Фақат инсон хилқатидаги аниқ ҳамда мавҳум ўрин ва эҳтиёжлар аввалгидек.

 

Адабиёт ҳам катта янгиликларни қабул қилди. Аммо моҳиятига синчиклаб назар солсак, барча ...измларнинг илдизи фольклорга бориб туташади. Халқ оғзаки ижодининг жонли элтувчилари бахшилардир. Бахшилар азалдан сўз соҳиблари, туйғу заргарлари бўлган. Достонлар қатида ватанпарварлик, дўстлик, садоқат, мардлик хислатларини одамларга юқтиришда замонлар оша кўприк бўлиб хизмат қилиб келади. Бу илоҳий иқтидор эгаларидан бири Ўзбекистон халқ бахшиси Шодмон бахши Хўжамбердиев билан oyina.uz мухбири суҳбат уюштирди.

 

Йўловчи сафарга отланар экан, унинг мўлжал олган манзили қаер бўлиши йўлга кузатаётган яқинлари ва йўлдошларига боғлиқ. Манзилни тўғри олган экансизки, бугун номи чиққан бахшисиз. Бахши бўлганда ҳам ижодкор, бойир бахшисиз. Йўлнинг боши ҳақида эсласак. Бахшичиликка қизиқиш қачон пайдо бўлган, ким қўлингизга илк марта дўмбира тутқазган?

 

Бизнинг ёшлик вақтларимизда қишлоқларимизда ҳар бир уйда биттадан дўмбира бўлгич эди. Ўтирадиган катта уйнинг манглайида дўмбира илиниб тургич эди. Боболар суҳбат, гурунг қиладиган бўлса, дўмбирада бир-бир куй чалишгич эди-да, гурунг қилгич эди. Менинг отам ҳам, бобом ҳам дўмбира чалган. Оталаримиз “Дўмбира ерда турса увол бўлади”, деб ўгит бергич эди. Шунинг учун биз болаликдан дўмбирани қандайдир бир сирли хилқат деган тушунча билан катта бўлганмиз.

 

Менинг қизиқишим шу отамларнинг, бобомларнинг гурунгидан бир-икки наъма ўрганиб бошланган бўлса керак-да. Эсласам, 1974 йиллар 1-синфга борган бўлсам, шундан бир-икки йил олдин қишлоғимизга Ўзбекистон халқ бахшиси Хўшбоқ бахши Мардонақулов келди. Бир амакимизнинг уйида “Сулувхон” достонини айтди. Энди, бораман, деб қўймаган бўлсам керак, энам раҳматли ияртиб борди. Отамлар достон тинглаб ўтирган экан, шу уйга киритиб юборди. Томнинг бурчагида тўркаб туриб “Сулувхон” достонини эшитдим. Достонни бахши шунчалик мароқ билан куйлаган эди, мен худди Ғиротнинг белига мингандай, учиб кетаётгандай бесаранжом тингладим. Шундан бахшичиликка қизиқиш бошланди.

 

Ўтирадиган хонамизда михда осиғлик турадиган дўмбирага бўйимиз етадиган бўлиб қолгандан кейин сал журъат пайдо бўлиб, у ер-бу ерига тегинадиган, торларини чертиб кўрадиган бўлдик. Оталаримиздан, боболаримиздан ўрганган наъмаларни чиқаришга ҳаракат қилардик. Отам катта чобағон эди. У пайтларда улоққа борилган жойда қўшхона ташланарди: чобағонлар навбатма-навбат дўмбирада наъма чалиб, қизиқ-қизиқ термалар айтиб тонгни оттиришарди. Менинг отам ҳам кўпкарига тааллуқли беш-ўнта наъмани етказиб чертарди. Наъма деган куй. Кейин... отамнинг укаси – Эргаш бахши элга танилган бахши эди. У акамиз 14-15 ёшларида вафот этган, касал бўлганми, кўзикканми, нима бўлган бўлса эрта ўлиб кетган. Мен бахшичилик санъати бўйича 4-авлодман. Бизнинг оиламиз санъатга қизиқарди. Энам раҳматли ҳам қизиқар эди. Акам ҳам рубоб чалиб, тор чалиб қўшиқ айтар эди. Кейин-кейин Қодир бахши, Чори бахши, Хўшбоқ бахшиларни танидик.

 

Қўлингизга ким илк бор дўмбира тутқазган дедингиз. Бирор одамнинг қўлимга “ма” деб дўмбира ушлатганини эслашим қийин, лекин бу қув ёғочнинг олдидан индамай ўтиб кетолмаганман. Бундай ўйлаб қарайдиган бўлсам, мени уйимиздаги, қишлоғимиздаги муҳит, ҳар оқшомлик бахшиёна гурунглар шу оламга олиб кирган экан.   

 

Термизда биринчи Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтгандан кейин нималар ўзгарди? Эътибор қаратилган томонда ўзгаришлар бўлиши табиий. Яратилган шарт-шароит, ёшларнинг қизиқиши ҳақида айтиб ўтсангиз.

 

– Бахшиларнинг Президентимизга меҳри жуда зўр. Чунки бу инсон кўҳна бахшичилик санъатининг битиб бораётган кўзини очди. Бир вақтлар устоз Чори бахши ҳазил қилиб терма айтар эди: “Бахшиларнинг союзи йўқ”, деб. Мана, ҳозирча “союз”имиз бўлмаса ҳам бошимизни бириктириб турадиган марказларимиз бор. Воҳада катта бахшими, майда бахшими, энди чиқаётган ўсмирми – ҳамма бир-бирини танийди.

 

Энди биринчи бахшичилик фестивалига келадиган бўлсак, кўп элларнинг санъати билан танишдик, яхши ҳамкор дўстлар орттирдик, мақтансак, фахрлансак арзийдиган фестиваль бўлди. Устозимиз Қодир бахши айтгич эди: “Нўноқ бахши бўлса ҳам берилиб тингланглар, бир яхши нарса ўрганасизлар”. Ҳамма санъатда ҳам янги авлоднинг дунёга келиши боғловчи — кўприк авлоднинг ютуқларига боғлиқ. Агар бахшичилик шунчаки тўй ёки давра санъати бўлиб қолаверганда, ихлосмандлари унчалик кўпаймаган бўларди. Ҳозир бахшиларнинг ҳам, бахшичиликнинг ҳам обрўси баланд. Туманлардаги мусиқа ва санъат мактабларида бахшичилик синфлари бор. Қизиққан болаларга бориб дарс берамиз. Менинг ҳам эртага бемалол катта давраларга чиқа оладиган шогирдларим бор. Самариддин деган шогирдим Тошкентга бахшичик факультетига ўқишга кирди. Абдумурод деган бир шогирдим ундан илҳомланиб, белини беш жойидан бойлаб, ўқишга тайёргарлик кўриб ётибди. Элбек бахши, Одил бахши деган ёш шогирдлар ҳам бор, Худо хоҳласа бир кун келиб элнинг олдига чиқади.

 

Устоз-шогирдлик анъаналари бахшичиликда бошқачароқ. Шогирд маълум муддат устозининг соясига айланиши шарт. Санъатингиздан устоз борасида омади чопган шогирдсиз. Устозларингизнинг сизга кўрсатган ғамхўрлигини шогирдларингизга ошириб кўрсатоляпсизми?

 

Ўрови келди, шогирдлик кезларимни бир майдон эсласам. Болалик давримиз бошқача ўтган. Устозни отадай улуғлайдиган одамларнинг орасида каттарганмиз. Устоз Қодир бахши, устоз Хўшбоқ бахши, устоз Чори бахшилардан сабоқ олганман. Қодир бахшининг уйида ўн йиллаб юрдим. Бундай одамлар ҳар қандай ўсмирни ҳам орқасидан ияртиб юрмайди. Катта устозлар жуда синчи бўлади, битта наъма чалдириб кўриб, баҳони ичида бериб қўяди: бўладиган бола бўлса тўйларга, чақириқларга эргаштириб юради; бўлмайдиган бўлса, “болам, яна пича вақт элнинг ичида юринг, салгина пишинг”, дейди. Биз, шогирдлари ҳеч қачон “палон нарса қандай бўлади, писмадони қандай чалинади” деб устознинг вақтини олмасдик. Тўйларга, чақириқларга олиб борарди. Биз у кишининг ғилофли дўмбирасини кўтариб юрганмиз. Достон айтиладиган кечаларда ёнида ўтириб, қайноқ сув узатиб турганмиз. Сувнинг ҳарорати қанча бўлиши керак, қачон ичилиши керак, каби майда-чуйдаларни ўз сезгимиз билан билиб олардик. У даврларда тонг отгунча достон айтиларди. Устоз ҳар замонда, чарчаган вақтларида андак дам оладиган бўлса, мана, бизнинг боламиз ҳам битта айтиб берсинқани, халойиқ, деб бизга достоннинг осонроқ жойларидан бир навбат бергич эди. Тўйдан кейин устознинг уйига қайтардик: аёли бизга ҳам алоҳида ўрин солиб қўйган бўларди. Уйида худди фарзандидай яшаганмиз. Ё аёлининг, ё ўзининг муомаласида бир қиймаслик деган нарсани пайқамаганмиз. Кейин Хўшбоқ бахшидан ҳам худди шундай тартибда сабоқ олдик. Шотўра бахши, Бойқул бахши деган номдор устозлардан ҳам ўз вақтида кўп нарса ўргандик. Бизга ҳеч қачон устозимиз “бахши ана ундай бўлиши керак, бадиҳагўй мана бундай бўлади” деб тил билан айтмаган. Лекин устознинг соясидай бўлиб эргашиб юриб билдикки, бахши дегани ҳам шоир, ҳам ижрочи, ҳам бастакор бўлиши керак. Бундай олганда бахши актёр, ҳам қизиқчи экан. Достоннинг қизиқ жойларига келганда тингловчиларни шарақлатиб кулдириб кетиши керак, қайғули жойларига келганда одамларни йиғлатиб айтиши керак. Таърифлаётган қаҳрамонининг ичига кириши керак. Биз устозлардан шу нарсаларни ўргандик. Айтаётган пайтимизда, ҳар бир сўзимизга эътибор берарди. Терманинг қофиясини келиштираман деб ҳар қандай гапни қўшиб кетаверма, дегич эди. Шуйтиб-шуйтиб, оз-оздан ўрганиб келдик. “Достонларни беҳурмат қилма, одамларнинг меҳрини, ҳурматини қадрла”, деб ўргатгичиди. Кейин эса ўзимиздан келиб чиқиб сал сайқаллаштирган бўламиз. Яна бир чиройли анъана бор: биз “пишиб етилганимиз”дан сўнг элнинг ўртасига чиқиш учун устоз дуо беради.

 

Мен бир марта Қодир бахши устознинг рухсатисиз Тожикистоннинг бир жойига тўйга бориб эдим. Мендан кейин бир ҳафта ўтиб у кишининг ўзи ҳам шў қишлоққа борганида, одамлар мен ҳақимда яхши гапларни гапириб қолишибди. Шундан кейин устоз уйимизга келди. Отамлар, оғайнилар йиғилди. Қўй сўйилди. Элнинг олдида устоз менга: “Шотўрадай бахши бўлгин, Шодмон-а, Шеърлар айтиб яхши бўлгин, Шодмон-а. Ҳар даврада жўшиб айтгин қўшиқни, Ёмонларга қарши бўлгин Шодмон-а. Эрка деган ўтган экан Алимдай, Эркаланиб уста бўлгин, Шодмон-а. Битта ўзинг жўшиб айтгин ҳар ерда, Кўпайишиб юзта бўлгин, Шодмон-а”, деб дуо берган эди. Энди менга дуо бераётганда шундай деган: Биринчидан, договорни қаттиқ, катта қилмайсан, келиштириб нарх айтасан, элнинг ўзи ҳам беради, деган. Кейин, ноҳақлик қилмайсан. Масалан, бу ёқда бир сувчининг тўйига бораман деб ваъда бериб қўйиб, эртага калхознинг раисими, каттароқ одамнинг тўйига кетиб қолмайсан. Учинчидан, беадаб, ёмон йўлларга юрмайсан. Ёлғон гапни айтмайсан, достонларни беҳурмат этмайсан. Бир хил одамлар, Алпомишнинг шамоллаб турган жойини айтинг, дейди-ку, аҳмоқ одам ҳам кўп-да. Алпомишнинг ундай қилиб турган жойидан айтинг, Гўрўғлининг бундай қилиб турган жойидан айтинг, деса, бахши вайсаб қолса, номаъқул. Ана шу қилиқларни қилмайсан, деб устоз бизга дуо берган.  Маҳоват бўлса ҳам айтайин, Қодир бахши дуо берган якка шогирди менман.

 

Шундан кейин орадан 20 йиллар ўтиб, бир тўйда ўтирган вақтимиз Хўшбоқ бахши ҳам термани тўхтатиб, мени чақириб: “Ке, болам, менам сенга бир дуо берайин”, деб дуо берди. Бу санъатда амал қилиб келинадиган тартиблардан, сиз айтгандай анъаналардан бири шуки, устознинг дуосини олмай туриб, элнинг ўртасига чиқа олмаймиз.

 

Шогирдларимга баҳоли қудрат нимадир бериб, устозларим олдидаги қарзларимни узишга ҳаракат қиляпман. Ҳозир бир нима деёлмайман, ўн-ўн беш йиллардан сўнг меҳнатимнинг самарасини кўраберасизлар худо насиб...

 

Улоқ чопганда талабгор қанча кўп бўлса, чавандоз “ҳайт”ининг завқи шунча юқори бўлади. Шу жараён ичидасиз, бугун энг зўр бахши ким, сиздан кейин?

 

– Ўзи элнинг ўртасига дўмбира кўтариб чиққан одамнинг ичида ўти бўлади. Лекин уларнинг ҳаммасини ҳам Қодир бахши қаричига тўғри келадиган бахши деёлмаймиз. Масалан, Қодир бахшининг фарзандлари Қаҳҳор бахши Раҳимов, Абдумурод Раҳимов, Баҳром Раҳимов, кейин Бахшиқул бахши, Абдуназар бахши Поёнов, ижоди энг гуллаб-яшнаб турган Сафар бахши, Ўрол бахшилар бор. Бахшилар орасида “палончи зўр, пистончи камзўр” деган баҳо йўқ. Бахшининг санъатини эл баҳолайди. Ҳар бир бахшининг ўз мухлислари бор. Шунинг учун элимизнинг минг йиллик ҳикматларини, достонларини юрагида бир ғазнадай олиб юрган ҳамма бахшини мен зўр дейман. Майли, хато қилсин. Ўргансин. Бир кун катта оқимга қайтади. Қайтмаса ҳам Худо хайрини берсин.

 

Ўғлингиз Шерали ҳам воҳада етишиб келаётган умидли бахшилардан. Ўғлингизга нега ўзингиз устозлик қилмагансиз, бошқа бахшига шогирд туширгансиз?

 

– Энди бу бундай. Масалан, Шерали бахши энадан туғилгандан кейин, бешикда ётган вақтларида дўмбира куйини, қўшиқни аллани эшитгандай эшитиб катта бўлган. У менинг ўғлим. Мендан ботиниб сўраёлмайдиган жойлари бўлиши мумкин. Ота-болалик пардаси бўлади-да барибир. Кейин ҳам, Абдуназар Поёновнинг тоға томонлиги ҳам бор. Менинг устозим Қодир бахши айтиши бўйича, қандай бахши қўшиқ айтса эшитиш керак, ҳар бир айтимда бир буюк сўз бор, шунда тинглаётган бахшига ҳам бир буюк сўз келиб қолади. Энди мен ўзимча ўғлим Шерали бахшини Абдуназар бахшининг, Қаҳҳор бахшининг, Абдумурод бахшининг шогирди, менинг шогирдим ҳам деб ҳисоблайман-да.

 

Дунёни бир томондан техника ишғол этиб боряпти, бир томондан кўнгил(алдар)очар машғулотлар кўпайиб кетди. Бу санъат – бахшичилик санъати қачонгача давом этади деб ўйлайсиз?

 

Ҳозирги ёшларнинг босими “ияҳа-аҳа, ияҳа-аҳа” деб, енгил-елпи қилиб айтаяпти. Бундай тоши енгил, тутуруқсиз нарсалар бахшичиликка тўғри келмайди. Бир-икки бахшиларга, бундай қилма, бу қўшиқни бундай айтма, деган вақтимда, замон тезлашаяпти, сиз нимани биласиз, сизникидай эскича қилиб айтамизми, деган. Биз ўзимизнинг қадриятимизни, ота-бобомиздан қолган мерос санъатни бузиб ташлаб бермаслигимиз керак-ку келажак авлодга. Шерободда бахшичилик мактаби жонли тарзда қолган. Шеробод бахшичилик санъатининг ўчоғи деб фахрлансак бўлади. Энди буни биз бузмаслигимиз керак-да. Масалан, водийда лали билан қўшиқ айтади-ку, нимага лалига ионика қўшмайди ёки гитара қўшмайди. Қўшса бўладими шунга? Йўқ! Бахшичиликда жўр қилиб айтасан деганлари ҳам бўляпти. 5 та, 10 та киши бўлиб, жўр қилиб айтасан, деяпти. Лекин бизга у тўғри келмайди. Бахши яккахон ижрочи. Нима бўлган тақдирда ҳам анъанани, қадриятни бузмаслигимиз керак. Ота-бобомиздан қолган мерос, санъатни бус-бутунлигича келажак авлодга беришимиз керак.

 

Ёшлар орасида достонларни тўлиқ биладиганлари ҳам камайиб кетяпти. Устозим Хўшбоқ бахши Тожикистонга бориб ўн бир кун достон айтган. Бир колхознинг раиси қишлоғидаги тўй қиладиганларга навбати билан тўй кунини белгилатиб, устозимни хизматга чақирган. Биринчи кун бировиникида, иккинчи кун бошқасиникида – ўн бир кун достон айтган.

 

Бахшичилик санъати қачонгача давом этади?.. Бу савол мени ҳам кўп ўйлантиради. Одамда кўнгил бор экан, бу санъат давом этаверади. Фақат, биз бу омонатга хиёнат қилмай, аслидай келажакка узатишимиз керак. Қўрқаман, ўтган бахшилар биздан оғринмаяптимикан. Ёшимиз устоз ёшида-да, бунинг ҳам масъулияти бор. Термизда бахшичилик мактаби очилганда Абдуназар бахши билан ҳеч қандай ойлик ё бошқа тамасиз бир йил қатнаб дарс бердик. Агар, университетлар, олийгоҳларга ҳам бориб дарс ўтиш керак бўлса, жонимиз билан дарс ўтиб берамиз. Фақат, бахшичилик санъати бузилмай авлодларга етса бўлди.

 

Бахшининг энг катта бахти ва бахтсизлиги нималар?

 

– Бахшининг бахти... Алимардон Тўраевнинг киносини кўпчилик кўрган. Бошида Алимардон Тўраевни халқ қандай қабул қилгич, қарсак, олқишлар билан даврада кутиб олгич эди. Бир вақти келди-да, хато ишларни қилди, охирида эл саҳнадан ҳайдаб юборди.

 

Худо обрў берсин, бизнинг қўшиғимизни битта бўлса ҳам одамлар эшитса, саҳнадан, даврадан ҳайдамаса, шу бизнинг бахтимиз. Ҳайдаган куни ўлган кунимиз. Бахшиларнинг бир-бирига ғирромлик қилмаслиги, ёлғон айтмаслиги, ваъдасига вафо қилиши, мардлиги бахшичиликнинг олтин қоидаси!

 

Наргиза ОДИНАЕВА

суҳбатлашди 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси