Муножат Йўлчиевани нималар ташвишга солади-ю, нималар хурсанд қилади?


Сақлаш
17:02 / 21.02.2022 917 0

Тадбирларнинг кўплиги ижод жараёнига халақит бермоқда... Фидоий бўлмасангиз, тингловчи юрагига кириб боролмасангиз, халқ эътирофига сазовор бўлолмайсиз. Назаримда, бугун биз қўшиқчиларнинг ижод борасида ҳаракатларимиз сусайгандек. Авваллари санъаткорлар турли байрамларга ҳамда республикамиз ҳудудларига концерт беришга жалб этиларди. Ҳозирда деярли ҳар куни, ҳатто кунига икки-уч ташкилот ва муассасаларнинг тадбирида иштирок этяпмиз. Тўғри, халқ хизматида бўлиш яхши. Масаланинг бошқа жиҳати, бу бизнинг ижод қилишимизга, талабаларга сифатли сабоқ беришимизга халақит беради.

 

Одамлар кун сайин сийқа оҳангларга ўрганиб бораётир... Давр мақом йўналишидаги профессионал ашулаларни талаб этмаяпти. Бугунги тингловчи мумтоз қўшиқлар мазмун-моҳиятини чуқур тушунмайди. Кўплаб санъаткорларимиз замона зайлига йўрғалаб, омма қабул қилиши осон бўлган саккиз қатор шеър, хориж мусиқасига айтиладиган қўшиқлар тайёрлашмоқда. Буни ижод намунаси дейишга ҳам қийналасан. Ёшларнинг бадиий дидига ёмон таъсир ўтказмоқда. Мени ташвишлантираётгани – халқимизнинг енгил-елпи, маъносиз сўзларга тўла қўшиқларга ўрганиб қолаётгани.

 

Ёшларимиз орасида мақом ижрочилари кўпайяпти... Бизнинг пайтда ҳар йили мақом йўналишини уч-тўрт талаба тамомлар эди. Ҳозир эса анъанавий хонандаликка қизиқувчи, шунга ҳаётини бағишлашга тайёр истеъдодлар сони ортмоқда. Ўзбекистон давлат консерваториясида кейинги йилларда анъанавий хонандалик факультетига энг кўп абитуриент ҳужжат топширарди. Аммо тест имтиҳонларидан ўтолмаган абитуриент талабаликка қабул қилинмас эди. Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг ташкил этилиши ўз самарасини берди. Бир йилда ҳам ўзлаштириб бўлмайдиган туркум асарларимизни олти ойда ўрганиб чиқяпмиз.

 

Афсуски, баъзи ёшларимиз ҳеч меҳнат қилмасдан, дарров юлдуз бўлгиси келади... Шогирдларимнинг ҳар бирининг ўзига яраша феъл-атвори, истеъдоди бор. Анъанавий хонандалик йўналишига бир талаба қабул қилинди. Овози бор, лекин мақом куйлашга истеъдоди, овоз йўналтириш қобилияти йўқ эди. Мен унга бошқа соҳада ўқишни маслаҳат бердим. Лекин у мақсадига эришиш йўлида ҳар қандай қийинчиликка дош беришини айтди. Бўш қолишимни кунлаб кутди. Тинимсиз машқлар, мутахассислиги бўйича ўқиган китоблари натижасида мақомни бип-бинойи куйлайдиган хонандага айланди. Шогирдларим орасида изланишдан чарчамаётганлари, шунингдек, дарров юлдуз бўлишга интилиб, ҳеч қандай натижага эришмаётганлари ҳам бор.

 

Саҳна маданиятига риоя этмаслик, қўпол хатоларга йўл қўйилаётгани юзасидан оғриқли нуқталаримиз бор. Аёл хонандаларимизнинг кибр билан куйлаётгани, кийган либослари ва соч турмаклари мос эмаслигининг гувоҳи бўляпмиз. Мақомчи ўзига ниҳоятда талабчан бўлиши, ҳар бир ижро этаётган ашуласи матни замирида қандай мазмун мужассамлигини англаши зарур. Мумтоз шеъриятимиз намуналарининг айрим нашрларида йўл қўйилган хатолар мақом ижросига ҳам кўчиб ўтмоқда. Оқибатда қўшиқ маъноси тубдан ўзгариб кетишини кўпчилик санъаткорларимиз ўйлаб ҳам кўришмайди. Талабаларимизга, шогирдларимизга санъаткор саҳнада ўзини қандай тутиши, қўшиқнинг ҳар бир жумласига, кийган либоси, халқ олдига чиқишигача ўргатиб, танбеҳ берамиз.

 

Мақомчилик санъати унутилаётганидан ташвишда эдим... Бундан юрагим оғрийди. Баъзан тадбирларда, тўй-томошаларда томошабин санъаткордан мақом ашулаларини эмас, енгил-елпи қўшиқлар ижро этишини талаб қилади. Юртбошимиз яқинда қабул қилган қарорга мувофиқ, таълим муассасаларида (танаффус пайтида), аэропорт, темир йўл ва автовокзаллар, савдо-кўнгилочар мажмуалар, маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонлар, меҳмонхоналар ва бошқа ташкилотларнинг локал тармоқлари орқали миллий куйлардан иборат мусиқий альбомлар намойиши йўлга қўйиладиган бўлди. Минг йиллардан ўтиб келаётган ўлмас асарлар халқимиз, ёшларимиз маънавияти юксалишига яна асрлар оша хизмат қилишига умид уйғотди.

 

Шаҳноза ТОЖИДДИНОВА,

oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси