“Зулфиқор Мусоқовдан “Ватан”ни, Аюбдан эса “Афғон”ни тортиб ололмадим” – кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов


Сақлаш
12:03 / 02.03.2022 1316 0

Ҳар бир режиссёр ўзига ўхшаган одамлар ҳақида филм ишлаши рост гап. Агар режиссёр шахси қўрқоқ бўлса қўрқоқлар ҳақида, мард бўлса мардлар ҳақида, силлиқ бўлса силлиқлар, исёнкор бўлса исёнкорлар ҳақида ишланган филмлар озми? Бу гапни Федерико Феллини ҳам тасдиқлайди: “Умрим давомида еттита филм ишладим, лекин ҳаммаси ҳам ўзим ҳақимда эди...”. Шу формулада жон бор, деб ҳисобласак, энди Жаҳонгир Қосимов ҳисобидаги образларни таҳлил қиламиз: ҳукмфармо Асадбек, чапани Болта Мардон, ҳақиқатпарвар Муродхон ака, донишманд Исҳоқхон Ибрат... Жаҳонгир Қосимов... Шубҳасиз, ўзбек киносининг кейинги йигирма йиллик тарихида унинг муносиб ўрни бор. Мақтовлару танқидлар, эътирофлару эътирозлар - барча-барчаси унинг теграсида айланган пайтлар бўлди. Лекин Асадбекнинг шахсияти (“Шайтанат”), Болта Мардоннинг чапанилиги (“Сув ёкалаб” ), Муродхон аканинг кескирлиги (“Дев ва пакана”), Ибрат домланинг заковати туфайли у барчасини енгиб ўтди. Курашди, ғолиб келди, бой берди, қайтариб олди... Лекин мен айни дамда унинг филмларидаги қаҳрамонлар ҳақида эмас, ана шу образларга умрини берган режиссёрнинг мулоҳазалари ҳақида суҳбатлашишни истадим.

 

– Жаҳонгир ака, яқинда адабиётшунос олим, “Ўзбеккино” директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев “Ҳозирги кунда тарихий мавзудаги филмларни тасвирга олишга катта эҳтиёж ҳам, маблағ ҳам етарли, лекин, афсуски, салоҳиятимиз, билимимиз етмаяпти” деди. «Назира», «Ибрат» каби тарихий филмлар тасвирга олган режиссёр сифатида Шуҳрат аканинг бу фикрига муносабатингизни билмоқчиман.

 

– Шуҳрат аканинг етарли асоси бордирки, гапирган, менинг фикримни билмоқчи бўлсангиз, эшитинг: аввало, ижодкорга ишониш керак... Гап фақат мен ҳақимда эмас... Умуман айтяпман, ижодкорга етарли шароит ва ишонч бўлмас экан, минг уринса ҳам филми яхши чиқмайди... Сизга бир воқеани айтай: дебют ишим “Чангак”ни суратга олганимда Мелис Абзаловдек катта режиссёр мени излаб телевидениега келган, “Шу йигитни чақиринглар, у билан гаплашмоқчиман” деб эринмай остонада кутиб турган. Сўнг машинасига солиб, “Ўзбекфилм”га олиб кетган. Ўзимда йўқ хурсанд эдим, чунки илк филмимдан сўнг кимсан Мелис Абзалов мени йўқлаб келиб турган бўлса-ю, дўппингни осмонга отавермайсанми!... Шу ишонч бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди. Бўлмаса ҳалигача “эгизак” кўрсатувларга режиссёрлик қилиб юрган бўлардим...(кулади)

 

Қолаверса, кино ишлаш дегани бу – китоб ёзиш ёки чизишмас...У бошқа санъат... Бизда тарихий филмлар ишлаш бўйича аввалдан тажриба бўлган...”Ватан” , “Қўрғошин”, “Қўқон шамоли” каби тарихий филмлар ишланди, қайсиси яхшироқ, қайсиси бўшроқ чиққандир. Лекин “Ўзбеккино” томонидан берилган маблағга яраша филм ишланяпти барибир.

 

– Озод Шарафиддиновнинг бир гапи бор-ку: “Ишингга яраша маблағ ололмасанг, маблағга яраша иш беришни бошлайсан”...

 

Албатта, берилаётган пулига яраша филм ишланяпти. Буни ҳамма кўриб турипти. Биласизми, Ҳолливуд ижодкорлари тарихий филмлардан пулни аямайди. Ижодни ҳам қилади, фойдани ҳам кўради. Қайси сценарий қанча даромад келтиришини улар олдиндан чамалаб қўйишади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, биз кинони на бизнесга айлантиришни ўргандик, на тузукроқ ижод қилишни...Яқинда режиссёр Орсен Уэллснинг “Манк” филмини кўрдим. Унда ҳам ижодкорлар дарди очиб берилган.

 

Режиссёрнинг эркин ижод қилишига ким ёки нима халақит беради?

 

Биласизми, бизда битта режиссёрнинг ишига ўнта эксперт баковул. Блогер ҳам, адабиётшунос ҳам ақл ўргатиб ётибди. Режиссёр ўжар бўлиши керак демайман, аммо принципиал (тўхтамли) бўлиши керак. Яқинда вафот этган рус режиссёри ва актёри Владимир Меншов бир кинофестивалда ҳайъат раиси эди. Манфаатпарастлар конвертнинг ичига “Хулиганлар” деган саёзроқ филмнинг номини ёзиб саҳнага чиқаётган Меншовга узатади. Ҳамманинг олдида “ғолиб”нинг номини эълон қилиб юборади деб ўйлашган бўлса керак-да. Аммо Меншов ўз билганидан қолмайди, барчанинг кўз ўнгида конвертни очиб ўқийди ва ерга ташлаб юборади. Мана характер, мана шахс... Жўн филмларга унинг исёни шундай эди... Ҳар бир ижодкор шахс бўлиши керак. Олтмиш ёшга кирай, кейин шахсга айланаман, элликка кирсам шахс бўламан дейиш нотўғри. Шахс одамнинг ичида яшайди. Ижодкор ё шахс бўлади, ёки бўлмайди , вассалом... Ҳаммадан хам лидер чиқмаслиги мумкин, мактабда ҳам синфбоши битта бўлган-ку. Лекин одам ўз ичида шахсни тарбиялаши мумкин. Режиссёрга нима халал беради деяпсиз, унга аввало шахсга айланолмаган ичидаги  “режиссёр” халақит беради.

 

 

 – Гап келганда, сўрасам: “Ўзбеккино” дастлабки йилларда турғунлик даврини ҳам бошдан кечирди, филмлар тўхтаб қолди, ўша пайтда баъзи режиссёрлар чет элга кетишди. Сиз­ чи? Нега кетмагансиз?

 

– Қолган бир мен эмас, Шуҳрат Аббосов, Зулфиқор Мусоқов, Равил Ботиров ҳам қолишди. Гап кетиш ё қолишда ҳам эмас аслида. Бу ерда бошқа масала ҳам борлигини унутмаслик керак. Тўғри, Али Ҳамроев, Элёр Эшмухамедов, Юсуф Розиқовни хам тушунаман, улар 40-45 ёшдан ошганди. Умр ўтиб кетяпти . Сувоқчилик қилолмаса, ғишт теролмаса, ижоддан бошқаси қўлидан келмаса, нима қилиши керак? Одамлар фақат қорин ғами билан яшаётган оғир пайтлар эди...

 

Бундай жараёнлар биргина бизнинг бошимиздан ўтган эмас. Масалан, Америкага жуда кўп режиссёрлар четдан келган. Чехиялик режиссёр Милош Форманнинг тақдирини эсланг. Ўз юртида иш топилмади, бунинг устига у “қора рўйхат”га ҳам тушиб қолган эди. Ҳолливудга бориб, омадини синаб кўрди, аввал ёрдамчи режиссёр бўлиб ишлади, ўн икки йил деганда “Какку уяси узра парвоз” филмини суратга олиб, ўзининг кимлигини исботлади. Али акани ҳам, Элёр акани ҳам айбламайман. Кетганлар ютқазди ёки қолганлар ютди, дейишдан ҳам йироқман. Ҳар ким ўз тақдирига ўзи жавоб беради. Лекин кетиб у ёкда ҳам бир нарсани қойиллата олмаса, унда қийин... Юсуф Розиқов дунёга ўзининг кимлигини исботлаб берди. Темур Қобулов, Жаҳонгир Файзиев, Рауф Кубаев ҳам филм ишлаяпти... Милош Форманнинг алами ичида эди, унга кўп ноҳақлик қилишган, лекин юртини сотмади. Тарковский ҳам СССРдан кетиб, ватанини сотмади.

 

– Таниқли режиссёр Ёлқин Тўйчиев бир суҳбатида “Хозир фақат  киночи  кино  олишни  билмаяпти, қолган  ҳамма  кино ишлашни билади” дея киноя қилганди ...

 

– Тўғри гап... ҳозир ҳамма баковул дедим-ку, лекин ижодкор муҳит танламаслиги керак , у қандай шароитда ишлашидан қатъи назар, ижод билан банд бўлиши лозим. Михаил Булгаков қаерда ижод қилганини биласизми? Ертўлада ишлаган, буюк мусаввир Ника Пиросмани-чи? У дўконларнинг рекламасини чизиб кун кўрган. Кейин ҳам қашшоқликдан чиқолмай ўлиб кетди. Шу маънода Ёлқиннинг кинояси ўринли. Техникани сотиб олиш, актёрни ёллаш мумкин, аммо сценаристни ёллаб ҳам, сотиб олиб ҳам бўлмайди . У дид ва савқи табиий билан боғлиқ. Кино эса яхши сценарийларга ҳамиша муҳтож.

 

– Америкалик режиссёр Орсен Уэллснинг мана бу фикрини яхши кўрасиз, шекилли, учрашувларда кўп қўллаганингизни эшитганман:  “Кинода  ё характер  бўлади, ё қурбақа  бўлади. Характери топилса бу кино, аксинча бўлса бу кино эмас...”. Хўш, характер борасида қарашларингиз ўзгардими?

 

Ҳозир ҳам шу фикрдаман. Ёшлигимизда бир мултфилм бўларди : қурбақа ғозларга мени ҳам кўтариб, осмонга учинг деб илтимос қилади. Чўпни тиш­ лайман, кўтариб осмонга учасиз деб ўзича “инновацион” ечим ҳам таклиф қилади. Шунда одамлар осмонга қараб, ана қурбақа ҳам учяпти деса, бундан ҳайратланган бақа “Мен ўйлаб топдим, мен!” деб бақириб юборади ва пастга қулайди . Ўзим ҳам шундай ҳолатга кўп тушганман. “Чангак” филми ҳақидаги фикрларни эшитиш учун атай троллейбусга чиқдим, одамлар у ҳақида ўзаро сўзлашаётганини эшитсам, “Ўша режиссёр менман, ҳаммасини мен қилдим!” дейишдан ҳар сафар зўрға ўзимни тўхтатиб қолардим. Ҳозир кинода мақтанавериб қурбақанинг кўйига тушганлар камми?

 

– Кузатсам, ижодингизда ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг ўрни бўлакча.. Албатта, бу ҳамкорликдан ўзбек кино санъати ютса-ютдики, ютқазмади. Эшитишимизга қараганда, хаттоки “Ибрат” филми сценарийси муаллифларидан кўнглингиз тўлмай, барибир у кишига кўз югуртириб беришини илтимос қилдингиз ... Нега, бошқа сценаристларга ишонмайсизми?

 

– Нега, ишонаман, албатта. Шубҳасиз , Мурод ака катта ёзувчи... Ёзгани бошқа, айтгани бошқача эмас, бутун инсон, бутун ёзувчи.... Биласиз, “Дев ва пакана”, “18-квадрат” филмларини бирга ишлаганмиз. У режиссёрга ёрдам беради.

 

 

Бир куни уйига борсам, жўнроқ бир кинони кўриб ўтирган экан. Мен боргач ҳам кино кўришда давом этаверди. Охири, сабрим чидамади, “Нимасини кўрасиз?”, дедим. “Тўхтанг-чи, бир нарса чиқиб қолармикин?” дейди. Ўзимча тушунтира кетаман: “Э, ҳеч нарса чиқмайди , мана сиз ҳикоя ўқисангиз, бўлмағур экани бошидан маълум-ку, тўғрими, кино ҳам шундай-да, охиригача кўриш шартми?!” десам, “Ҳа, ростданми, кинода хам шундайми?” деди. Мурод ака ҳеч нарсани кўздан қочирмайди. Ёш режиссёрларга айтаманки , Шуҳрат Аббосов , Баҳодир Йўлдошев, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аьзамга ўхшаган шахслар ижодидан кўпроқ ўрганган маъқул, улар шунчаки сўзласа ҳам беҳуда чиқмайди .

 

– Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошевни эслаганингиз яхши бўлди, у нафақат шогирдларига, балки ўзига ҳам ўта талабчан шахс эди. Талабчанлиги қайсарлигида эди балки... “Дев ва пакана” филмида суратга тушишга қандай кўндиргансиз?

 

Аслида бу филмни Баҳодир ака суратга олиши керак эди, негадир рози бўлмади. Сценарийси билан таниш эди. Бўлмаса Муродхон ака ролига бошқа муносиб актёрлар ҳам бўлган. Лекин Баҳодир ака ижро этишини истадим.

 

Баҳодир аканинг қизиқ феъл-атвори бор эди. “Чангак”нинг овозаси ҳамма ёқни босиб кетган пайтлари ғўддайиб ёнига бордим . “Кўрдингизми, бир ҳафта аввал экранларда кетди, фикрингизни айтсангиз” дедим. Ўзимча осмонларда учиб юрибман-да. Баҳодир ака эса “Кўрмадим, ҳамма мақтовни эшитиб бўлгандирсиз, хўш, энди буёғига нима қилмоқчисиз, шундан гапиринг” деса бўладими! “Ахир, Баҳодир ака, мен сиз билан “Чангак” ҳақида гаплашмоқчиман-ку!” десам, “Бу энди тарихга айланди, қолганига нима қилмоқчисиз, шундан гапиринг” дейди.

 

Баҳодир ака ҳақида яна бошқа воқеани айтиб ўтай: “Ибрат” филмини суратга оляпмиз. Пўлат ака Саидқосимов дунёдан ўтиб қолди. Ишлар ярмида тўхтади. Шунда Исҳоқхон ибрат ролига Баҳодир акани таклиф қилдим. “Дийдор” студиясида учрашдик, ҳаммасини келишиб олдик. Кейинги ҳафта тасвирга олишни бошлаймиз деб турганимизда, энди хонасидан чиқиб кетаётсам, “Тўхтанг, Жаҳонгир” деб қолса бўладими? “Нима бўлди?” деб ортимга қарадим, “Пўлат аканинг ўрнига ким ижро қиляпти?” дейди. “Баҳодир ака, бир ҳафтадан бери нимани гаплашяпмиз, Ибрат ролини сиз ўйнайсиз” десам, “ Ҳа, у ролмиди? Қўйинг, мен жуда иримчи одамман. Озгина яшай энди” дейди. Бўлмаса, аввалбошдан шуни гаплашганмиз , билиб турибди. Нимага Баҳодир ака устимдан кулди, ҳалигача тушунолмайман. Балки бу ҳам принципдир, балки ўзига хос мен билмаган бирор нарса бордир...

 

– Жаҳонгир ака, биламизки, ўзингиз ҳам дастлаб спектакллар саҳналаштирмоқчи бўлгансиз, лекин кинода танилдингиз. Нима, кинога муҳаббат устунлик қилдими ё бошқа сабаби борми?

 

– Саҳнада Ҳамлетни замонавий костюмда ҳам ижро этаверишади, лекин кинода бу мумкин эмас... Кинонинг ўз йўли ва услуби бор. Театрда Гальдо­ нини, Мольерни, Шиллерни ҳам қўявериш мумкин. Лекин кинода миллий қаҳрамонлар бўлиши керак. Ҳолливудни Ўзбекистонда суратга олиб бўлмайди. Бу ерда миллий кино ишлаш лозим. Бизга кўп бора айтишарди “Театрдан йиққан-терганингни кинога бориб тўкиб келасан, сўнг яна театрга тўплаш учун қайтасан” деб. Спектакл саҳнада яратилади, кино эса каллада...Сиз ҳаммасини бошда ҳал қилиб, сўнг тасвирга олиш майдонига келишингиз керак. Ахир, ўттиз-қирқта актёрни Сўқоққа чақириб кўйиб, “Э бу ер тўғри келмади, энди кетдик Бухорода ишлаймиз” дея олмайсиз. Француз режиссёри Рене Клернинг бир гапи бор: “Филм аллақачон тайёр бўлган, фақат суратга олиш қолган, холос” дейди...Балки шунинг учун ҳам кино ўзига тортгандир...

 

– Тоғай Мурод айтганидек, “Барча экран асарларининг ортида, ҳатто рекламанинг таг замирида ҳам адабиёт ётиши керак”. Сценарист Тонина Гуэрро ва режиссёр Федерико Феллинининг ижодий муштараклиги туфайли кўплаб дурдона асарлар яратилган. Бизда ҳам Абдулла Қаҳҳор ва Шуҳрат Аббосов, Хайриддин Султонов ва Собир Назармуҳамедов, Эркин Аъзам ва Юсуф Розиқов, Абдуқаюм Йўлдошев ва Ҳотам Файзиев каби номларнинг ижодий ҳамкорлиги туфайли кино асарлари ишланди. Лекин ҳозирги кунда негадир бизда мана шу анъана йўқолиб бораётгандек ... Ёзувчи бир томонда, режиссёр бошқа томонда қолиб кетаётгандек ...

 

– Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин: Элдор Рязанов ва Эмиль Брагинскийнинг “Ишдаги ишқ” филми, Георгий Данелия ва Виктория Токарева ҳамкорлигида “Мимино” каби машҳур филмлар юзага келган. Бу асарларни замон шамоли учириб кетмади . Неча йиллар ўтса ҳам яшаяпти.

 

Хонаси келганда сизга бир латифа айтай: иккита сичқон ертўлада сақланаётган эски киноплёнкаларни кемириб ўтирганмиш. Киноплёнкаларнинг ҳеч мазаси чиқмабди , шунда бири иккинчисига қараб “Эх, барибир сценарий яхши эди-я” дермиш. Рихсивой Муҳаммаджонов айтарди: “Яхши сценарийни ёмон режиссёрга берсангиз ҳам барибир яхши филм чиқади” деб. Шукур Бурҳонов эса “Агар пьеса яхши бўлса, режиссёрнинг ҳам кераги йуқ” деган. Кўряпсизми? Ҳаммаси сценарийга боғлиқ. Бутун дунё яхши сценарийга муҳтож... Кўпинча дийдиёларни  эшитиб қоламиз: ҳа, нима эмиш: “Ўзбекфилм”га сценарий олиб боргандим, ўтказишмади, таниш-билишчилик кучли-да, фақат ўзларининг одамларининг ёзганларини қабул қилишади дейишади. Йуқ, ундай эмас ... Қани ўша яхши сценарий?

 

Сценарий жуда мураккаб масала. Фараз қилинг, Ҳолливудга  бир ойда уч мингта сценарий келади, юзта мутахассис бўлиб олади. Ҳар куни икки бетдан ўкийди. Қизиқса, махсус қутига жойлаб кетаверади, қизиқтирмаган сценарийлар чиқинди қутисига  улоқтирилади.   Сараланганлари яна ўн нафар кучли сценаристнинг кўлидан ўтади. Шулардан ҳам ўтгани бош муҳаррир қўлига боради.  Уям  тасдикласа, кино ишлашга берилади.

 

Ҳеч қачон битта сценарийга икки марта филм олинганини билмайман. Тўғри, кинога айланган китоблар бор, Агата Кристининг “Эркюл Пуаро”, Артур Конан Дойлнинг “Шерлок Холмс” каби китобларига бир неча марта филмлар ишланган. Лекин битта сценарий икки марта суратга олинмайди. Шунинг учун яхши сценарий доимо танқис.

 

Менга армон бўлиб қолган иккита сценарий бор эди. Бири Зулфиқор Мусоқовнинг “Ватан” филми сценарийси, иккинчиси Ёлқин Тўйчиевнинг “Афғон” филми сценарийси ... Иккаласини ҳам муаллифдан сўраганман, бермаган. Зулфиқорга айтдим “Ватан”ни менга бер, сендан ҳам зўр филм ишлайман дедим. Афсуски, у рози бўлмади. Аюб Шаҳобиддинов эса ҳали жуда ёш эди. Шунинг учун “Афғон”ни тортиб олмадим (кулади). Нима ҳам деймиз: яхши сценарийлар келаверсин ...

 

Шоҳсанам ХИДИРОВА суҳбатлашди

 

Маънавий ҳаёт журнали, 2021 йил 3-сон.

“Ижодкорга ишониш керак…” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси